Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятдаги мавжуд техникумлар, коллежлар, касб-ҳунар ва ихтисослаштирилган мактабларда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни, “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида”ги намунавий Низом ҳамда Меҳнат кодекси талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Жумладан, Пахтачи тумани Педагогика коллежида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш бирор бир ходимга бириктирилмаган. Уларни қабул қилиш учун ҳам алоҳида хона ажратилмаган. Мурожаатлар билан ишлаш юзасидан алоҳида бўлинма ташкил этилмаганлигини гапирмаса ҳам бўлади. Раҳбарият томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш жадвали эса тузилмаган. Аслида бундай маълумот муассаса биносининг ташқи ва ички қисмига жойлаштирилган бўлиши керак. Мурожаатларни шакллари ва турларига ажратган ҳолда ҳисобини юритиш амалиёти йўлга қўйилмаган. Мурожаатларни қайд этиш дафтарлари эса умуман юритилмаган.
Жомбой туман 2-сон касб-ҳунар мактабида ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш аҳволини қонун талаблари асосида, деб бўлмайди. Масалан, директорнинг 2022 йил 5 январьдаги “Вақтинча вазифа юклаш ҳақида”ги 4-к сонли буйруғи билан ходим Й.Г.га вақтинча вазифа юклатишда ходимнинг розилиги олинмаган. Ушбу ҳолат муассаса директорининг мазкур санадаги “Гуруҳ раҳбари тайинлаш ҳақидаги” 4/1-к сонли буйруғида ҳам такрорланган.
Бундан ташқари, Й.Г. ўзига юклатилган вазифа билан таништирилмаган. Меҳнат Кодексини 178-моддасига асосан ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан таништирилиши лозим. Шунингдек, муассаса томонидан бундай ҳолатлар ўнга яқин ана шундай буйруқларда ҳам такрорланган.
Ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги 70 дан ортиқ муассасаларда ўрганиш ишлари олиб борилиб, натижасига кўра 6023 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган қонунбузилишларнинг 2293 таси мурожаатлар билан ишлаш, 3431 таси меҳнат муносабатлари ҳамда 296 таси бошқа соҳаларга оид. Адлия органлари томонидан мазкур қонунбузилишлари юзасидан ваколатли органларга 70 дан ортиқ маъмурий таклиф киритлди.
Шунингдек, муассасаларда юқоридаги норма талабларига риоя қилиш, мавжуд қонунбузилишларини бартараф қилиш ва аниқ чора-тадбирлар белгилаш юзасидан 34 та тақдимнома ва ходимларга тўланиши лозим бўлган устама ҳақларни ундириш юзасидан судларга 9 та даъво аризалари киритилди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими