Илёс Камолов (исм шарифлар шартли) фуқаро А.Эралиевани ишга жойлаштириб қўйишга ваъда беради. У аёлни дастлаб Тошкент шаҳар онкология шифохонасига, кейинчалик эса Тошкент шаҳар наркология диспансери ёки Чилонзор туманидаги 34-сонли оилавий поликлиникага ҳамшира лавозимига жойлаштиришини айтади ва эвазига 500 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Унинг мақсади ушбу тиббий масканлар раҳбарларига пора бериш орқали ишини битириш эди.
И. Камолов аввал аёлдан 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади, сўнг уни Чилонзор туманидаги 34-сонли оилавий поликлиникага ҳамшира лавозимига ишга кириши учун зарур бўлган тиббий малакаси оширилганлиги ҳақидаги тегишли ҳужжатларини поликлиника мансабдор шахсларини моддий манфаатдор қилиш орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, қолган 300 АҚШ долларини ҳам талаб қилади. 150 АҚШ долларини олган вақтида эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга тушади.
Суд мажлиси давомида Илёс Камолов содир этган жиноятига иқрор ва пушаймонлигини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси 2-қисмига кўра, қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти” тўғрисидаги 35-сонли қарорининг 7-бандида, мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилиши;
Қарорнинг 18-бандида, агар шахснинг қасди ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга йўналтирилган бўлиб, у айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмиш ҳақиқатда талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъий назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида квалификация қилиниши кераклиги тушунтирилган.
Жиноят ишида аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи И.Камоловнинг қасди А.Эралиеванинг жами 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини уни пора беришга далолатчилик қилиб, фирибгарлик йўли билан эгаллашга қаратилган бўлиб, ушбу пулнинг 200 АҚШ долларини олиб, қолган 300 АҚШ долларидан 150 АҚШ долларини олган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланиб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий режасини охирига етказа олмаган, яъни А.Эралиевадан фирибгарлик йўли билан олмоқчи бўлган жами 500 АҚШ долларидан фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлмаган.
Шунингдек, иш ҳужжатлари ва суд муҳокамасида аниқланишича, И.Камоловнинг жиноий ҳаракатлари ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи жиноят бўлиб, мазкур ҳолат суд тергови давомида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ҳам ўз исботини топган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 32-моддаси 3-қисмида, умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир нечта жиноий қилмишлардан иборат бўлган (давомли) жиноят такроран содир этилган деб топилмаслиги кўрсатилган.
Суд, юқорида қайд этилган Қонун ва Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, И.Камоловнинг содир этган ҳаракатлари умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилган деб топди ва Жиноят кодексига кўра белгиланган жазони тайинлади.
Бахриддин Икрамов,
жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьяси