Бош саҳифаМуҳимРепетитор нега керак?

Репетитор нега керак?

Яқинда бир дўстим «Фарзандим университетга ўқишга кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Репетиторлар орасида танишингиз йўқми?» деб сўраб қолди. Уларга ишим тушмаган эди, шунинг учун дўстимга Интернетдан излашни тавсия қилдим. Чунки Интернетга кириб, «репетитор» сўзини терсангиз, сиз хоҳлаган фандан шахсан қўшимча дарс беришга тайёр ўқитувчиларнинг узундан-узоқ рўйхатини кўрасиз.

Маълумки, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари умумтаълим мактаблари таълим дастурлари асосида ўтказилади. Шундай экан, мактаб ўқитувчиларининг ўзи ўқувчиларини берган билимлари асосида институт ва университетларга киришларини кафолатлай олмайдиларми? Ахир бир вақтлар биз техникум, ­институт ёки университетга кириш учун тайёргарлик кўришда дарсликларимизни қайта-қайта варақлардик, зарурат туғилса, кутубхоналарга бориб, бошқа китобларни ўқирдик. Ўз ўқитувчиларимизга ёки бошқаларга пул тўлаб, қўшимча сабоқ олмасак-да, имтиҳонларни муваффақиятли топширардик.
Тўғри, умумтаълим мактабларида ҳар бир ўқувчи билан алоҳида шуғулланишнинг иложи йўқ. Қолаверса, яқин-яқингача «Оқ олтин»ни олтин қўллар яратади!» шиорига асосан ўқувчилар 4-5-синф­даноқ деярли уч ойга пахтазорларга сафарбар этилар, яъни йиллик таълим даври учдан бир бараварга камайтириларди. Бу ҳам етмагандек, ўқувчилар баҳорда яна далаларга чиқиб, ғўзани ягана қилишар, баъзан бошқа юмушларни ҳам бажаришарди. Ўқитувчилар эса фақат пахта терими мавсумидагина эмас, балки деярли бутун ўқув йили давомида мунтазам равишда ўз касбига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилинарди.
Сўнгги пайтларда Президентимиз иродаси билан бундай номақбул, миллат салоҳиятига болта уриш билан баробар амалиётга барҳам берилди. Ўқувчи синфига, ўқитувчи вазифасини бажаришга қайтди. Аммо ўнлаб йиллар оша қарор топган бедодлик оқибатлари миллий таълим тизимига жиддий таъсир кўрсатмай қолмади.
БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда юртимизда ўтказган кенг кўламли тадқиқотлари умумтаълим мактабларида берилаётган таълим сифати ҳозир ҳам замон талабига тўла жавоб бермаётганини, шу боис молиявий имконияти бўлган оилалар фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятларини ошириш учун репетиторларга мурожаат қилишларига тўғри келаётганини кўрсатган.
Аслида репетиторлик мамлакатимизда қонуний фаолият ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси 2011 йилда тасдиқлаган фаолият турлари рўйхатига юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги репетиторлик тадбиркорлиги ҳам киритилган ва у билан шуғулланишга рухсат берилган. Бунинг учун эса туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциясига ариза бериш талаб қилинади. Аммо барча репетиторлар ҳам ўз фаолиятларини ана шундай қонуний асосда олиб боришмоқда, дея олмаймиз.
Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай меҳнатнинг ўз нархи бор. Интернетдаги эълонларда ҳам репетиторнинг хизмат ҳақлари очиқ-ойдин маълум қилинган. Ўқувчиларга якка тарзда дарс бериш учун хизмат ҳақи мактаб фанларига қараб, ойига 100 минг сўмдан 600 минг сўмгача ва ундан ҳам кўпроқ.
Аслида репетиторлик (лотинча «repetitor» – такрорловчи» сўзидан) қадим замонлардан бери мавжуд. Ҳатто Платон ва Суқрот яшаган пайтда ҳам кўҳна Юнонистонда бадавлат шахслар болаларини ўқитиш учун шахсий ўқитувчи ёллашган.
Ҳозир ҳам ҳар бир мамлакат таълим тизими ўзига хослигига қарамасдан, АҚШ, Европа, Осиё ва ҳатто Африка давлатларида репетиторлик оммалашган. Хусусан, бу давлатлардаги лицейларнинг аксарият талабалари олий таълим муассасаларининг кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун репетиторларга мурожаат қилишади. Грецияда бу жами ўқувчиларнинг 90, Испания ва Португалияда 75, Германияда 20 фоизини ташкил этади.
Репетиторларнинг хизмат ҳақи арзон эмас – бир соатлик машғулот учун 5-40 ва ундан ортиқроқ евро тўланади. Маълумотларга кўра, Германия ва Францияда бундай шахсий таълим хизмати учун оилалар томонидан тўланаётган ҳақ 2 миллиард еврога тўғри келади. Жанубий Кореяда эса репетиторлар хизматига мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2,7 фоизига тенг миқдорда ҳақ тўланмоқда. Бу ушбу давлат мактаб таълими учун сарфлаган харажатларга деярли тенг миқдордаги маблағдир.
Гонконг университетининг Таққослама таълим бўйича илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Марк Брэй репетиторлик ижтимоий тенгсизлик белгиси эканлигини, чунки ким бой бўлса, ундан фойдаланишини эслатган. Ўз навбатида, «Асосий хавф шундан иборатки, ўқитувчи хусусий машғулот ўтказиш орқали даромадини кўпайтириш учун расмий дарс беришдаги ҳиссасини камайтиради», деб эслатган.
Жаҳонда репетиторлик амалиётини номақбул деб ҳисоблайдиган давлатлар ҳам бор. Хусусан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин репетиторликни «ижтимоий муаммо» сифатида баҳолаган. Шахсий таълим хизмати учун оилаларнинг харажатлари тобора ортиб бориши оқибатида жамиятда ижтимоий тенгсизлик жиддийлашаётгани, бу демографияга ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани (оилада фарзанд кўриш камаяётгани) сабабли ўқитувчилар дарсдан сўнг ҳамда дам олиш ва байрам кунлари пул эвазига репетиторлик қилиш­лари (шу жумладан, масофадан туриб ҳам) ман этилди.
Ҳолбуки, бу мамлакатда 380 мингтадан ортиқ репетиторлик муассасалари мавжуд бўлиб, уларда 8,5 миллион нафарга яқин ўқитувчи дарс берарди. Эндиликда Хитойдаги умумтаълим мактабларида 9-синфгача ўқувчиларга пул тўлаш эвазига шахсий дарс ўтиш тақиқланди. Фақат хизмат кўрсатишлари расмийлаштирилган таълим ташкилотларига касбий малакани ошириш учун репетиторлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилди.
Финляндияда эса репетиторлик хизмати умуман мавжуд эмас. Бу ушбу давлатда таълим тизимининг юқори самарадорлиги билан изоҳланади. Мамлакат Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти томонидан ўтказиладиган мактаб ўқувчиларининг таълимдаги муваффақиятларини баҳолаш бўйича халқаро дастур – PISAда жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, PISA тадқиқотларидан асосий мақсад ўқувчилар мактаб таълим дастурларини қай даражада ўзлаштирганларини баҳолаш эмас, балки улар олган билимларидан ҳаётда нечоғли самарали фойдалана олишларини аниқлашдир. Бу мактаб таълимига жуда юқори талабларни қўяди.
Мамлакатнинг асосий таълим тўғрисидаги қонунида учта муҳим вазифа белгилаб берилган:
– ўқувчиларга ҳаётда зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш;
– жамиятда ривожланиш ва тенгликни тарғиб қилиш;
– таълим соҳасида тенгликни таъминлаш.
Финляндияда умумтаълим мактаблари икки – қуйи (1-6-синфлар) ва юқори (7-9-синфлар) босқичдан иборат. Қўшимча таълим бериладиган 10-синфда ўқувчилар ўзларининг ўша икки босқичда олган билимларини такомиллаштиришлари, сўнгра касб коллежларида ҳунар ўрганишлари ёки лицейда (11-12-синфлар) таълим олишлари мумкин. Бу мамлакатда нуфузли ёки «ожизроқ» мактаб тушунчаси умуман йўқ. Уларнинг энг йиригида 950, энг кичигида 11 нафар ўқувчи таълим олади. Шуниси эътиборлики, барча мактаблар ўқувчиларининг сони, шаҳар ёки қишлоқда жойлашганидан қатъи назар, ҳаммаси бир хил жиҳозланади ва бир хил молиялаштирилади.
Мактабларда ўқиш ҳам, ўқувчилар учун тушликлар, экскурсиялар, синфдан ташқари машғулотлар, дарсликлар, ўқув қуроллари, ҳатто планшетлар ҳам бепул. Ота-­оналар фарзандларини ўзлари хоҳлаган мактабда ўқитишлари мумкин. Мактабга бориш масофаси 2 километрдан узоқ бўлса, ўқувчилар транспортда у ерга бепул олиб борилади ва уйларига келтириб қўйилади. Ота-оналардан мактабда фарзанд­ларини ўқитиш билан боғлиқ ҳар қандай мақсадлар учун пул йиғиш қатъиян ман этилган.
Синфдаги ҳар бир ўқувчи учун унинг таълим олиши ва ривож­ланишига шахсий режалар тузилади. Бу фойдаланиладиган дарс­ликлар, синфда ва уйга бериладиган машқлар, улар учун ажратиладиган вақтга ҳам тааллуқли. Ўқитувчилар бир синфдаги ўқувчилар учун турли мураккабликдаги машқларни бажаришни тақдим этишади. Агар ўқувчи берилган мураккаб машқни бажара олмаса, унга енгилроғи берилади ва ана шу топшириқ муваффақиятли адо этилса, у яна қийинроғини ечишга қайтади.
Устозлар мактаб ўқувчиларини ҳар бир дарс мавзуси бўйича шахсан мулоҳаза юритишга, билимни ўзлари мустақил эгаллашга интилишларини рағбатлантиришади. Машғулот чоғи белгиланган янги мавзуни ўқувчиларга батафсил тушунтириб ўтиришмайди, чунки уларнинг ҳаммаси дарсликларда бор. Ўқувчилар учун энг муҳими матнни, қоидаларни, формулаларни ёдлаш эмас, балки дарсликлар, қўшимча адабиётлар, луғатлардан, Интернетдан мустақил ва самарали фойдалана олиш эканлигини уқтиришади.
Умумтаълим мактабларида имтиҳонлар ўтказилмайди. Назорат ва оралиқ тестлари ўқитувчи хоҳиши асосида бўлиб ўтади. Фақат ўрта умумтаълим мактаби битирувчилари учун мажбурий тест мавжуд.
Педагоглар фикрича, ўқувчиларни имтиҳонларга эмас, ҳаётга тайёрлаш керак. Фин ўқитувчиси учун энг асосийси ўз ўқувчиларини севиши, шогирдлари таълим олишдан қувониши, улар учун дарслар ниҳоятда қизиқарли бўлишидир. Ўқитувчилар ўқувчилар ўз истеъдодларини намойиш эта олишлари учун ҳамма шарт-шароитларни яратишлари зарур.
Финляндияда таълим тизимини ислоҳ қилиш асноси мактаблар бошланғич синфлари ўқитувчиларини коллежлар ва семинарияларда ­тайёрлашдан воз кечилди. Улар фақат университетларда таълим олиши ва магистр унвонига эга бўлишлари шарт қилиб қўйилди. Шу боис университетларда ўқитувчилар тайёрлаш факультетларига кириш учун танлов энг юқори ҳисобланади. Хусусан, ҳар йили бошланғич синфлар ўқитувчиларини тайёрлайдиган университет факультетларида 900 ўринга камида 7000 абитуриент даъвогарлик қилади. Ўқитувчилар магистр дипломини олганларидан кейин бевосита мактабларда ҳам сараланади. Кўпинча мактабдаги бир ўқитувчи ўрни учун 40 нафаргача талабгор бўлади.
Президентимиз Финляндия таълими дунёда рақобатга чидамли тизим эканини таъкидлар экан, унинг муҳим асоси ўқувчиларга ёдлаш орқали билим бериш эмас, балки уларни фикрлашга ўргатиш, шу зайл юзага келган муаммони мустақил ҳал этишга тайёрлашдан иборат эканлиги, асосий эътибор аниқ ва табиий фанларни пухта ўзлаштириш, олинган билимни реал кўникма асосида мустаҳкамлаш, ҳаётда қўллай олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилгани билан долзарб аҳамият касб этишини алоҳида уқтирди. Мазкур давлат ўқув стандарти 2023 йил бошидан юртимиз умумтаълим мактабларининг 1-4-синфларига жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Мамлакатимизда Финляндия тажрибасини ўрганиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тузилиб, унинг ­вазифалари аниқ белгилаб берилди. Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари билан Финляндиянинг етакчи университетлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Чунончи, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Финляндия миллий таълим агентлиги ўртасида шундай меморандум имзоланди. Ушбу келишувга мувофиқ, ўқитувчилар малакасини ошириш соҳасида инновацион педагогик тажриба алмашиш ва янги технология­лардан фойдаланишга кўмак­лашиш, конференциялар ва семинарлар ўтказишни рағбатлантириш орқали таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган. Финляндия миллий таълим агентлиги экспертлари ва Хельсинки университети профессор-ўқитувчилари иштирокида таълим дастурларини ишлаб чиқиш, умумтаълим фанларини ўқитиш, ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш тизими шакллантирилади. Шунингдек, Финляндияда қўлланилаётган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилмоқда.
Миллий таълим тизимимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага энг замонавий инновациялар жорий этилаётгани мактаблар, олий таълим муассаcaлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, албатта. Бу туб ўзгаришлар келажакда репетиторлар хизматига эҳтиёж қолмаслигига ҳам умид уйғотмоқда.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз