Бош саҳифаМуҳимПенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ўртача иш ҳақи...

Пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ўртача иш ҳақи миқдори оширилди

Ўзбекистон Республикасида пенсия ва нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш, пенсия ҳисоблашда адолат мезонларини мустаҳкамлаш юзасидан босқичма-босқич чоралар кўриб борилмоқда.

Жумладан, 2022 йил 1 майдан энг кам пенсия ва нафақа миқдорлари минимал истеъмол харажатлари миқдори (500 минг сўм)га етказилди, ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробарга оширилди. Бундан ташқари, ногиронлик пенсия ва нафақаларининг энг кам миқдорлари 698 минг сўмга етказилди.

Маълумки, пенсия миқдори фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақига боғлиқ. Юқори миқдордаги иш ҳақидан солиқ тўлаган фуқароларга, Пенсия жамғармасига қўшган ҳиссасига муносиб пенсияларни ҳисоблаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-60-сон Фармонига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробарига оширилиши белгиланган.

Бунда, пенсия тайинлашда ҳисобга олинган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн. 240 минг сўмдан юқори бўлган пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилади.

Мисол учун:

30 йил иш стаж ва 3 900 000 сўм ўртача ойлик иш ҳақи олган эркак кишига 2022 йилда 1 944 000 сўм ёшга доир пенсия тайинланган.

Пенсия ҳисоби: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 10 баравари (3 240 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 240 000 сўм инобатга олинган;

Пенсиянинг таянч миқдори  –  1 782 000 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи – 3 240 000 сўмнинг 55 фоизи);

Ортиқча иш стажи учун устама – 162 000 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида – 3 240 000 сўм * 5 %).

Жами пенсия миқдори 1 782 000 + 162 000 = 1 944 000 сўм

Ушбу фуқаронинг пенсияси 2023 йил 1 январдан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 2 332 800 сўмни ташкил этади.

Пенсия ҳисоби: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 12 баравари (3 888 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 888 000 сўм инобатга олинади;

Пенсиянинг таянч миқдори  –  2 138 400 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи – 3 888 000 сўмнинг 55 фоизи);

Ортиқча иш стажи учун устама – 194 400 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида – 3 888 000 сўм * 5 %).

Жами пенсия миқдори 2 138 400 + 194 400 = 2 332 800 сўм.

Яъни, фуқаронинг 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсия миқдори амалдагига нисбатан 388 800 сўмга ошади.

Юқоридаги Фармонга мувофиқ, бугунги кунда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн. 240 минг сўмдан юқори бўлган барча пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, пенсияси ошадиган фуқароларга жорий йилнинг декабрь ойида СМС хабар юборилди.

Эслатиб ўтамиз, пенсияларнинг миқдори автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоб қилиниб, бунда пенсионерларни Пенсия жамғармасига мурожаат этиш зарурияти йўқ.

Ҳурматли фуқаро!

Сизга тайинланган пенсия миқдори ошганлиги тўғрисида маълумот олмоқчи бўлсангиз, мазкур телеграм бот орқали текшириб кўришингиз мумкин:

Телеграм бот манзили: https://t.me/pensiyauzbot

Шунингдек, ўзингизни қизиқтирган саволлар бўйича Пенсия жамғармасининг Ишонч телефони – 11-40 га мурожаат қилишингиз мумкин.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз