Бош саҳифаLife StyleПора (драма)

Пора (драма)

Қатнашувчилар:

  1. Ҳикмат ота—70-75 ёш
  2. Собит — 45-50 ёш
  3. Нози— 40-45 ёш
  4. Шунқор—22-23 ёш

5.Турғун—40-45 ёш

  1. Бўрон — 50-55 ёш
  2. Замон — 30-35 ёш
  3. Раъно — 25-30 ёш
  4. Йўлчи — 40-45 ёш
  5. Ойгул — 20-25 ёш
  6. Нусрат — 40-45 ёш
  7. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари — 3 ёки 2 нафар
  8. Икки нафар безори.

 

Биринчи саҳна

Собитнинг данғиллама, кенг-мўл ҳовлиси. Кўшкайвон. Усти ёпиқ супа. Гулзор ёнида стол-стул қўйилиб, дастурхон ёзилган — мева-чева, турли ичимликлар… Нози қўлида чойнак кўтариб чиқади, столга қўяди. Шу маҳал эгнига иш кийимини илган — костюм-шим ва бўйинбоғ таққан Собит кириб келади. У соатига қараб-қараб, стол-стул томон юради. Хотини анграйиб қарайди, норизо қиёфага киради.

Нози (норизо қиёфада, киноя билан). Бугун кечроқ борсангиз ҳам бўларди, шу ишингизга. Якшанба-макшанбани ҳам билмайсиз-а? Сизга ҳайкал қўйишса керак-да.

Собит (илжайиб). Жим бўл. Ишим бошимдан ошиб ётибди. (Столга яқинлашиб, тик турган кўйи ундан нон бўлагими, конфетми, нимадир олади).

Нози (эрига суйкалиб, айёрона). Бугун набирангиз роддомдан (туғуруқхонадан) чиқади. Шунга суюнчи. Қудаларнинг олдида қизингизнинг обрўсида бу ҳам.

Собит (хушёр тортиб). Яхшиям эсимга солдинг. Шундай кетаверарканман, бор, ҳалиги совғани олиб чиқ. (Нози югургилаб ичкарига кириб кетади) Собит стулга ўтиради.

Шу маҳал ичкари уйдан Ҳикмат ота чиқиб келади, берироқдаги супа четига ўтиради. Супа томонга елка ўгириб ўтирган Собит отасини пайқамайди.

Собит (ўзича қўлларини бир-бирига қасирлатиб уради ва хотиним эшитсин деган маънода, ичкари ҳовлига, супа томонга ҳам бурилиб қарамай, овоз беради). Бугун хўжайиннинг юбилейи! Совғанинг сараси соққадур, берсанг Худога ёққайдур! (кулади).

Ҳикмат ота ўтирган жойида бош ирғаб, афсусланиб қўяди. Ўрнидан туриб, супа ёнидаги офтобани олиб таҳорат қилгани ҳовли четига ўтиб, кўздан пана бўлади. Ичкари уйдан Нози чиқиб келади. Қўлида иккита конверт. Стол ёнига келади. Конвертнинг бирини эркаланиб Собитга узатади. Собит конвертнинг оғзини очиб нигоҳ ташлайди.

Нози (шанғиллаб). Айтганингиздай. Икки минг!

Собит (ортга ўгирилиб, у ёқ-бу ёққа аланглайди). Овозингни ўчир. Шанғиллама!

Нози. Нима бўпти? Ўзингиз айтдингиз-ку. Совға бу деб. Нима энди совғани ҳам яширамизми, бировнинг нима иши бор, наборот, бошингизни (у ғоз туриш билан бошини ирғайди) мана шундай қилиб, ҳаммага айтиб, мен хўжайинга икки минг кўкидан бердим, дейверинг! Душманларимизнинг ичи куяди.

Собит (хотинининг баланд овозда жаврашидан эсанкираб, чўчиб ўрнидан даст туриб, қўли билан унинг оғзини тўсади). Ўчир овозингни, ҳозир замон бошқача бўлиб бораяпти. (Хотинини бир силтаб, стулга ўтирғизади). Энди, бу ёғига оғзингга эҳтиёт бўлиб гапир. Тушундингми, вайсақи?

Нози. Замон ҳеч қачон ўзгармайди, айтиб қўяй. (Яна овозини баландлатади). Минг йилдан бери шу: Бор товоғим, ол товоқ, ўртада ўйнар ошқовоқ. Берганнинг бети иссиқ! Бермаганнинг эти кесиқ!

Собит (ижирғаниб). Қайси гўрдаги гапларни топасан-а? Қўлингдаги нима?

Нози. Кеча хўп дедингиз-ку? Ё кайф устида айтганингизни эслолмаяпсизми?

Собит (унга сирли қарайди). Хўш?

Нози. Туғуруқхонадан неварангизни бурнимга қўлимни тиқиб, қуппа-қуруққа олиб чиқаманми?

Собит (бетоқат). Хўш, қанча?

Нози (юмшаб). Минг (Конвертни ҳаволатиб, эрига қирғий қараш қилади).

Собит (талмовсираб). Кўпмасми?

Нози. Ҳеч ҳамда. Одамлар данғир-дунғур қилиб тўй-томоша билан олиб чиқишади-ю. Ҳа, энди, тумандаги каттаконнинг набираси экан деб овоза қилмаяпмизда. Шунга ими-жимида… (Яна конвертни ҳаволатади).

Шу маҳал эшик тақиллаб ҳовлига қўшни Турғун ака кириб келади. Нози конвертни бекитиб, аланг-жаланг бўлиб, эрига сирли қарайди. Улар Турғунга беписандлик билан боқишади.

Турғун (уларнинг қаршисида ҳижолатли ҳолда). Ассалому алайкум, қўшнилар. Омонмисизлар? Невара муборак бўлсин, Худойим умри-ризқи, насибаси билан берган бўлсин.

Нози (беписанд, унга кинояли боқиб). Қуллуқ, қуллуқ.

Собит (димоғ билан). Хўш, қўшни қани, ўтиринг!

Турғун (қимтиниб). Мен бир масалада, келувдим (Нозига мўлтиллаб қараб қўяди).

Нози (Унинг гапини шартта бўлиб). Йўқ. Ҳали қўшнингизга айтолмадим, айтиб улгуролмадим. Энди айтаман деб турувдим, мана, ўзингиз келиб қолдингиз. Хотинингизга натижасини айтардим-а, ўзингиз чиқаверибсизда-а?

Турғун (Таъзимли ҳолда мунғайиб). Зарил бўлиб қолди-да, бугун охирги кун… Йўқса, қолиб кетарди.

Собит (бир хотинига, бир Турғунга қараб). Нима зарил бўлди, нима қолиб кетади? Нима гап?

Нози. Ҳа-а-а, буларнинг қизи…

Турғун. Шунга, контракт пулини тўлашим учун уч миллион сўм етмай турибди, мол-ҳолни сотиб қарзимни узардим, агар иложи бўлса, деб чиқувдим.

Собит. Қанча керак?

Турғун. Уч миллион сўм.

Собит хотинига қараб қўяди. Хотини бироз ижирғаниб, афт буриштиради.

Нози (Хафа бўлгандай гўё). Эссизгина-я? Уйдаги пулни дугонам Башоратхонга бериб қўйгандим-а? Бизнесга ишлатаман девди. (Эрига қараб, уйда еб-ичишга ҳам пул йўқ ҳисоб).

Собит (номига қовоқ осиб). Шундай де. Қўшни, очиғи, биз ҳам анча харажатли бўлиб қолдик. Кеча укам қиз чиқарди, шунга ҳам ёлчитиб ёрдам бера олмадим. Биласиз-ку, номи улуғ, супраси қуруқмиз, ойликка қараган одаммиз.

Турғун (ерга кириб кетгудай бўлиб, ҳижолат чекади). Узр. Майли, мен борай (ўрнидан туради).

Шу чоғ супа томондан кимнингдир томоқ қиргани, йўталгани эшитилади, буларнинг учови ҳам ўгирилиб супага қарашади. Супа томонда Ҳикмат ота кўриниш беради. Ҳикмат ота буёққа яқинлашади. Буларнинг ҳар бирининг кўзига тик қарайди. Вазмин мусиқа янграйди.

Турғун. Ас… ас. Ассалому алайкум, ота. (Ҳамон таъзимда).

Ҳикмат ота. Ва алайкум ассалом.

Собит. Отажон, келинг ўтиринг (ниманидир сезгандай, тилёғламалик қилади). Кечаги дори яхшимикан?

Ҳикмат ота (энди, ўғлига синчков назар ташлаб). Болам, Турғунбойга иложи бўлса ёрдам қилайлик. Қўшничилик.

Нози. И-е-е, қанийди? Иложи бўлса… (бироз уялиб) Сизнинг ҳам хабарингиз борми? (Қайнотасига оғриниб қараб қўяди).

Ҳикмат ота. Супа ортида гулларни бутаётгандим. Қулоқ ўлгур барибир эшитди-да, болам…

Нози. Ота, уйдаги пулларни…

Ҳикмат ота (унинг гапини чўрт кесиб). Эшитдим. Бу гапингниям эшитдим. Шунинг учун мана ўзимнинг нафақа пулларимни олиб чиқдим, бироз йиғилиб қолган экан. (Чол қўйнидан оқ матога ўралган пулни олиб, Турғунга узатади).

Эр-хотин бир-бирига қараб гўёки ҳижолат тортишади. Турғун довдираб қолади. Умидини узиб, не қиларини билмай турган Турғуннинг кўзида ёш айланади.

Турғун (жовдираб). Раҳмат, отажон. Албатта, қайтараман. Сизларга ҳам (эр-хотинга қараб). Сиз, Сизларга ҳам раҳмат. (Турғун бир парча сурпга ўралган пулни олиб чиқиб кетади. Ташқарида унинг шўх-шодон овози янграйди).

Овоз. Топдиим! Хотииин, топдим!

Эр-хотин ўлмайиннинг кунидан бир-бирига қараб жилмаяди. Ҳикмат ота уларга синчков қараб туради.

Собит (бироз эсанкираб). Хўп, ота, мен борай, энди. Бир жойга бориб келаман.

Нози (қилпанглаб). Отажон, супада ўтирасизми ё, бу ерга (стол-стулни кўрсатиб) чой тайёрлайми? Майли, мен у-бу нарса олиб келай. (Нози энди кетмоққа чоғланган эди ҳамки, ота уни тўхтатади).

Ота. Тўхта! (Нозига ўқрайиб қарайди). Кетмай тур, келин. Икковингизга ҳам гапим бор. (Ўғлининг юзига тик қараб) Уялмайсанларми, қўрқмайсанларми? Бу нима деган гап? Авжига чиқиб кетаяпсанлар, бола!

Собит (сесканиб). Нимадан уяламан, нимадан қўрқаман?

Нози. Ота, туш… туш… тушунтириб гапиринг.

Ота (ўғлига изтироб билан қараб). Одамлардан уялмайсанми, майли, Худодан қўрқмайсанми?

Собит (тутилиб). Ни… ни… нима? Нима учун Ота? Ота пора олиб, пора берасан? (Ҳаммаси тош қотиб қолади. Мусиқа янграйди, оғир мусиқа. Ўн-ўн беш сониядан сўнг Нози тилга киради).

Нози. Э… Э-е, ота.

Ота (энди азобланиб). Жим бўл, келин, кўрмаганнинг кўргани қурсин.

Собит. Сизга нима бўлди, ота?

Ота. Ҳар нарса бўлди. Мен кетаман. Анчадан бери нафасим бўғила бошлади. Бекор келган эканман Сеникига. Ўзимнинг тоғу тошимдан қолмайин. Лекин Сен йўлингдан қайтмасанг, мен тинчгина ўлолмайман.

Собит. Бу нима деганингиз, Ота?

Ота (келини ва ўғлига). Сизлар ҳар нарсани пул билан, пора билан ўлчаш касалига йўлиқибсизлар. Бир ойдан буён буни ўзим тушуниб олдим. Сеникига келганимга бир ой бўлди, фақат даргоҳингда олди-бердидан бошқа гап эшитмадим. Бўғилиб кетаяпман.

Нози (аччиқланиб). Нега бўғиласиз?

Собит (хотинига). Жим…

Ота (келинга). Ҳатто эндигина туғилган норасида гўдак ҳаётига ҳам, покиза бир фариштанинг ҳаётига ҳам пул суқиб, уни расвои раддибало қиласанлар.

Нози. Тушунмадим.

Ота (энди тутақиб). Тушундинг. Балодай тушундинг. Шу гўдакни олиб чиқиш учун ҳам пул. Ахир Оллоҳнинг амри билан дунёга келган бегуноҳ вужудни туғуруқ уйидан олиб чиқиш учун ҳам фалон пул бергансанлар. Шу пулни бермасанг ўша туғуруқхона ўлгурга ўт кетадими? Чин гап экан. Роддомга пул, боғчага пул, мактабга пул, институтга пул, ишга жойлашишга пул… Ўлик учун пул, қабрга ҳам пул… Сенларга ўхшаганлар, юраги пул ҳидидан куч олиб урадиганлар жамиятни шу аҳволга олиб келдинглар. Фалокатларинг бошқаларга ҳам уриб кетаяпти. Сенларда бор, берасан, айт, йўқ шўрлик нимани берсин, айт!?

Собит (аччиқланиб). Ота, бу гапларни менга нима дахли бор?

Ота. Бор. Сенга дахли бор! Мени тентак деб ўйлайсанми? Эллик йил мактабда дарс бердим. Халқнинг болаларига тарбия бердим, илм ўргатдим. Афсус, ўз боламнинг бундай бўлиб чиқиши… ўл, бу кунингдан дейдиган одам йўқ, болам… Бу эгриликни тўхтат! Фалокатинг бошқаларни, , бола-чақанг  уриб кетмасин, десанг тўхтат!

Нози. Вой оғзингизга қараб гапиринг.

Ота (ўғлига ғазаб ва жаҳл билан ўқрайиб). Ўзингдан юқориларга шалтоқи-ялтоқилик қиласан. Ўзингдан пастларни тепиб-тепкилайсан, ўзингдан баландларга узатиб чарчамайсан, ўзингдан пастларни шилиб чарчамайсан. Менинг кўзим кўр, кулоғим кар, ғофил бир банда бўлсам яхши эди, бундан кўра.

Собит (стулга чўкиб, ерга караб қолади). Ота, Сиз ноҳақсиз.

Нози. Нотўғри ўйлаяпсиз.

Ота. Сенлар ҳақ бўлсанг, бу ҳаёт мутлақ издан чиқиб, чириб-ириб кетган экан-да-а, сенларнинг яхши ҳаётинг шуми?

Собит (қўл силтаб). Бўлди-да-э, Ота!

Нози чолга бир аччиқланиб қараб ичкари уй томон йўл олади.

Ота (оғир хўрсиниб). Бир ҳафтадан буён ҳаловатим йўқ. Йўлингдан қайтмасанг, икки қўлим ёқангда бўлади, бола! Ҳозир, мен кетаман. Сиқилиб кетдим.

Собит. Қа… қаёққа кетасиз?

Ота. Ириб-чиримаган тоғу тошимга, тоққа кетаман. Бекор келибман, мен Сени бор, деб ўйловдим, аллақачон йўқ бўлиб кетган экансан. (Чол жойидан тик туриб унга назар солади).

Собит. (Қўлларини мушт қилиб, тишларини ғижирлатиб бақириб юборади) От-а-а-а!!!

Ҳикмат ота (Ўғлига аламли қараб). Сен олдин бундай эмасдинг-ку? Шу мансабга чиққач шу аҳволга тушиб қолибсан, болам. Туман марказига ишга кетаётганингда қувонувдим. Лекин Сендан айрилиб қоламан деб ўйламовдим.

Собит (Титраб). Нафасингизни иссиқ қилинг, ота.

Ҳикмат ота. Мени тоғу-тошда юрган эзма чол деб ўйлаяпсан. Бу дунёни нима ларзага келтиради, биласанми? (Унга ачиниб қараб) биласанми, дейман?

Собит (У ҳам аччиқланиб). Йўқ!

Ҳикмат ота. Дунёдаги барча талотумлар, қирғин-баротлар ниманинг эвазига рўй бераяпти? Буни ҳам биласанми?

Собит (аччиқланиб). Ота нима кераги бор шу гапларнинг?

Ота. Керак. Дунёдаги ҳамма ғавғолар одам боласининг нафси очилиб кетганидан бўлаяпти. Нафси очилган одам, нафси наҳс урган одам бутун дунёни ютиб юборса ҳам тўймайди. Чунки, бундай одамларнинг кўнглидаги нафс қозонига шайтон тезак ташлаб ҳаром қилган бўлади. Нафс қозони, ўпқони десанг ҳам майли, ҳаром зот ҳеч қачон тўймайди. (Ўғлига қарайди) Бу ёғини ўзинг хулоса қил. Мен кетдим, тоғу тош, тор кулбамдан қолмайин. (Чиқиб кета туриб ўғлига яна бир қарайди) Сен танангга ўйлаб кўр…

Ота чиқиб кетади. Собит асаби қақшаб атрофга аланглайди. Стол ёнига келиб идишга маданли сув қуйиб ичади. Кўйлагининг ёқа тугмасини очиб, галстугини ҳам бироз бўшатади. Курсига чўкиб бир нуқтага тикилиб қолади. Мусиқа янграйди.

Шу пайт ичкари уйдан уйқусираб ўғли Шунқор чиқиб келади. Унинг ортидан пойи-патак бўлиб Нози кўриниш беради. Собит ўғли ва хотинига ижирғаниб қарайди.

Собит (ўғлига). Дунёбехабар боласан-а! Оғзингни очиб ухлаб ўтказасан умрингни. Сен тенгилар дақиқа сайин бир сўмни икки сўм қилаяпти. Тезроқ янги ҳовлига бор, усталарни назорат қил!

Нози (эрига қилпанглаб). Худо хоҳласа, Сиздай бўлгач, бу ҳам йўлини топади.

Собит (ўзига ўзи). Ўзини топмаган боланг, қандай қилиб йўлини топсин.

Шунқор (ойисига имлаб дадасини кўрсатади, кетаяптими бирор жойга демоқчи). Кейинроқ, чиқаман!

Нози. Ишга кетаяпти. Ўтир!

Собит қўл силкаб ҳовлидан чиқиб кетади.

Шунқор (стулга талтайиб ўтириб олади). Ойи ахир бугун олмасак бўлмайди. Салондагиларга чўталини ҳам бериб қўйдим. Кўп ушлаб туролмайди.

Нози (жонҳалак) Кўриб турибсан-ку, дадангнинг кайфияти йўқ. Ўша машинани олдинг ҳам, қаерга қўясан?

Шунқор. Синглимникига.

Нози. Даданг ҳозир билса хафа бўлади, айниқса, менинг азобимни беради кейин.

Шунқор. Ойи, ойижоним… Ахир пул бор-ку уйда.

Нози. Марказдаги уч қаватли уйимизни таъмири тинкаларини қуритаяпти. Топганимиз ўша ёққа кетаяпти.

Шунқор (керилиб). Ўзиям қаср қилвордингларда, ойи! Ҳовлиси ҳам ярим гектар бор-ов.

Нози (эркалаб). Буларнинг бари Сенга қолади-да, тойчоғим! Кимсан фалон туман ёки вилоят прокурори бўлсанг худо хохласа, Шунқор Собитовичнинг уйлари қаерда деб сўрашса, ана, уч қаватли, шаҳарнинг энг баланд жойида мана ман деб турибди, деб жавоб беришса, қандай яхши!

Шунқор (бироз ўйчан). Ойи… Бир гап…

Нози (хавотирда). Ҳа, болам…

Шунқор (ўйланиб). Шу ўқишни ўзгартирсам-чи. Ёқмайроқ турибди. Прокурор бўлмасам, бошқа бўларман.

Нози (ажабланиб). Нега?

Шунқор (қовоқ уюб). Мени бу йил ҳам курсдан қолдиришди. Бу кетишда ҳайдалишим аниқ.

Нози (бир сапчиб). Нега ҳайдашади?

Шунқор. Билмайман.

Нози. Ахир дадангнинг танишлари-чи? Улар.

Шунқор. Уларни ҳам ўтган йили ишдан ҳайдашди. Ҳозир олдингидай эмас ойи. Қаердаги ботинкаси эски, пандавақилар беш олиб имтиҳонларни ёпишаяпти. Бизга ўхшаган порядичный, машинали, шаҳарда ҳовлиси бор болаларнинг кўпи ўқишдан ҳайдалаяпти. Иссиғида бошқа ўқишга кўчириб олсам эди. Ҳозирча дадам билмасин. Мен бир ўқишни гаплашдим, фақат кўкидан озроқ…

Нози. Қанча?

Шунқор. Уч минг.

Нози. Дадангга айт. Бошқа ўқишга кўчираётганингни. Ахир даданг прокурор бўлишингни хоҳлайди.

Шунқор (тиржайиб). Ойи, у замонлар ўтиб кетди. Ҳамма жойни майда-чуйда одамлар, чўнтагида хемири йўқ, олди-бердидан ҳазар қиладиган кимсалар эгаллайди энди.

Нози (ўйчан, атрофга аланглаб). Шу ўлгур бўлмаса иш ҳам битмаяпти-ку. Даданг ўн кишидан (овозини пасайтириб) олсам, тўққизта каттаконга узатаман дейди-ку.

Шунқор (талтайиб). Дадамдай уддабуронлар камда. Хўш ойи, гапни чалғитманг пул берасизми, пул. Ахир…

Нози. Ўқишинггами?

Шунқор. Ма… машинага Машина-а-а-а (илжаяди).

Нози. Бугун…

Шунқор. Ҳа. бугун олиб чиқаман. “Малибу” охирги позицияси. Воо! (Қўлини зўр қилиб кўрсатди).

Нози бош ирғаб ичкари уйга кириб кетади. Ҳовлига ҳалиги қўшни Турғун кириб келади. У стулда чайқалиб ўтирган арзанда Шунқорга салом беради.

Турғун. Ассалому алайкум, Шунқоржон.

Шунқор (менсимай). Ваалайкум ассалом, келинг. (Ўрнидан турмайди).

Турғун (қўйнидан ҳали Ҳикмат ота берган сурпга ўроғлик пулни чиқариб). Ҳикмат ота қанилар? Мановини олиб келдим.

Шу пайт ичкаридан пул солинган корзинкани кўтариб Нози чиқиб келади. Турғунга эътибор бермай ўғлига гап отади.

Нози (қўлида корзинкага ишора қилиб). Зил замбил-а. Зил-замбил. Мана уч юз миллион, ол.

Нози шу маҳал Турғунга кўзи тушиб тақа-тақ тўхтаб, довдирайди. Корзинкани ерга ташлаворади.

Нози (аланглаб). Келинг қўшни, яна пул сўраб чиқдингизми? Пулимиз йўқ деб айтдим-ку.

Турғун (қўлидаги пул ўралган сурни Нозига узатади). Мановини Ҳикмат отамга бериб қўйинг. Қизим Лолага телефон қилиб, контрактингни тўлаяпман, десам, дада керакмас, чет давлатнинг грантини ютиб олдим. Контрактларимни ҳам ўзим тўлайман. Кейинги ой Лондонга кетаяпман. Ўша ёқда икки ой истажировка қиламан деди. Раҳмат, барака топинглар, Сизларнинг борингларга шукр! (Турғун сурпни стол четига қўйиб хурсанд чиқиб кетади).

Нози (унинг ортидан ҳасад билан қараб). Бунча мақтанади, бу аравакаш.

Шунқор. Ана айтдим-ку, замон шуларники бўлиб қолди, ойи. (У ойисининг қўлидан пул тўла сумкани олиб чиқиб кетади).

Нози (Ҳамон қўшни кетган томонга ҳасад ва алам билан қараб). Қизингдан ўргилдим. Егани нонинг йўқ, итингнинг отини Маржон қўясан. Лондонда ўқирмиш энди…

У ҳовли эшигига қараб қолади. Cаҳна қоронғулашади.

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Давоми эртага эълон қилинади.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз