Регистон майдонида ташкил этилган маҳорат дарсларида тадбиркорлик соҳасида юксак муваффақиятларга эришган юртимиз ва хорижда самарали фаолият олиб бораётган 12 нафар тадбиркор “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида ёшлар билан мулоқот қилди. “Бизнес марафон” иштирокчилари маҳоратли тадбиркорлардан бизнес юритиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш имконига эга бўлди.
– “Бизнес марафон” мотивацион тренингни ўтказишдан мақсад соҳага кириб келаётган ёки бўлмасам тадбиркор бўлишга қизиқаётган, лекин нимадан бошлашни билмай турган ёшлар ўзига хос йўл-йўриқ кўрсатиб, уларга далда бериш ва руҳлантиришдан иборат, – дейди “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Саттaров. – Таъкидлаш жоизки, вилоятлар кесимида ўтказилаётган бизнес дарсларимизга қизиқувчилар сони секин аста ортиб бормоқда. Самарқандда энг кўп иштирокчи – 3500 нафар ёш тадбиркор билан офлайн тарзда мулоқот қилди. Энг муҳими, биз мулоқотни онлайн тарзда ҳам йўлга қўйганмиз. “Бизнес марафон”да қатнашиш имконига эга бўлмаган ёшларимиз ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига маҳоратли тадбиркорларимизга йўллаб жавоб олиш имконига эга бўлди.
“Бизнес марафон” мотивацион тренинг дарсларида иштирок этган спикерлар ўзларининг бизнесдаги илк қадамлари ҳақида ҳам маълумот бериб, ёшларни ўзлари қизиққан соҳада қўрқмасдан фаолият бошлаши лозимлигини алоҳида таъкидлашди.
Юртимиз ва хорижда маҳорат билан бизнес юритаётган тадбиркорларимизнинг сабоқлари самарқандлик ёшларни тадбиркорлик соҳасидаги режаларини ҳаётдаги асосий мақсадга айлантирди. “Бизнес марафон”да қатнашган кўплаб ёшлар шу ернинг ўзида келгуси мақсадларини аниқ қилиб олди.
“Бизнес марафон” ёшларнинг саволлар марафонига айланиб кетди. Спикерлар ёшлар томонидан ҳар бир саволга батафсил жавоб қайтариб, уларга зарур тавсияларни берди.