Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, ўн олти ёшга тўлмаганга нисбатан уяциз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жиноятлари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.
Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси бўйича депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан:
Педофилларни кимёвий ва жинсий бичиш амалиётини қонунчилигимизга киритиш таклифи билдирилди
Депутат Бобур Бекмуродов — “Ҳали ҳам қонунчиликда педофилияга белгиланаётган жазолар етарли эмас. Масалан, 20 ёшли эркак педофилияга оид жиноятни содир этадиган бўлса, ва 15 йил қамоқ жазонасини оладиган бўлса, у 35 ёшида яна жамиятга қайта кириб келади.
Бунга барҳам бериш учун жаҳон тажрибасида комплекс чоралар кўрилади – кимёвий ва жинсий бичиш амалиёти ёки мактаблар, таълим муассасаларининг атрофида 10 км радиусда истиқомат қилмаслик масаласи, ёки педофилларнинг очий рўйхатларини эълон қилиш. Ўйлаймизки, мана шуларни қонунчиликка киритиш керак. Ички ишлар вазирлиги педофилларнинг очиқ рўйхатини доимий эълон қилиб бориши керак.
Мазкур қонун лойиҳасига мана шу амалиётларни киритиш керак”, – деб таъкидлади.
Педофиллар яшаш манзили ҳақидаги маълумотлар билан аҳоли мунтазам таништирилиши керак
Депутат Зуҳра Шадиева — чет элда педофиллик жинояти учун қамалиб чиққан шахс томонидан зўрланган қиз учун қасос сифатида Megan’s law қонуни қабул қилинган (1994 йил). Жиноятчи қизнинг қўшниси бўлган.
Ушбу қонунга кўра, маҳаллий аҳолини педофиллардан огоҳлантириб туриш мақсадида полиция томонидан реестр асосида фейсбук ёки бошқа тарқатма материаллар орқали ҳудудида яшаётган педофиллар ҳақида маълумотлар тарқатиб турилган. Шу каби нормаларнинг қонунчиликка киритилиши, албатта, яхши деб ҳисоблайман.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.