Маълумки, Интеллектуал мулк агентлиги тадбиркорлар ўртасида ноҳалол рақобат олдини олиш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида контрафакт маҳсулотларга қарши кураш олиб бормоқда. Aгентликнинг Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси томонидан мониторинг ишлари ўтказилганда машҳур товар белгисидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз фойдаланилаётгани ҳамда истеъмолчини чалғитишга олиб келувчи ҳолат аниқланди.
“М.Р.Р.” (шартли ном) оилавий корхонаси “Red Bull GmbH” (Австрия) компаниясига тегишли бўлган товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда “Red Bull ENERGY CАNDY” ноқонуний товар белгили қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Гарчи “Red Bull GmbH” (Австрия) компанияси томонидан 2020 йилнинг 10 мартидан “М.Р.Р.” оилавий корхонаси раҳбарига нисбатан товар белгисига бўлган ҳуқуқларини бузишини тўхтатишни сўраб бир неча огоҳлантирув хати юборилганига қарамай, оилавий корхона мурожаатни эътиборсиз қолдирган. Ва огоҳлантирув хатига қарамасдан “М.Р.Р.” оилавий корхонаси амалда ноқонуний товар белгили қандолат маҳсулоти чиқариш ва сотишни тўхтатмаган.
Қайд этиш лозим, “Red Bull GmbH” (Австрия) компанияси Ўзбекистон Республикасида ўзининг маҳсулотларида қўлланиладиган товар белгиларини рўйхатдан ўтказиб, ҳуқуқий муҳофаза олган.
Даъвогар Интеллектуал мулк агентлигига товар белгисидан ноқонуний фойдаланганлик учун чора кўриш юзасидан йўллаган аризасига биноан ҳуқуқбузарга маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқишлик учун баённома тузилиб, Жиноят судига юборилган.
Натижада, cуд ҳуқуқбузар ҳаракатларига баҳо бериб, иш ҳужжатларини тафтиш қилиб, уларни атрофлича муҳокама қилди ҳамда ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 177-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.
Ҳурматли тадбиркорлар, ўзганинг товар белгисидан рухсатсиз фойдаланиш ноқонуний эканлиги ва мазкур ҳаракат учун жавобгарлик белгиланганини унутманг!
Феруз Жўраев,
Интеллектуал мулк агентлиги Матбуот хизмати раҳбари