Россия президентининг 2021 йил 15 июндаги фармони билан 2020 йил 15 мартгача Россияга келган ва 2021 йил 16 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2021 йил 30 сентябрга қадар Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига мурожаат қилиб, мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилган эди.

Таъкидланишича, мазкур фармон билан Россияда миграция қонунчилигини бузган меҳнат мигрантларини мамлакат ҳудудидан мажбуран чиқариб юбориш пандемия даврида вақтинча бекор қилинган. 2021 йил 1 октябрдан ушбу тартиб қайта жорий этилади, яъни миграция қонунчилигини бузган, шу жумладан, Россияда бўлиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган меҳнат мигрантлари мамлакат ҳудудидан мажбуран чиқариб юборилади ва кейинчалик Россияга киришига маълум муддат учун тақиқ қўйилади.
Россия Ички ишлар вазирлигининг қайта огоҳлантиришномасида «Фармонда белгиланган меъёрларнинг амал қилиш муддати яқинлашиши муносабати билан, миграция марказлари ва Россия ИИВ ҳудудий органларида навбатларнинг олдини олиш мақсадида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳужжатларни ўз вақтида олиш ҳамда ваколатли ташкилотлар ходимлари нисбатан камроқ банд бўлган вақтда, яъни кунинг иккинчи ярмида ташриф буюришни тавсия қилади», — дейилади.