Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунга монанд равишда республикамиз қонунлари ҳам инсонпарварлик тамойиллари асосида такомиллашиб бормоқда. Шу жумладан, сайлов қонунчилиги ҳам. Яъни энг илғор демократик андозаларга йўғрилган миллий сайлов тизими яратилди.
Албатта, бунинг натижасида ҳамюртларимиз ўзларининг сайлаш ва сайланиш каби сиёсий ҳуқуқларини теран англаган ҳолда давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этмоқдалар.
Сайлов қонунчилигимизнинг такомиллашиши эса 2019 йил 25 июнда биринчи марта “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниши билан намоён бўлди. Мазкур кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди. Умуман олганда, Сайлов кодексининг қабул қилиниши сайловчилар ва сайланувчиларга жуда катта қулайлик яратилди. Чунки аввал сайлов қонунчилиги кодификация қилинмаган аниқ бир манбада мужассам бўлмай, ахборотни бир нечта қонун ҳужжатларидан излаш лозим эди. Бундан ташқари, ушбу кодекс билан давлатнинг қуйи бошқарув органлари вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши ҳам белгиланди. Бу эса сайловларнинг очиқ, ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, 2019 йилнинг 22 декабрда бўлиб ўтган сайловларда ўзини-ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этганлиги, сайловларнинг қанчалик шаффоф ва амалдаги қонун талаблари асосида ўтганлигидан далолат берди. Қолаверса, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, маҳаллий кузатувчиларга ҳам халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланади. Кузатувнинг мақсади – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборат.
Маълумки, Юртбошимиз 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга ва халқимизга қилган мурожаатномасида “2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда шакллантириш керак. Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз. Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман” дея бу йилги сайловлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Бу ҳам бўлса, навбатдаги Президентлик сайловига нечоғлик пухта ҳозирлик кўрилаётганидан далолат беради. Зеро, Бош қомусимизнинг 93-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир.
Адҳамжон КАРИМОВ,
Фарғона шаҳрида хусусий
амалиёт билан шуғулланувчи нотариус