Жоҳил бўлиш учун албатта қурол кўтариб зўравонлик қилиш, қонун уни яратган одамдан пастда туради, дея билганини қилиш шарт эмас. Шунчаки аҳмоқ бўлишнинг ўзи кифоя!
Қайси куни Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқигич талаба билан суҳбатлашиб қолдим. Табиатан асабийман, жаҳлим тил учида туради. Айниқса “хўп”ни “ҳоп” ёзувчи тупойларни кўрганда ичимдаги самурай қонсираб кетади. Ваҳшийларча чавақлаб ташлагим келади ўшанақаларни. Қисқаси суҳбатдошнинг бемалол сўзларни истаганча булғаб ёзиши ғашимга тегиб кесатмоқчи бўлдим: “Ўзбек тилини ўқитиш” йўналишида ўқисанг керак?».
Ажойиб жавоб олдим: “Ҳа!”. Англамагач очиқ гапиришга ўтдим:
– Майлими, тўғри ёзсанг?
– Нимани ўзгартиради шу? Ман расмиятчиликни ёқтирмайман, иншо ёзмаябман-ку. (Унинг сўзларини бехато ёзябман).
– Тўғри ёзиш расмиятчилик деганими?
– Мана сиз тўғри ёзябсиз, нимадир ўзгардими?
– Шунақа савол берадиганлар ҳаммаёқни булғаб юборди!
– Эртага мандан нимага ўзбек тилини бузиб ёздинг деб сўрамайди Худо.
– Савол-жавоб қайси тилда бўлади уёқда?
– Маним-ча араб тилида.
– Демак Худо ва фаришталар араб тилидан бошқа тилни билишмас эканда?
– Намунча, тушунябсиз-ку ёзганимга, Пайғамбаримизам бесавод бўлган.
– Нима? Пайғамбар?
– Ажойиб ҳимоя!
– Нега хотинни кўпайтирмоқчисан?
– Пайғамбаримиз шунақа қилганлар!
– Нега бозорда ишламоқчисан?
– Пайғамбаримиз савдогар бўлганлар!
– Нега тўғри ёзмайсан?
– Пайғамбаримиз бесавод бўлганлар!
– Сиз чуқурлашиб кетябсиз.
– Шу ўзимизни тилда гаплашамиз, ёзамиз, деб чиққан одамларни қатооор отишганини, тириклай кўмишганини, қизларини зўрлаб, эрларини чавақлашганини биласанми?
– Бўлса бўлгандир.
– А?
– Нима бўлса бўлиб ётибди…
Охири қўлимни кўтариб тан бердим. Йўқ, тушунтириб бўлмади. Бу носоғлом авлод неча йиллар давомида атай давлатнинг белгиларига беписандлик, миллий ғурурни ўлдириш учун ишлаб чиқилган СССР принциплари таъсирида улғайганини, натижаси даҳшатли, ҳатто бу бепарволик беватан қолишгада олиб боришини англамайди. Йўқ, ичида бу юрт, унга тегишли нарсаларга ҳурмат, деган тушунча умуман йўқ. Бемалол ташлаб кета олади. Бемалол бостириб келган кимсага қўшқўллаб топшириб юбора олади. Чунки уни шу руҳда тарбиялашяпти: қарсак чалиш, мақташ, ўзини яхши кўрсатиш, ёлғондакам жилмайиб нутқ тинглаш, кўзбўямачилар ичида ҳамма нарсага юзаки, оғиздагина эътибор бериш…
Тағин Худою пайғамбардан ўз хатосини чаплаш учун ҳеч иккиланмай фойдаланишга уриниши “ҳайратланарли!”.
Алишер Навоий университетида ўқиб ўзбек тилини, молияда ўқиб математикани, тиббиётда ўқиб кимёни, масжидга қатнаб Худони бир тийинга олмайдиганлар кўпаяверса, албатта, ҳеч нарса ўзгармайди-да!
Ҳей, аллақандай ноҳақлик, беманигарчиликлар аламини ватан, тил, миллатни миллат ўлароқ тутиб турган рамзлардан олманг! Уларнинг мутлақо айби йўқ!
© Жондор ЖОНТЕМИР