Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариОзодликка чиққан маҳкум яна жиноятга қўл урди

Озодликка чиққан маҳкум яна жиноятга қўл урди

Халқимизда “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган нақл бежизга айтилмаган. Бунинг тушуниш, англаш учун ақлни бироз ишга солиш кифоя. Инсон ҳаётда нимадир топиб, нимадир йўқотиш жараёнларида умрини ўтказар экан, демак хатолардан хулоса чиқариб бориши талаб этилади. Бу аслида умрнинг маъносини белгилайди. Айтингчи, айни хатоларни такрорлайверадиган кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?

Бу саволга жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Бекобод туман судида бўлиб ўтган бир жиноят ишининг қисқача тафсилотларидан жавоб излаб кўра қолайлик. Суд мажлисида ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини айтаётган судланувчининг жинояти биринчиси эмас. Бобур (исм ўзгартирилган) муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамай ўзига тегишли ҳулоса чиқармаган кўринади.

Гап шундаки, у Тошкент шаҳрига бориб устачилик ортидан топганига қаноат қилмади. Кунларнинг бирида Бобур Бекобод шаҳар деҳқон бозори ёнидаги ошхонада тўйгунича ароқ ичади. Маст ҳолда бўлишига қарамай, пойтахтга, устачилик ишларини давом эттиргани жўнайди. Тошкент шаҳрига қатновчи машиналардан бирига ўтиради. Машина  Бекобод тумани, “Бунёдкор” маҳалласи ҳудудига етган вақтида ҳайдовчига йўл ёқасидаги ошхоналардан бирини кўрсатиб, тезда кириб чиқишини айтади. Унинг мақсадини тушунмаган ҳайдовчи йўл четида тўхтайди. Ошхонага кирган Бобур ошпаздан ароқ сўрайди. Ошпаз спиртли ичимлик сотилмаслигини айтганидан кейин у ердан қайтиб чиқаётиб ҳовлининг бир четидаги сўрида ётган қўл телефонини кўриб қолади. Шу лаҳзада унинг нияти бузилиб уни ўғрилаб кетади.

“Битта телефонга шунча ғавғоми”, деган хаёлга боришга шошилманг, қолган гапни эшитинг! Бобур бундан аввал содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилингандан сўнг маълум вақт ўтиб, иш хақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда маълум муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилганди. Бошқача айтганда, панжара ортида ўтириб, қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги учун озодликка чиққанди. Мана у яна жиноятга қўл уриб ўтирибди. Ана энди хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг!

 

Хайруллохон КАМОЛОВ,
жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Бекобод туман суди раиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз