Сардоба тумани адлия бўлимига Сардоба тумани “Пахтаобод пахта тозалаш” АЖда ишлаган 7 нафар ходим мурожаат қилиб, иш ҳақларини ундиришда амалий ёрдам сўради.
Туман адлия бўлими томонидан фуқаролар мурожаати бўйича тегишли ҳужжатлар ўрганилганида “Пахтаобод пахта тозалаш” АЖ томонидан 37.339.000 (ўттиз етти миллион уч юз ўттиз тўққиз минг) сўм миқдорида ойлик иш хақлари тўланмаганлиги маълум бўлди.
Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт деб белгиланган.
Мазкур кодекснинг 161-моддасига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддаси 5-бандида ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва бошқа унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилади деб кўрсатилган.
Юқоридаги нормаларга асосланиб, туман адлия бўлими томонидан “Пахтаобод пахта тозалаш” АЖ ходимлари манфаатини кўзлаб Оқолтин туманлараро фуқаролик судига аризалар киритилиб, натижаси бўйича фуқароларга жами 37.339.000 (ўттиз етти миллион уч юз ўттиз тўққиз минг) сўм иш ҳақиларини ундириш бўйича суд буйруқлари чиқарилди ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди.
Илҳом Юнусов,
Сардоба тумани адлия бўлими бошлиғи