1920-йиллар…
Ўн уч яшар Ашурбиби олдида икки йўл бор эди: иккита катта опасининг ўлимидан сўнг поччасига хотин бўлиш ёки қочиб кетиш. Қирқ беш яшар, бир нечта хотини бор поччасига тегишга мажбур бўлди, 13 яшар қиз бошқа нима ҳам қила оларди. Аммо эрининг калтаклари жонидан ўтиб, қочди. Бир неча бор қочди, ҳар гал тутиб келиб, уйга қамадилар, урдилар, хўрладилар. Ва ниҳоят эрининг большевиклар томонидан қулоқ деб қатл қилиниши уни азоблардан бир муддат қутқарди. Лекин барибир бу унга бахт бермади.
Яна мажбурлаб эрга бердилар, бу сафар селсовет раисига. Бу турмуш биринчисидан баттар бўлди. Эри бир неча бор ўлдириб қўяй деди, унинг ёнини олган акасини ўлдиришга қотиллар ҳам ёллади.
Бу эрини ҳам ҳибсга олиб, сургун қилдилар. Шунда у паранжини ташлади ва ўз ҳаётига ўзи эгалик қилиш учун кураш бошлади.
Ашурбиби Тошматова бу ҳикоясини 1935 йилга келиб партия съездида айтиб берди.
Туркистон аёлларини советлар озод қилганми?
Туркистон аёлларини эркин ва маърифатли қилиш ғояси аввало жадидларга тегишли эди.
Индиана университетининг Марказий Евроосиё факультети ходими, олима Мариан Кампнинг ёзишича, мустамлака даври жадидларининг хотин-қизларни илмга жалб қилиш ва уларни жамиятда ўз ўрнини белгилаш борасидаги ислоҳотлари Совет давридаги аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳаракатларига асос бўлган. Яъни хотин-қизларга билим бериш ва уларни жамиятда фаоллаштириш борасидаги ғоя ва ҳаракатлар Совет тизими ва Коммунистик партия юзага келишидан анча олдин бошланган.

Большевиклар ўзбек аёлларини Совет ҳукуматини қувватлашга йўналтириш мақсадида паранжини ечиш тарғиботини 1927 йилда бошлашди. Аммо жадидлар паранжини йўқ қилишни 1920 йиллардаёқ тарғибот қила бошлашганди. Жадидларнинг фикрича, хотин-қизларни билимли қилиб тарбиялаш бутун Туркистоннинг ривожланишига ҳисса қўшиши тайин эди. Шу аснода қизлар ва аёлларни ўз тилида ёзиш, ўқиш, саводини ошириш тарғиб этилганди.
Қўқонлик Тожиянинг мактуби
Тарихчилар Туркистонда аёлларнинг фаоллиги ҳақида сўз борганида, 1906 йилда қўқонлик Тожия исмли аёлнинг биринчи турк тили аёллар журналига ёзган мактубини кўп тилга олишади. Мактуб Туркистонлик мусулмон аёлларнинг аҳволи ҳақида ўзбек аёллари номидан шикоят эди:
“Ҳурматли Шафиқа ханум, биз камтарона ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз…
Ҳаммага аён бўлса керак, бугунда Россияда эркинлик, ҳуқуқлар, ўсиш ва ислоҳотларга катта аҳамият берилаяпти. Мусулмон аёллари ҳам ўзига хос ҳафталик нашрга эга ва улар ўз фикр-мулоҳазалари, саволлари ва таклифларини ёзиб юборишга қодирлиги маълум. Бунга фақат баракалло деймиз! Аммо, биз Россия марказида фаолият кўрсатаётган мусулмон аёлларига миннатдор ҳолда, бу ерда ўз вазифаларимизни айни даражада бажара олишга имконимиз йўқлигидан афсусдамиз. Бошқалар астойдил ҳаракат қиларкан, биз, Сартия мусулмон аёллари кўп нарсадан бехабар, ҳамон уйқудамиз. Рўзноманинг фақат бир неча сатрларида, биз, Сартия мусулмон аёлларининг Қрим ва Қозон аёлларига нисбатан ўз ҳуқуқларимиз ҳақида билимга эга эмаслигимиз ҳақида ёзилсайди! Агар бизнинг аҳволимиз ҳақида баён қилинса, келажагимиз ислоҳотлар орқали яхшиланиши мумкин ва биз ўз ҳуқуқларимизга эга бўлардик.
Бироқ бу амалга ошадими? Оҳ бу қашшоқлик! Биз ҳаммамиз илм ва таълимга муҳтожмиз!
Биз ҳозир билим олмасак, келажакда ҳам бунинг иложи бўлмайди. Фақат юздан бир мусулмон аёли ёзиш ва ўқишни билишини таъкидлаш лозим. Бу жаҳонда биз каби мусулмон аёлларидек ҳуқуқларидан махрумлар бўлмаса керак…
Биз ўз фарзандларимизни ўзимиз каби илмсиз қилиб тарбиялашни истамаймиз. Биз, фарзанларимиз учун қизлар мактаби очишга уринаётган Нўгай ўқитувчиларига ёрдам қила олмаяпмиз. Бизнинг илм олишга бўлган уринишларимиз бизга йўл очиб бермай, қийинчилик туғдириб, донг қотиб колганимиз тан олиниши зарур. Агар шу йўлда давом этадиган бўлсак, бир кун, биз, мусулмон аёлларининг номи тарих саҳифаларида нафрат билан тилга олиниши тайин. Бизга ўз ҳолимизни ўзгартиришга, ислоҳотларни амалга оширишга, (улардан) ўрнак олишга изн беринг! Фарзандларимиз, ўғил ва қизларимизни Нўгай мактабига юборишга йўл беринг!”
Тожиянинг муҳаррирга йўллаган мактуби Туркистон аёлларининг инқилобдан олдинги, ҳали большевиклар келишидан анча йиллар аввал маърифат ва эркка интилишларининг ифодаси эди.
Паранжи ва жадидлар
Жадидларнинг аёллар ҳаётини такомиллаштириш ва янги, замонавий таълимни тарғиб қилиш ҳаракатлари баъзилар томонидан шикоятларга сабаб бўлганди. “Туркистон вилоятининг газети”да жадидларни айблаб, аёлларнинг шарият томонидан талаб қилинган паранжи ва чачвонларини ечиб ташлашига ва уларнинг савод чиқариш асносидан ношаръийлашувига сабаб бўлаётганлари ҳақида ёзилади. Хотин-қизларни таълимга чорлаш ҳаракатлари қадимчилар томонидан ғазаб билан қабул қилинди, катта норозиликларни юзага келтирди ва таъқиб этилди.
1907 йилда яна бир туркистонлик муслима аёл Ножия Дума мусулмон аъзоларига мактуб ёзади. У ўз мактубида мусулмон аёлларининг эркаклар томонидан тўрт девор орасида қамалиб қолгани ва шарият аёлларга тижорат билан шуғулланиш ва Ҳажга саёҳат қилиш каби ҳуқуқларни беришини, Истанбул ва Миср аёллари бу ҳуқуқлардан фойдаланаётганликлари ҳақида шикоят қилади. Думанинг мусулмон аъзоларидан туркистонлик аёлларга бу ҳуқуқларни таъминлашларини талаб қилган ҳолда ўз фикрларини очиқ ҳолда баён этади.
Жадидлар томонидан тарғиб қилинган аёллар маърифати ва ҳуррияти ғоялари кейинчалик советларга қўл келди.
“Ҳужум” ҳаракати
Жадидлардан фарқли равишда шўролар “эркин-озод Шарқ аёли” концепциясидан ўз мақсадларида фойдаланишди. Ўрта Осиёни советлаштириш мувафақиятли кечиши учун бу ғоялар халқнинг кундалик ҳаётига кириб бориши керак деб ҳисоблашди ва бунда аёллардан фойдаланиш ҳаракатига тушишди.
1927 йил баҳорида Тошкентда партия кенгаши жуда тезлик билан Туркистон аёлларининг паранжисини ечиш мақсадида ўз олдига 6 ойлик муддат қўйди. Яъни октябрь револциясининг 10 йиллиги шарафига Туркистон аёлларини паранжидан қутқариш ҳаракати бошланди, унга “Ҳужум” деб ном берилди.
“Ҳужум” ҳаракати моҳиятан эски, моғор босган иллатларга қарши ҳужум ва уларни бартараф этини назарда тутган бўлса ҳам, Туркистон ва Озарбажонда у аввало аёлларнинг паранжи ташлаши ва озод бўлиб, савод чиқаришини мақсад қилган.
1927 йил 8 март – Хотин-қизлар социалистик байрами куни катта миқёсдаги паранжи ташлаш акциялари ташкил этилди. Бунга аввало партия аъзоларининг аёллари бошчилик қилишди.
Кампания жуда мураккаб, баҳсли, зиддиятли бўлса ҳам, ғоянинг прогрессив таркиби мавжуд эди. Шу сабабли орадан олти ой ўтгач, у кўпларнинг аёлларга нисбатан анъанавий қарашларини ўзгартириб юборди.
Биринчи паранжи ташлаганлар кимлар эди?
Аввало партия аъзоларининг аёллари бу ишни қилишди. Улар жамиятга намуна бўлиши керак эди. Улар ёнига мақоламиз бошида ҳикояси келтирилган Ашурбиби ва унга ўхшаш қийин вазиятда қолган, қашшоқ аёллар қўшилишди: улар кун кўриш учун ўзлари фаол бўлишлари ва илм олишлари лозимлигини англаб етишди. Ундан кейин мавжуд ҳолат ўз иқтидорини юзага чиқаришга имкон бермайдиган истеъдодли қиз-жувонлар сафга қўшилишди. Кейинчалик улар орасидан катта олималар, маҳоратли актрисалар, раққосалар, қўшиқчилар етишиб чиқди.
Аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ошиши ортидан кундалик турмуши яхшиланаётгани жамиятга катта мужда берди. Паранжи ташлаш иштиёқида бўлган аёллар сони тобора орта борди.
Лекин уларга ижтимоий босим кучли бўлди. Аввало оилада оталари, эрлари, акалари томонидан, кўчада эса бегона эркаклар уларни “фоҳиша” дейишарди. 8 март “фоҳишалар байрами” деган атама ҳам шундан пайдо бўлган – шунчаки паранжи ташлаган аёл фоҳиша дейилган.
Лекин бу аёлларни тўхтата олмади. Аксинча, аёллар янада кўпроқ совет ҳукуматидан ёрдам сўрай бошлади. Бу эса шўроларга жуда қўл келди.
Аёл аёлга дўстми?
Марказий Осиё аёлларининг паранжидан қутулиш тарихини ўрганган америкалик олим Дуглас Нортроп ўзининг машҳур “Паранжидаги империя: Сталин Марказий Осиёсида гендер ва ҳокимият” номли китобида ёзишича, паранжи ташлаган аёллар нафақат эркаклар, балки ўз жинсдошлари томонидан ҳам босимга учраганлар.
Панажини сақлаб қолишни истаган аёллар қаторида Ўғилбиби Ражабовани тилга оладилар. У бошлиқ аёллар Андижонда 1929 йил 8 март куни чодралари мажбурлаб ечтирилганини айтиб маҳаллий селсовет олдига борадилар ва паранжиларини қайтариб беришни талаб қиладилар. Ўғилбиби ҳатто у ердаги полиция офицери бўйнига пичоқ тирайди. Аммо офицер аёл кишига қўл кўтаришни истамай, идорага кириб кетади.
Аёллар шундан кейин кўчада юриш қиладилар ва йўлларида учраган боши очиқ бошқа аёлларга таҳдид қилиб, уларни уриб, қува бошлайдилар.
Туркистонда аёлларнинг паранжи ташлаш истагини билдирувчи митинглар билан бир қаторда унга қарши митинглар ҳам ўтказилар, намойишчилар орасида паранжили аёллар ҳам бўлар эди. Аммо ушбу паранжи ичида эркалар ҳам борлиги маълум бўлгач, “паранжипарастлар томони аёллар истагини изҳор қилмоқда” деган позиция мағлубиятга учрай бошлади.
Большевиклар олти ой ичида Туркистон аёлларини паранжидан қутқара олмадилар. Бу ҳаракатга халқнинг муносабати жуда баҳсли ва мураккаб бўлди. Шу сабабли Туркистон аёлларини паранжидан халос қилиш учун олти ой эмас, 30 йиллар кетди.
Мазкур видеолавҳа “Ўзархив” агентлигидан олинган.
Қарама-қаршиликлар ва зиддиятларга қарамай, Туркистон аёлларининг озодлиги ва маърифатга талпиниши ўз ижобий натижаларини берди. Ўлдирилган бир нечта актриса ўрнига ўнлаб маҳоратли актрисалар етишиб чиқди.

Ўзбек аёллари замонавий касбларни тобора катта иштиёқ билан эгаллаб бордилар. Бу, ўз навбатида, жамият тараққиёти ва ривожланишига олиб келди.









Дилмира Матякубова ва Дуглас Нортроп тадқиқотлари асосида тайёрланди
Суратлар “Ўзархив” агентлиги ҳамда uzanalytics.comдан олинди.