«Сўнгги кунларда бир неча тадбиркорлик субъектларига кириб, ўзларини “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси (СЭС) ходимимиз” дея таништириб келаётган ҳолатлари бўйича мурожаат бўлмоқда.
Сохта “СЭС” ходимлари “Бир йил давомида дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишларини амалга ошириб берамиз, шу билан бирга сизларни йил давомида ҳеч қандай текширувчи келиб безовта қилмайди” деган важ билан сохта ҳужжатларни кўрсатиб, тадбиркорларни алдаб, пул ундириб юришибди.
Ҳурматли тадбиркорлар! Расм ва видеода кўрсатилган “сохта СЭС ходимлари” Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар Дезинфекция станцияси ва туман ҳудудий бўлимларида фаолият юритмаслигини маълум қиламиз.
Эслатма:
Юқоридаги кўнгилсиз ҳолатга дуч келсангиз, аввало зарарсизлантирувчи восита сотаётган фуқаролардан:
-
- хизмат гувоҳномаси;
- қайси ташкилот ёки бошқармада фаолият юритиши;
- зарарсизлантирувчи восита сотиши ва сотиб олишингизга асос сўрашга ҳақли эканлигингизни унутманг.
Сиз талаб қилган маълумотлар беришдан бўйин товлаган фирибгарларга алданиб қолманг.
Шунингдек, тадбиркорлардан юқоридаги важ асосида ушбу шахслар мурожаат қилганда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 78 8880101 (050) Ишонч телефони, Тошкент шаҳар бошқармасининг 71 248-12-43 телефон рақамига ёки Тошкент шаҳар ИИБ ва ҳудудий бўлимларига зудлик билан хабар беришингизни сўраймиз», — дейилади Санэпидхизмат мурожаатида.