Бош саҳифаМуҳимПластик картадаги пулларни қандай ўғирлашади?

Пластик картадаги пулларни қандай ўғирлашади?

“Сизга пул керакми? Агар оилада бола бўлса, ҳар бир бола учун 650 минг сўмдан олинг”, “Кредит керакми? Ноль фоизда истаганингизча мана бу ердан кредит олинг”, “Ўтган йиғилишда Президент томонидан қабул қилинган қонунга кўра 16 ёшгача бўлган ҳар бир болага 650 минг сўмдан нафақа берилади. Менга иккита фарзандим учун 1 миллион 300 минг сўм пластик картамга туширишди”.

Ғойибдан келадиган мўмайгина пул ҳақидаги таклиф жуда ёқимли туюлади, тўғрими? Аммо текин пишлоқ ҳамиша қопқонда бўлади. Ҳар куни ижтимоий тармоқлар, телеграм мессенжерларда кўзимиз тушаётган бу каби хабарлар қанчалик жозибали кўринмасин, фейкдир. Фейк хабарларнинг асосий хатари ахборотнинг ишончлилигига путур етказиши бўлса, молиявий масалалар билан боғлиқ юқоридаги фейклар бевосита чўнтакка ҳам зарар етказади.

Аслини олганда осмондан тилла тўлдирилган халтача тушмайди ҳеч қачон олдингизга. Ҳеч бир асоссиз сизга пул таклиф қилишяптими, демак, бу ерда ғирромлик ё фириб бор. Шу оддий ҳақиқатни англаб турамизу, аммо ёлғоннинг ялтироғи тортади баъзан. Одамлар орасида эса ҳақиқатан ҳам шу алдовларга учиб, анчагина маблағини йўқотганлар кўп экан. Hudud24.uz сайтига Навоийдан мурожаат қилган Малика Остонованинг пластик картасидан 6 миллион 600 минг сўмни “шилиб” олишади. Маликанинг айтишича, Khatarina Deutsche деган аёл ва қандайдир AXA BANK ходимлари уни онлайн тунаган. “2 нафар вояга етмаган фарзандим бор, ижарада яшаймиз, турмуш ўртоғим мардикор, эҳтиёжларимиз учун зўрға йиққан пулимиз эди, пулимизни қайтариб олишга бизга ёрдам беринглар”, деб куюниб ёзяпти аёл.

Хабарнинг ёлғонлигини қандай аниқлаймиз?

Асоснинг йўқлиги. Ёдингизда бўлсин, давлат томонидан бериладиган ижтимоий таъминот, фоизсиз ёки паст фоизли кредит каби маълумотлар, албатта, ҳуқуқий асоси бўлгандагина ҳақиқий бўлади. Яъни бу ҳақда Президент фармони, Ҳукумат қарори ёки бошқа муҳим ҳужжат имзоланган бўлиши ва шу ҳужжатга ҳавола берилган бўлиши керак.

Манбанинг расмийлигини текширинг. Сизга чалғитувчи расмий манбалар ҳаволасини беришлари мумкин. Масалан, шундай хабарлардан бирининг ҳаволасига кириб текшириб кўрганимизда Президент расмий сайти ҳаволасига ўхшаш ҳавола (https://president.uz/uz/lists/view/site/contact) берилганини гувоҳи бўлдик. Сохта сайт Президент расмий сайти дизайнининг айни кўчирмаси.

Фақат ўртада фейк хабар жойлаштирилган, “нафақа тўланиши” керак бўлган бола маълумотлари учун жой ажратилган. Платформада мавжуд барча бўлимлар, ҳаволалар ҳам кўчирилган. Яъни, ўртадаги ёлғон маълумотни ҳисобга олмаган одам айнан Президент расмий сайтига кирдим деган хаёлга боради. Чунки бўлимлар, улардаги ҳаволаларга кириб кўрсангиз, ростдан ҳам  Президент ташрифлари, таржимаи ҳоли, имзолаган ҳужжатлари ва бошқа янгиликлар ҳақидаги мақолалар билан танишасиз, ростакам сайтнинг ўзига кирасиз яъни. Қарангки, онлайн фирибгарлар ўзлари учун худди аслига ўхшаш сайт яратиб олишлари мумкин экан, аммо унутманг, улар доменни айнан ярата олишмайди. Шундай чалғитувчи вазиятга тушганда сайт доменига этибор беринг (платформанинг чап тарафида, тепа қисмда турадиган асосий ҳаволага). Масалан, https://president.uz/uz/lists/view/ ҳаволаси айнан кўчирилиши мумкин, аммо охирида тааллуқли бўлмаган, шубҳалироқ нимадир сўз қўшилган бўлади барибир. Мана бу каби: https://president.uz/uz/lists/view/site/contact.

Умуман, бундан ташқари сохта платформадаги кўплаб икир-чикирларга эътиборли бўлиш керак. Сайт рус тилида, маълумот эса лотин алифбосида русча, ўзбекча аралаш, ғализ жумлалар, имловий хатолар билан бериляпти. Табиийки, расмий манбалар бундай аҳволда бўлмайди.

Шахсий маълумотлар ва пластик карта рақами сўрашдими, демак улар фирибгар!

Давлат томонидан ижтимоий таъминот берилаётганда шахсий маълумотлар ва пластик карта рақами индивидуал сўраб чиқилмайди. Биласиз, булар билан шуғулланадиган яхлит тизим, структуралар бор. Маҳаллий органлар босқичидан бошлаб нафақа олиши керак бўлган шахслар рўйхати шакллантирилади. Доимий нафақалардан ташқари бир марталик ижтимоий ёрдамлар нақд пул кўринишида ёки аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида пластик карталарга тушириб берилади. Хуллас, дуч келган одамга пластик картангиз рақамини беринг, сизга пул тушириб берамиз, дейилмайди ҳеч вақт расмий органлар томонидан.

Пул таклиф қилинаётган ушбу ёлғон хабарларда шахсий маълумот ва дарҳол пластик карта рақами сўраляпти. Карта рақамини киритгудек бўлсангиз, ҳисобингиздаги мавжуд пуллар ечиб олинади. Ёдингизда бўлсин, ҳеч кимга пластик картангиз рақамини берманг!

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ҳам номаълум манзилдан келган ҳаволага кирмаслик, ташкилотнинг расмий манзилига мурожаат қилиш кераклиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирди.  V.CYBER102.UZ платформасидан рўйхатдан ўтиб, бу борада муҳим маълумотлар билан танишиб бориш мумкин.

Пластик карталардан пуллар йўқолаётгани ҳақидаги аудиохабарлар ростми?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг банк карталаридан ўз-ўзидан пул ечилиб қолаётгани, бир кунда  икки юзлаб одамлар бу бўйича шикоят қилаётгани, ҳакерлар хужуми сабаб картадаги пуллар бошқа карталарга “перевод” бўлиб қолаётгани ҳақидаги аудиохабарлар ҳам тарқалиб кетди. Эслатиб ўтамиз, бу каби хабарларга чалғиш керак эмас. Сабаби, банк картасининг эгасига, унинг рўйхатдан ўтган телефон рақамига СМС орқали юборилган бир марталик тасдиқловчи кодни киритмасдан туриб, мобил иловадан рўйхатдан ўтиш ёки картани мобил иловага бириктириш мумкин эмас. Банк карталаридан пул ечиб олиш ҳолатлари банк картасидан фойдаланишда айрим фуқароларни фирибгарларнинг алдовига ишониб, ўзига тегишли бўлган шахсий ёки карта маълумотларини ошкор этишлари натижасидагина кузатилмоқда.

Бу бўйича Марказий банк ҳам расмий баёнот берди. Ҳамда барча пластик карта фойдаланувчиларини онлайн фирибгарларга алданиб қолмаслик учун қуйидаги хавфсизлик қоидалари билан таништирди:

  • Банк пластик картасини олгандан сўнг фақат ўзингизнинг телефон рақамингизга СМС хабарнома хизматини уланг;
  • СМС хабарнома орқали келган бир марталик тасдиқлаш кодини ҳеч кимга ошкор этманг. Унутманг, банк ёки тўлов ташкилотининг ходимлари ҳеч қачон сиздан юборилган тасдиқлаш кодларини, картангизнинг тўлиқ рақами ва амал қилиш муддатини сўрамайди.
  • СМС орқали келган хабарни диққат билан ўқинг. Унда картангиз билан боғлиқ амалиёт тўғрисида маълумот ва тасдиқлаш учун код келтирилади. Ушбу кодни ҳар қандай ҳолатда бировга ошкор этманг.
  • Банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаларидан фойдаланганингизда мураккаб паролларни қўлланг.
  • Мобил иловада рўйхатдан ўтказилган аккаунтингизга кириш учун фақат ўзингизнинг қурилмангиздан фойдаланинг.
  • Интернет орқали товар ёки хизматларни харид қилиш учун фақат расмий, ишончли сайтлардан фойдаланинг. Агар сизга тўловни амалга ошириш ёки картангизга пул ўтказиш мақсадида ҳавола тақдим этилган бўлса, уни қайта текшириб кўринг. Таклиф этилаётган веб-саҳифанинг расмий эканлигини текширинг.
  • Ижтимоий тармоқлар ва турли мессенжерлар орқали сизга жўнатилган шубҳали ҳаволаларни очманг.
  • Сизга пул ўтказиш учун картангизнинг рақамлари ва амал қилиш муддатини ёки текшириш мақсадида код юборилганлигини маълум қилиб, уни айтишингизни сўраганларида ҳеч қандай маълумот берманг.

Фирибгарларга қандай жазо бор?

Фирибгарлик учун Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра жавобгарлик белгиланади. Унда фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу моддада агар фирибгарлик компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши ҳақидаги банд ҳам бор.

Жабрланувчилар пулларини қайтариб ололадими?

6 миллион сўмдан ортиқ маблағини айнан пластик карта рақамини бериш орқали фирибгарларга қўш-қўллаб топширган Малика учун энди биттаю-битта йўл бор: ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилади. Агар фирибгар топилгудек бўлса юқорида айтилганидек, Жиноят кодексига кўра жазоланади. Аммо онлайн фирибгарларни, кибержиноятчиларни тезда топиб, уларни қамоққа олиб, етказилган зарарни дарҳол ундириш амалиёти бутун дунёда ҳам ривожланган эмас. Қолаверса, профил эгаси номидан ажнабий кўриняпти, у қайси мамлакатдан туриб онлайн ўйинларни ўйнаяпти, балки ажнабий ҳам эмасдир. Хуллас, онлайн дунёда жиноятчиларни қўлга олиш, жабрланувчиларга эса етказилган зарарни ундириб бериш тезда битадиган иш эмас.

Энг яхшиси огоҳлик, хушёрлик! Онлайн фирибгарлар ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлишингиз ва уларнинг тузоғига тушмаслигингиз учун Марказий банкнинг “Молиявий билим” лойиҳаси доирасида тайёрланган қуйидаги маълумотлар ҳам сиз учун фойдали бўлади деб ўйлаймиз:

Катта мерос

Энг оммалашган фирибгарлик усулларидан бири — бу мерос ҳақидаги ваъда. Электрон почта ёки мессенжерлар орқали сизга қайсидир хорижлик узоқ қариндошингиз ёки фамилиянгиз ўхшаш инсон тасодиф туфайли сизга катта мерос қолдиргани ҳақида хабар келади. Ушбу меросни қўлга киритишдаги дастлабки харажатлар сизнинг бўйнингизда бўлади. Ушбу маблағни тўлаб бўлганингизда эса алданганингизни биласиз.

Совринли ютуқ

Бир қанча сайтларга кирганингизда сизга совринли ёрлиқлар таклиф этилади. Уларда қатнашиш орқали сиз қимматбаҳо техника воситаларини ютиб олганингиз ҳақида хабар келади. Ушбу ютуқларни ўз юртингизга етказиб берилиши учун эса сиздан маблағ ёки турли саволлар орқали шахсий ҳисоб рақамингиз ҳақида маълумот киритишингиз талаб этилади. Шу орқали ҳисобингиздаги маблағ фирибгарлар томонидан ечиб олинади.

Telegram гуруҳлари

Охирги вақтларда авж олаётган фирибгарлик турларидан яна бири  — телеграм гуруҳларга одам қўшиш орқали қанчадир маблағ билан тақдирланишдир. Бу орқали фирибгарлар ўз гуруҳ ёки каналларида сунъий равишда фойдаланувчиларни кўпайтиришга ёки телефон номер ва пластик карта маълумотларини билиб олиб, ҳисобдан пул ечиб олишга уринади. Шу туфайли турли акция ва танловларга ишониб шахсий ҳисоб маълумотларини бегоналарга ошкор этмаслик тавсия этилади, акс ҳолда фирибгарлик қурбонига айланиб қолиш мумкин.

Мадҳия АВАЗОВА,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз