АОКАда бўлиб ўтган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова Россиянинг Ўзбекистон маҳсулотларига қўйган “Помидор жигарранг бужмайиш вируси” ташхиси нотўғри бўлиб чиққанини малум қилди.
Қашқадарё ҳамда Навоий вилоятларидан помидор ҳамда қалампир, Фарғона вилоятидан барча маҳсулотларнинг импортига Россия федерацияси томонидан тақиқ қўйилган эди.
Тақиқ эълон қилинган куни мазкур касалликни аниқлаш учун Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппарати, ўсимликлар карантини илмий маркази ҳамда марказий карантин лабораториясидан иборат махсус ишчи гуруҳи ҳудудларга сафарбар этилган. Инспекция раҳбарияти “Россельхознадзор” вакиллари билан музокаралар ўтказиб, уларнинг тажрибавий тавсияларини инобатга олган ҳолда, помидор ва булғор қалампири маҳсулоти ҳамда унинг экспортига жиддий зарар етказувчи ушбу касалликнинг аломатлари, тарқалиш йўллари ва қарши кураш механизми аниқ белгилаб олинган.
Республиканинг вирусдан холи эканлигини тасдиқлаш мақсадида нафақат Қашқадарё, Навоий, Фарғона, балки ҳар бир ҳудуд кесимида маҳсулот етиштирилувчи иссиқхоналарнинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитар тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси, яъни паспорти шакллантирилиб, Россия томонига тақдим этилган.
Халқаро мутахассислар ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида айтишим мумкинки, ҳозирга қадар Ўзбекистонда “Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги”нинг ТАШҚИ симптоматик аломатлари қайд этилмаган.
Инспекция ходимлари томонидан олиб борилган қатъий фитосанитар текширувлар, шунингдек, “Ўздавкарантин” ҳамда “Россельхознадзор” ўртасидаги музокаралар натижасида:
2020 йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини;
2021 йилнинг 1 январь санасидан бошлаб, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан 34 та корхона помидор маҳсулотини;
2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Фарғона вилоятидан қуритилган маҳсулотларнинг Россия Федерациясига экспорт қилинишига рухсат олинди.