Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан Россия Федерациясининг Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМга истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди.
✅ Унга кўра:
➡️ талабаларнинг ўқиши уларнинг аризаларига мувофиқ доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишига кўчирилади;
👨🏻💻 ўқишни кўчириш бўйича аризалар 2022-йил 1-ноябрдан 20-ноябрга қадар (шу куни ҳам) Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти (“Россия Федерациясидан ўқишни кўчириш” бўлими) орқали қабул қилинади;
◾️ талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат бериш бўйича қарор республика ОТМнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилинади;
❌ фуқароларнинг Россиядаги муайян ОТМда ҳақиқатда ўқиётганлиги аниқланмаса, уларнинг ўқиши кўчирилмайди;
📎 ўқиши кўчирилган талабаларнинг ўқишини мос курсдан давом эттиришига истисно тариқасида рухсат берилади. Бунда аниқланган фанлар фарқи 2022-2023-ўқув йили давомида бепул топширилади.
✔️Шунингдек, қўшма таълим дастурлари асосида юқорида қайд этилган ҳудудларда жойлашган ҳамкор ОТМда таҳсил олаётган ҳамда 2022/2023-ўқув йилида юборилиши режалаштирилган талабалар ўқишини уларнинг аризаларига мувофиқ муайян олийгоҳ доирасида мос (мос бўлмаган тақдирда турдош) бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) кўчиришга ҳам рухсат берилди.