Одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта таҳқирловчи тури ҳисобланади. Минг афсуски, ижтимоий тармоқларда бу иллатнинг жирканч оқибатларини била туриб шу турдаги жиноятга қўл ураётган оналар фарзандларини сотаётганига ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз.Миллатимизга ёт бу манфур ҳаракатни бугунги кунда айрим аёлларимиз тиббиёт ходимларининг беминнат кўмагини суистеъмол қилиб содир этаётгани ҳам учраб турган ҳолатлардан бири.
Андижон вилоятида жиноят ишлари бўйича Бўстон туман суди раиси Хуснидин Камолов томонидан туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлими ходимлари иштирокида “Чақалоқ савдосини олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳабтида Х.Камолов тиббиёт бирлашмаси ходимларига чақалоқ савдоси жинояти ва унинг учун қонунда белгиланган жиноий жавобгарлик чоралари ҳақида тўхталди.
Суд раисининг: дунёга келиб биринчи кўргани меҳрибон онасига йиғлаб қўлларини чўзиб турган, юрак тафти онасидан бошқасига илиқлашмаган норасида мурғак жондан-да қадрли жажжи фариштадан воз кечиш, уни баҳолаш ўзбек аёлларига хос эмас!” Пул эвазига ўз боласидан воз кечган онани ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмагани каби, ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб ҳам бўлмайди, деган сўзлари давра суҳбати якунида иштирокчиларни кўзига ёш келтирди.
Тадбир якунида суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Чақалоқ савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши қарши курашиш миллий комиссиясининг 2021 йил 4 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чақалоқ савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўналишидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларини ёритиб боришга қаратилган ишларни ташкил этиш бўйича» медиа-дастур ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган буклет ва флаерлар келгусида фойдаланиш учун тарқатилди. Шундан сўнг тиббиёт ходимлари ўзини қизиқтирган саволларига жавоб олиш баробарида, суд раисига жонли суҳбат учун миннатдорлик билдирдилар.