Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонСальвадорда 40 000 маҳбусни сиғдира оладиган дунёдаги...

Сальвадорда 40 000 маҳбусни сиғдира оладиган дунёдаги энг катта қамоқхона очилди — фаоллар норози

Сальвадор президенти Найиб Букеле дунёдаги энг катта қамоқхона деб тахмин қилинаётган жазони ижро этиш муассасасини ташкил қилди.

Февраль ойи бошида Найиб Букеле 40 000 маҳбусни сиғдира оладиган, дунёдаги энг катта қамоқхонага айланиши мумкин бўлган улкан «биринчи дунё» қамоқхонаси тайёр бўлганини эълон қилганди.

Куни кеча у биринчи 2 маҳбусни ана шу янги муассасага ўтказди.

Аслида бундай катта қамоқхонанинг ташкил этилиши бир қанча асосларга эга ва бу президентнинг мамлакатда авж олган жиноятчиликка қарши қақшатқич жавоби сифатида қаралади.

2022 йилнинг 24-27 марти оралиғида Сальвадорда жиноий гуруҳлар томонидан 92 киши ўлдирилди. Бу фожиа мамлакатнинг яқин тарихидаги ҳалокатли зўравонликнинг чўққиси сифатида талқин қилинди.

Бунга жавобан ва Президент Найиб Букеленинг илтимосига биноан Қонунчилик Ассамблеяси зудлик билан 30 кунлик «фавқулодда ҳолат» эълон қилди ва фуқароларнинг бир қатор конституциявий ҳуқуқлари чекланди: уюшмалар ва йиғилишлар эркинлиги, алоқа ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларини тўхтатилди, ҳибсга олиш сабаби кўрсатилмайдиган ва ҳар қандай шахс 72 соат ичида судья ҳузурига олиб келинадиган бўлди, судьялар ва прокурорларга 12 ва ундан катта ёшдаги болаларни қамоққа олишга рухсат берилди.

Таҳлилларда келтирилишича, март-ноябрь ойлари орасида полиция чекка ҳудудларда юзлаб тартибсиз рейдлар ўтказиб, 58 мингдан ортиқ одамни, жумладан, 1600 дан ортиқ болаларни ҳибсга олган. Human Rights Watch вa Kristosalaнинг қўшма ҳисоботида бу фавқулодда ҳолат даврида содир этилган инсон ҳуқуқларининг энг катта миқёсдаги бузилиши деб ҳужжатлаштирилган.

Ана шу сабаблар туфайли Сальвадордаги бу улкан қамоқхона кўплаб бегуноҳлар учун ҳам жафо ва жабр қароргоҳи бўлиши мумкинлиги нуқтаи назаридан фаолларда катта  норозилик уйғотмоқда.

Ҳозирча Сальвадор фуқаролари Букеленинг жиноятга қарши мисли кўрилмаган қатағон деб айтилаётган қамоқхонанинг ташкил этилишини сукут билан қабул қилдилар.

Сальвадорнинг изоляция қилинган минтақасида 410 акрга яқин майдонни эгаллаган ушбу қамоқхона Букеленинг жазоловчи давлати намунаси сифатида қараляпти. Ва у дунёдаги энг катта ва энг гавжум қамоқхонага айланиши мумкин.

Лойиҳа қандай молиялаштирилгани ҳам сир сақланмоқда. Бундай лойиҳаларга масъул вазирлик мамлакатда қамоқхоналар қурилиши ҳақидаги ҳеч қандай маълумотни очиқламайди. Қайси компанияларга уни қуриш учун фойдали шартномалар берилгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Ҳарқалай, чегарасиз фавқулодда ҳолат вазиятлари ва юқори даражадаги қамоқхоналар давлат учун арзонга тушмайди ва бу мамлакат иқтисодиёти носоғлом эканини кўрсатмоқда.

Сальвадор қатағондан олдин ҳам дунёда жон бошига қамоқхоналар сони энг юқори бўлган мамлакат эди. Босқиндан сўнг, мамлакат бу даҳшатли статистикада янада етакчи бўлди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Сальвадордаги қамоқхона рақамларини текшириш ҳар доим қийин бўлган. Фақат охирги йилда янгиланмаган расмий рақамлар мавжуд. Ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда қамоқдаги маҳбусларнинг умумий сони 100,000 атрофида, бу 6,5 миллион кишилик мамлакат учун ҳайратланарли рақам.

Бироқ ҳибсга олишлар жиноятнинг камайишига олиб келгани ҳам айтиляпти. Расмий статистик маълумотларга кўра, 10 йил ичида қотилликлар сони 2015 баробарга камайган.

Шундай бўлса-да, бу ҳаддан ташқари жазоловчи ёндашувнинг узоқ муддатли муваффақиятини ҳеч нарса кафолатламайди.

Букеле шундай улкан полиция давлатини яратиб, олов билан ўйнашаётган бўлиши ҳам мумкин. Хавфсизлик кучлари кучли манфаатли гуруҳларга айланиши ва уларнинг талаблари бажарилмаса, ҳатто ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниши ҳеч гап эмас.

Сиёсатшуносларнинг якуний хулосаси эса мана бундай: Букеле ўн минглаб «террорчилар»ни ташқи дунёдан узиб, панжара ортида ушлаб туришга муваффақ бўлса ҳам, қамоқхоналарда жиноий гуруҳлар гуллаб-яшнайди. (Аслида, Сальвадорнинг энг машҳур жиноий гуруҳлари Америка Қўшма Штатлари қамоқхоналари тизимидан ўсиб чиққан.)

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз