Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “…баҳона эди, …сени изладим” шаклидаги қўшма гапдан иборат постлар челленжи кузатилмоқда. Бунда исталган фикрни шу гап шаклига солиб айтиш талаб қилинади. Кутилмаганда кенг тарқалган ушбу челленжда тармоқ фойдаланувчиларининг фикри, кайфияти, ўйлантираётган ва қийнаётган муаммолари енгил, аниқ ва креатив тарзда ифодалангани билан эътиборга тушди.
Ўзи нимадан бошланди?
Бир неча кун аввал, аниқроғи 8 март куни Твиттер фойдаланувчиси кимнингдир Инстаграмдаги “сторис”идан қуйидаги суратни олиб Твиттерга жойлади ва ибора қанот чиқарди.
Билгичлар ушбу челлендж бундан бир йил аввал туркиялик таксичи томонидан бошланганини айтишмоқда. Аммо ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментига бу энди келди.
Романтика
Халқаро хотин-қизлар куни тармоққа чиққан ушбу суратлар бирдан романтик кайфиятни пайдо қилди ва фойдаланувчилар ўз касби, машғулотини назарда тутган ҳолда шу типдаги твитларни ёза бошладилар:
Масала жиддийлашди
Кейинроқ челленж фалсафий, ижтимоий, сиёсий, экологик мавзуларни ҳам қамраб ола бошлади.
Айримлар “ситуацион маркетинг”дан ҳам фойдаланишни эплади. Хусусан, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўзи таржима қилган бестселлар муқовасини улашиб изоҳ қолдирди, “Шоҳ дентист” тахаллусли стоматолог эса клиникасида тушган суратини қўйди:
Facebook да ким нимани излади?
10 март куни челлендж аста Facebook тармоғига ҳам кириб келди ва 11 март куни авжига чиқди. Бунда мазкур тармоққа хос эҳтирослар ҳам бўй кўрсатди:
Челленжлар нимага керак?
Челленж – инглизча чақирув, чорлов деган маънони англатиб, бунда бир одам бошлаган чорловни бошқалар давом эттириши ва бу бора-бора кенг миқёсни қамраб олиши назарда тутилади.
Кимдир ҳамфикрликдан, кимдир жамоавийликка эргашиб, яна биров ижтимоий тармоқда ўз саҳифасига эътибор қаратиш ва обуначи кўпайтириш илинжида тармоқ челленджларига қўшилади.
Ижтимоий тармоқдаги челленжлар бошқарилмайдиган, ўз-ўзидан пайдо бўлиб, ўз оқимида оқиб, бир кун қаерга сингиб кетганини ҳеч ким билмайдиган дарёдек гап. Бироқ катта ижтимоий аҳамиятга эга челленжлар ҳам кузатилади. Хусусан, шундай челленжлардан бири сифатида Ice Bucket Challenge тилга олинади. Ўшанда боши устидан бир челак муздек сув қуйиб, видеосини тармоққа жойлаш бошланган эди, мақсад глобал иқлим исиши муаммосига эътибор қаратиш бўлган.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳар бир тармоқнинг ўзига хос челленжлари машҳур. Масалан, Инстаграм ва Тик-токда маълум бир ҳаракатни такрорловчи видеолар челленжи бўлса, Facebook да яқинда кузатилган “Газета муқоваси сен ҳақингда нима дейди?” номли челенж машҳур бўлди.
Баъзан “Сени изладим” каби бир тармоқдан чиққан челленж бошқа тармоқларни ҳам қамраб олиши кузатилади. Бунда ҳар бир тармоқнинг ўзига хослиги қўшилиб, челленж занжири бойиб, ранг-баранглашиб боради.
Ушбу тармоқ ҳодисаси социологлар, психологлар ва сиёсий технологларимиз томонидан жиддий ўрганилиши лозим. Чунки челленжлар жамоатчилик кайфияти ва истакларининг инъикоси ўлароқ омма билан мулоқот қилувчилар учун муҳим коммуникация манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шаҳноза Соатова тайёрлади.