Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонСенаторлар давлат тили тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишни...

Сенаторлар давлат тили тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишни маъқуллади

Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. 

“Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, Президент Фармони билан 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланди. Бу байрам ҳақидаги норма янги Қонунда ҳам ўз ифодасини топган.

Шунингдек, Қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган.

Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмаганлиги ҳам ушбу Қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмокда.

Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Унда Қонуннинг мақсади ва қўлланиш соҳаси, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистан Республикасининг давлат тили, Ўзбекистон Республикасида бошқа тилларнинг мақоми, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, давлат тилини ривожлантиришдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш бўйича ваколатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги  ваколатлари, давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати каби янги нормалар мавжуд.

Мазкур Қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз