— Раҳбарга нисбатан 4 ойда икки маротаба интизомий жазо (огоҳлантириш туман адлия бўлими томонидан) ва икки маротаба Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49 моддаси 1-қисми ва 49-моддаси 2-қисми (иккинчиси) билан жавобгарлик қўлланилса оқибати (натижаси) қандай бўлиши керак? Жавобгарликлар 4 ой давомида қўлланилган.
— Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан огоҳлантириш интизомий жазо турига киритилмайди.
Мазкур кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 3-кичик бандида “ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади”, деб кўрсатилган. Бу ерда ходим меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан бир давомида 2 марта жавобгарликка тортилганлиги сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Меҳнат кодексининг 102-моддасининг 5-қисмига асосан иш берувчи томонидан раҳбарни 3 кун олдин огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
Саволга “Мадад” ННТнинг бош мутахассиси
Аброр Эзозхонов жавоб берди.