Барчамизга маълумки, 2020 йилнинг 1 май тонгида “Сардоба” сув омбори деворининг шикастланиши оқибатида катта сув тошқини рўй бериб, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари ҳар томонлама жиддий зарар кўрди. Азалдан бундай оғир кунларни ҳамжиҳатлик билан мардонавор енгиб ўтган халқимиз янада жипслашиб, бу талофатни ҳам бир тану бир жон бўлиб бартараф этди. Ушбу оғир дамларда халқимизнинг одамийлик, меҳр-оқибат, саховат, инсонпарварлик каби олижаноб фазилатлари, қадриятлари, ўзлигини янада намоён этди.
Бироқ… Халқимиз томонидан берилган беғараз ёрдамларни, талофатдан азият чеккан фуқароларга тенг тақсимлаб тарқатилиши лозим бўлган бир вазиятда айрим нобакор, аблаҳ кимсалар ёрдам тариқасида юборилган маҳсулотларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб даромад олишдек паст ниятларини амалга оширдилар.
Ҳали 30 ёшга ҳам кириб улгурмаган сардобалик М.Жўрақулов (исми ўзгартирилган) “ёш” бўлишига қарамасдан, Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган фирибгарлик жиноятини содир этиб, озодликдан чеклаш жазосини ўтаб туриб, ўз ҳамқишлоқларига хиёнат қилди. Аввалига мактабларга эвакуация қилинган аҳолига ижтимоий ёрдам бериш мақсадида у ердаги мутасаддиларга учрашиб, “Қизил ярим ой” жамиятидан кўнгилли (волонтёр) сифатида бириктирилганлигини, уларга кўмаклашишини айтиб, шундан сўнг ҳар куни жабрланганлар ёнида қолиб, уларга ҳомийлар томонидан юборилган зарур маҳсулотларни тарқатишда ёрдам бериб турди.
Бир сафар тумандаги 21-мактаб директори ўринбосари билан мактабда вақтинча яшаётган аҳолига зарурий маҳсулотларни олиш учун Сардоба тумани ҳокими номига талабнома ёзишиб, 11-сонли мактабдаги омборга бориб, талабнома бўйича 17 турдаги 338 дона маҳсулотларни олиб келиб, тарқатишга бош-қош бўлди ҳам.
Айни ўша пайт хавфли рецидивистнинг фирибгарлик “хуружи” тутди. Талабнома мавжуд бўлса, омбордан маҳсулот олиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган М.Жўрақулов Сардоба тумани ҳокими номига сохта талабнома тўлдириб, ўзининг гўёки “Қизил ярим ой” жамияти раҳбарининг ўринбосари сифатида киритиб, сохталаштирилган талабнома тайёрлаб, йўл-йўлакай нотаниш “Дамас” русумли автомашинани гаплашиб, 11-сонли мактабда жойлашган омборга “шаҳдам” қадамлар билан кириб келди. Бундай талатўп оғир пайтда М.Жўрақуловнинг талабномаси сохта эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган омбор мудири унга 4 дона белкурак, 4 дона кетмон, 4 дона теша, 30 дона матрас, 30 дона ёстиқ, 72 дона кўрпа, 30 дона чойшаб, 70 дона халат, 24 жуфт шиппак, 75 дона сочиқ, 41 дона футболка, 60 дона ҳожатхона қоғози, 144 дона тиш тозалагич, 40 дона коса, 40 дона памперсларни қўш-қўллаб бериб юборди. М.Жўрақулов қўлга киритган маҳсулотларни “Дамас”га юклаб, Сардоба тумани маркази Пахтаобод шаҳарчасига олиб бориб, эркин тадбиркор сифатида кўча-куйда сотиб юрди. Шундай қилиб, хавфли рецидивист М.Жўрақулов ҳамқишлоқларига аталган 15 154 000 (ўн беш миллион бир юз эллик тўрт минг) сўмлик зарур маҳсулотларни нобакорларча тагига “сув қуйди”. Сийқаси чиқиб кетган ўша эски “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган мақолда айтилганидек, орадан ўн кунлар ўтар-ўтмас, М.Жўрақуловнинг кирдикорлари фош бўлиб, эл-юрти олдида яна бир карра шарманда бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани судида Ж.Турдимуродов раислигида хавфли рецидивист М.Жўрақуловнинг жиноят иши синчиклаб ўрганиб чиқилди. Суд судланувчи М.Жўрақуловнинг Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 228-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, унинг содир этган жиноятини ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашнинг имкони йўқ, деган хулосага келиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланиб, Жиноят кодексининг 60-, 61-моддалари тартибида 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шуҳрат СУЯРОВ,
журналист