Тошкентда «Ўзбекистон аёллари таълим соҳасида» мавзусидаги кўргазма очилди.
Тошкент Фотосуратлар уйида Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ва масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда анъанавий II республика фотокўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.
Анъанавий кўргазма 2-марта ўтказилмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни – 8 март байрами арафасида ташкил этилган кўргазмада таълимдаги фидойи аёлларнинг 200 дан ортиқ фотосуратлари тарихий даврларга бўлинган ҳолда намойиш этилмоқда.
Кўргазмада биринчи дирежёр аёл, биринчи ўқитувчи, депутатликка номзод, олима ва қаҳрамон аёллар суратлари бор.
Суратда ўзбек олимаси, физика-математика фанлари номзоди Маъсуда Султонова, 1950 йил.
Тошкент остраномик обсерваториясида. Суратда профессор Шеглов аспирант аёлга дарс ўтмоқда, 1948 йил.
Шунингдек, ўтмишда аёлларга таълим бериш тарихи, аёлларнинг ижтимоийлашуви, мустақиллик йилларида аёллар мавзулари ҳам ёритилган.
Саводсизликни тугатиш курси дарсида. Самарқанд, 1937 йил.
Саводсизликни тугатиш курсида таҳсил олаётган қизлар. Тошкент шаҳри, 1938 йил.
Тадбир очилишида масъуллар томонидан фотокўргазмада илк намойиш этилаётган 40 дан зиёд фотосуратларнинг асл ҳолати, воқеликнинг жой манзили, архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартиби, аннотацияларининг тайёрланиши ҳақида тушунтиришлар берилди.
Очилиш маросимига келган томошабинлар ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар, қишлоқ аёлининг кундалик турмушини кўрсатувчи фотокўргазмалар ташкил этиш ҳақида таклиф билдирдилар.
Маълумот учун: бугунги кунда «Ўзархив» агентлиги тизимидаги архивларда 16 миллиондан зиёд сақлов бирлигидаги ҳужжатлар мавжуд. Уларнинг 400 мингтасини кинофотофоно ҳужжатлари ташкил этади.
Фотокўргазма 2023 йил 11 мартга қадар Тошкент Фотосуратлар уйида давом этади.