Навоий вилояти Навбаҳор туманининг “Кескантерак” маҳалласида вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоят суди ва маъмурий суд ҳамкорлигида сайёр қабул ташкил этилди. Кенг қамровда ўтгазилган қабул жараёнида 300 га яқин фуқаро ўз масалалари юзасидан масъулларга мурожаат қилишди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, маҳаллада бугунги кунда 2495 нафар аҳоли истиқомат қилади. 548 та хонадон мавжуд. “Ёшлар дафтари”га 63 нафар, “Аёллар дафтари” га эса 33 нафар хотин-қиз киритилган. Сайёр қабул жараёнида мазкур рўйхатдаги фуқаролар билан якка суҳбатлар ўтказилиб, муаммоларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилганлар томонидан бандлик, пенсия таъминоти, меҳнат ва оилавий муносабатлар, солиқ тўловлари, ногиронликни белгилаш, иш стажини тиклаш ва имтиёзли шартларда нафақага чиқиш сингари бир қатор масалаларда мурожаатлар келиб тушди. Шулардан мингдан ортиғига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 50 га яқин мурожаат адлия органлари томонидан иш юритувига қабул қилинди.
Қонунчиликка кўра, муаммолари суд тартибида ҳал этилиши назарда тутилган тадбир иштирокчилари сайёр суд йиғилишларида қатнашиб, қизиқтирган саволларга жавоб топдилар.
Қабул мобайнида туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, фарзандини мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш, давлат органларидан турли шаклдаги маълумотномалар олишда амалий ёрдам сўраган фуқароларга шу ернинг ўзида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Тадбир жараёнида 5 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 3 киши ҳудуддаги мономарказларга жойлаштирилди, 2 нафар фуқарога эшитиш мосламаси берилган бўлса, 2 нафарига дори дармон воситалари тарқатилди.
— Мен шу йил 85 ёшни қаршиладим. 8 нафар фарзандим, 35 нафар набирам бор. Бугун сайёр қабулда эшитиш мосламаси сўраб мурожаат қилгандим. Масалам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Мен туман адлия бўлимида ишлайдиган ходимлар билан телефон орқали гаплашиб, бирор муаммо бўлса маслаҳатлашиб тураман. Қонунга тўғри келса ишим ҳал бўлади, тўғри келмаса тушунтиришади. Бугун ҳам адлия бошқармасидан келганлар билан гаплашдим. Фарзандларимни муаммосини айтиб маслаҳат олдим. Улардан жуда миннатдорман, катта раҳмат — дейди Мукаррам ая Хайдарова.
Тадбирдан сўнг адлия органлари ҳамда маҳалла ходимлари билан сайёр қабулга келиш имконияти бўлмаган фуқароларнинг хонадонларига уйма-уй кирилиб, ҳуқуқий тушунтириш берилди, ўрганиш талаб этиладиган масалалар алоҳида назорат учун қабул қилинди.