Давлат ва жамият ривожи, унинг тараққиётига аҳолининг фикри, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларининг етарли даражадалигига ҳам бевосита алоқадор. Айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маъданиятининг етарли даражада бўлиши юртимизда бўлаётган ўзгаришларга ўзларининг муносиб баҳосини бера олишида муҳим рол ўйнайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқий онги юқори бўлган тақдирдагина ижтимоий ҳаётдаги ҳар қандай ўзгаришларга ўзларининг қатъий фикрини кўрсатиши мумкин бу эса, ўз навбатида, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги камчиликларни очиб бера олади.
Ўзбекистон Республикаси сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар давридан ўтаётган экан, мамлакат аҳолиси ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятидаги ўзгаришларни ўрганиб бориш ва тегишли социологик тадқиқотларни ўтазиш мазкур соҳада вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш ва манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.
Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2019 йил 13 декабрда “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам шу айнан шу мақсаддаги бир қатор вазифалар қўйилган.
Ушбу фармон ва қарор ижросини таъминлаш шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ҳамда аҳолининг атрофда бўлаётган ҳаракатларга ҳуқуқий муносабатини ўрганиш юзасидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан 2020 йил июль-ноябрь ойларида “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: долзарб муаммолар ва муваффақият омиллари” мавзусида навбатдаги сўровномани ўтказилди.
Мазкур жамоатчилик фикрини ўрганишнинг амалий босқичини ҳудудларда ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ходимлари интервьюер ва анкетёр сифатида жалб этилди.
Сўровномада республика бўйлаб жами 1075 нафар респондент иштирок этди. Респондентларнинг жинсига кўра 48,6% эркаклар, 51,4% эса – аёллар; яшаш жойига кўра, 56,7% ини шаҳарда, 43,3% ини қишлоқда истиқомат қилувчилар ташкил қилди; ёшига кўра 11,4%ини 18дан 20 ёшгача, 27,4%ини 21 дан 30 ёшгача, 24,7% ини 31дан 40 ёшгача, 23,6% ини 41дан 50 ёшгача, 12,7% ини эса 51 ёшдан катталар ташкил қилди; маълумотига кўра, 18%ини ўрта, 46% ини ўрта махсус, 35% ини олий маълумотлилар, 1%ини эса илмий даражага эга бўлганлар ташкил қилди.
Сўровномада иштирок этган шахсларнинг ўзининг атрофидаги ҳолатларга ҳуқуқий муносабатини ўрганиш мақсадида “Қоронғу кўчада бир ўзингиз икки нафар ёш йигит қаттиқ муштлашаётганига гувоҳ бўлиб қолсангиз, қандай йўл тутасиз?” деган саволга иштирок этганларнинг 39,7%и «102» шошилинч рақамига қўнғироқ қилиб, ИИБ ходимлари етиб келишини кутишини билдирган.
2019 йилда ўтказилган сўровномада эса юқоридаги берилган саволга қатнашувчиларнинг 41,9%и «102» шошилинч рақамига қўнғироқ қилиб, ИИБ ходимлари етиб келишини кутиш кераклигини кўрсатган эди.
Ушбу сўровномалардан кўринадики, 2020 йилда «102» шошилинч рақамига қўнғироқ қилувчи шахслар 2019 йилдагига қараганда сезиларли камайган. Бу эса аҳоли орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда қилинадиган ишлар борлигини кўрсатмоқда. Чунки, ҳуқуқий маданияти ривожланган ғарб мамлакатларининг ҳар бир фуқароси бундай ҳолларда ҳеч иккиланмасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилади.
Мактаб ҳудудида сигарет чекиб турган вояга етган фуқарони кўрганда қандай йўл тутилиши ҳақидаги бир неча жавобни белгилаш мумкин бўлган саволга респондетларнинг 46,7%и сигарет чеккан кишига танбеҳ беришини (2019 йил -53,5%) кўрсатган. 9,4% фуқаро бу ҳолатга эътибор бермаслигини
( 2019 йил- 5,6%) кўрсатган бўлса, 14,2% иштирокчи эса жавоб бериши қийинлигини (2019 йил -10%) билдиришган.
Ушбу ҳолатдан ҳам кўринмоқдаки, пандемиянинг оғир асорати фуқароларга таъсир ўтказиб жамиятдаги ҳолатларга бефарқлик кучайган. Бунда ҳуқуқий тарғибот ишларини янада жадаллик билан амалга ошириш лозим бўлади.
“Мамлакатда коррупция даражаси қандай даражада деб ўйлайсиз?” деган саволга жавоблар махсус ишлаб чиқилган коррупция кўламининг аҳоли томонидан идрокини аниқлаш услубиётига асосан 100 баллик шкаладан
63,1 даражадалигини кўрсатди. Мамлакат миқиёсида олиб борилаётган кенг қамровли ишларга қарамасдан, ушбу натижа ўтган йилги 62,6 даражали кўрсаткичдан 0,5 пункт юқорилаганини кўрсатмоқда.
Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, 2020 йил бутун дунёда ҳамда инсон ҳаётининг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар содир бўлганлиги каби Ўзбекистон Республикасидаги ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият соҳасида ҳам жиддий синовлар йили бўлди. Тадқиқот натижаларига кўра, сўровда иштирок этганларнинг 78,9%ига коронавирус пандемияси ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатган бўлиб, 44,3%ига “кучли салбий” (24,0%) ёки “ўта кучли салбий” (20,3%) таъсир ўтказган.
Бироқ, пандемия даврида мамлакат аҳолиси ўз маданиятида ҳуқуқий нигилизм йўлидан батамом воз кечиб, ҳуқуқий тартиб-қоидаларга ишончи янада мустаҳкамланганлигини кузатса бўлади. Хусусан, ҳуқуқ соҳалари тўғрисида хабардорлик мақсадга мувофиқлиги бўйича берилган саволга ҳуқуқ соҳаларининг барчасини билиш муҳимлиги жавобини белгилаганлар улуши жорий йил 2019 йилги натижага нисбатан 3%га (28,2%дан 31,2%гача) ўсгани қайд этилди.
Шу билан бирга, якунланаётган 2020 йилда, респондентлар фикрига кўра, коррупциянинг кўлами олдинги 2019 йилги 62,6 пунктга нисбатан 63,1 пункт даражасигача 0,5 пунктга кенгайганини кўрсатди. Мазкур баҳо Ўзбекистонда аҳолининг бугунги пандемия воқелигида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳолат ўзгарганлигига танқидий муносабати кучайганлигидан ҳам дарак бериши мумкинлигини билдиради. Шуни таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси дунё бўйлаб ўз салбий изини қолдираётганлигига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси ҳуқуқий билим ва кўникмалар муҳимлиги, шунингдек, қонунга риоя этишнинг устуворлиги қадриятларига содиқ қолаётганлигини кўриш мумкин.
Шакарбой Ғайибназаров,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими