Жамият тараққиётида юқори билим ва малакага эга кадрларнинг аҳамияти катта. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ишга киришда, хусусан, давлат идораларига хизматга олишда таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция ҳолатлари кўп учрашини кузатамиз. Шу боис, дунёнинг ривожланган кўплаб давлатлари мазкур жараённи электрон тизимга ўтказган.
Бир миллиондан ортиқ мурожаат
Мамлакатимизда ҳам 2020 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат хизматчиларини ишга қабул қилишнинг шаффоф механизмини жорий этиш мақсадида «vacancy.argos.uz» платформаси ташкил этилди.
Платформа Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Германия ва Россия каби давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда жорий этилиб, бугунги кунда тизимда 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралардаги вакант лавозимлар эълон қилиниб борилмоқда.
2022 йилнинг 18 октябригача платформада бир миллион бир юз етмиш беш минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашиб, уларнинг 465 минг нафаридан ошиғи иккинчи босқичга, 200 минг нафаридан ортиғи учинчи – суҳбат босқичига ўтган. 41 минг 600 нафари ишга қабул қилинган. Ишга жойлашганларнинг 14 минг нафари аёллар бўлса, яна шунчаси 30 ёшгача бўлганлар ташкил этган. 6,5 минг нафари эса давлат фуқаролик хизматига биринчи маротаба қабул қилинган.
Платформага ўтган икки ярим йил давомида бир миллиондан ортиқ мурожаат бўлганининг ўзиёқ (айрим номзодлар бир нечта вакант лавозимга даъвогарлик қилганини унутмаслик керак) ишга кириш масаласида шаффофликка эришиш, унда ислоҳотлар амалга оширилиши қанчалик муҳимлигини кўрсатиб турибди.
Баъзида «vacancy.argos.uz» ҳақида гап кетганда юртдошларимизнинг «Ҳаммаси хўжакўрсинга» қабилидаги гап-сўзлари қулоғимизга чалинади.
Хўш, бу гапларда қанчалик жон бор? Танлов ғолиби бўлиш учун нима қилиш керак? Агар платформа мақсадига тўлиқ эришолмаётган бўлса, сабаблари нимада?
Мазкур мақолада танлов иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари асосида ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.
Инспекторлар янги тизимга мослашолмаяпти(ми?)
– Ҳозиргача «vacancy.аrgos.uz»да 46 та вакант лавозимга номзод сифатида қатнашганман, – дейди Фарғона вилояти Қува туманилик Аҳроржон Раҳмонов. – Масалан, жорий йилда ҳам тумандаги 2-мактаб директорлиги ва туман халқ таълими бўлими мудири лавозимларига ариза топширдим. Мудир лавозимига ўтказилган тестларда номзодлар орасида 3 марта ҳам энг юқори балл олдим. Аммо суҳбат босқичида фаолиятга доир бўлмаган саволлар берилиб, «йиқитишди». Низомга асосан тестдан ўтганлар ҳужжат қабул қилиш тугагандан бошлаб 15 иш куни ичида суҳбатдан ўтишлари керак. Аммо Қува тумани халқ таълими бўлими кадрлар билан ишловчи ходимлари ҳеч қачон бу тартибга амал қилишмади. Икки-уч кун олдин номзодни суҳбат бўлиши ҳақида огоҳлантириш ўрнига, тўсатдан кечки пайт «эртага палон вақтга шу ерга келинг» деб қўнғироқ қилган пайтлари ҳам бўлди.
Яна бир номзодлар учун ноқулай жиҳатни таъкидлашим керак. Платформа ташкилий жиҳатдан яхши тузилган бўлишига қарамай, вилоят ва туман ташкилотларида кадрлар бўйича инспекторлар тизимда ишлашни ҳали ўзлаштиролмаган. Айрим ҳолатларда эса уларнинг инсон омили аралашувига йўл қўяётганини ҳам пайқаш мумкин. Бу эса керакли номзодларнинг ўз ўрнини топишида тўсиқ бўлмоқда. Ҳаттоки, бир сафар ҳамма босқичлардан ўтганимда, очиқдан-очиқ, пора берсам, танлов бўлаётган лавозимга буйруқ чиқариб беришларини ҳам сўрашди. Мен эса пора бериб ишга киргандан кўра, ишламаганим яхшилигини айтдим.
Бундан ташқари, тест ва суҳбат босқичидан ўтиб ғолиб бўлган номзод туман кенгаши ва ҳокимликка маъқул бўлмаётган ҳолатлар ҳам учраб туради. Шу боис халқ депутатлари туман кенгаши ва туман ҳокимлигининг танловини дастлабки босқичда ўтказиш керак. Шундай йўл тутилса, ўнлаб номзодлар икки-уч ойлаб чўзилувчи танлов жараёнларида қатнашиб овора бўлмасдан, кенгаш ва ҳокимликка маъқул бўлганлар босқичли синовларда ўзларини синаб кўрарди. Чунки барча босқичлардан ўтса-да, туман ҳокими ёки туман кенгаши томонидан танланмаган номзод ўзининг қимматли вақтини йўқотмоқда. Оқибатда яна қайтадан танлов эълон қилиниб, ортиқча оворагарчиликлар юзага келади.
«Ишга киришингни мен ҳал қиламан»
Жалолиддин Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент молия институтини тамомлаб, бир неча йил Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Сурхондарё вилояти туман бўлимида ишлади. Яккаю ягона синглиси пойтахтга ўқишга киргач, уни ёлғиз қолдиргиси келмай, Жалолиддин ҳам ишини ташлаб, Тошкентга келади. Бу орада ўзи ишлаб юрган тизим – Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимидаги мавжуд бўш иш ўрнига «vacancy.аrgos.uz» орқали ариза топширди. Аризаси қабул қилиниб, тест саволлари босқичида етарли балл тўплади. Аммо суҳбатда, унинг таъкидлашича, «айлантириб» саволлар беришган ва ўтолмаганини айтишган.
– Шундай бўлса-да, яна икки-уч марта ҳаракат қилдим, – дейди Жалолиддин Раҳимов. – Ҳар гал суҳбатдан қайтдим. Кейин ҳафсалам пир бўлиб, тадбиркорлик йўналишига ўтиб кетдим.
Жалолиддин унгача ҳам Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманлари ҳокимлигидаги бўш иш ўринларига ариза топширган. Тест босқичидан ўтган. Бироқ суҳбат босқичига чақиришмаган.
– Тегишли ходимлар билан боғланганимда «Тестдан ўтган бўлсанг, нима бўлибди? Ишга киришингни барибир мен ҳал қиламан» деган жавоб олдим, – дейди у. – Таклифим шуки, номзодлар билан суҳбат жараёнлари ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри эфирга чиқарилса. Қолаверса, номзодга берилаётган саволлар ҳам инсон омилисиз танланса, шундагина ҳақиқий шаффофликка эришилади.
Тажриба қўл келди
Зилола Эрматова Юнусобод тумани ҳокимлигида матбуот котиби бўлиб ишлар эди. У платформада Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармасида матбуот котиби лавозимига танлов эълон қилинганини кўргач, ариза топшириб кўришга аҳд қилди.
Аввалига тестларга тайёрланди. Сайтнинг ўзидаги мавжуд саволларни ишлаб чиқди. Шу билан бирга ижтимоий-сиёсий жараёнларни пухта кузатиб, аёллар сиёсати бўйича юртимизда амалга оширилаётган ишларни, қарор ва қонунларни ўрганди. Буни қарангки, ана шу тайёргарлиги, қолаверса, шу пайтгача матбуот хизмати йўналишида ишлагани қўл келиб, у тестдан ҳам, суҳбатдан ҳам омадли ўтиб, ишга қабул қилинди.
– Истаган инсон платформанинг ичидаги савол ва синов тестларини бажариб ўзини синаб кўриши, танлаган йўналишига ишга киришга тайёрланиши мумкин. Бунинг учун мақсадига жиддийроқ ёндашиши ва ҳафсала қилиши керак бўлади, – дейди Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот котиби Зилола Эрматова.
Меҳнат бозорининг ўз талаблари бор
– Аввало шу нарсани яхши тушуниб олишимиз керакки, «vacancy.аrgos.uz» мурожаатчиларни иш билан таъминлайдиган тизим эмас. У билимли номзодга муносиб иш ўрнини таклиф этувчи, иш берувчига эса зарур ва тажрибали ходимни топиб берувчи платформа, – дейди Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов. – Платформанинг энг катта ютуғи мамлакатимизнинг исталган ҳудудида туриб исталган ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўрни ҳақида маълумотга эга бўласиз. Бу эса барчага ўз билимини синаб кўриш учун тенг имконият яратади. Шундай ҳолатлар бўляпти-ки, раҳбарлар мазкур тизим орқали ишга қабул қилинган ходимларига нисбатан «Мен кутганимдан ҳам аъло чиқди» дейишмоқда. Демак, ташкилотларга муносиб ишчилар, ходимларга эса билим ва тажрибасига мос иш ўрни топиб беришга ҳисса қўшяпмиз. Айни пайтда мавжуд камчиликлар устида ишлаб, тизимни янада такомиллаштириш ҳаракатидамиз. Сайтимизга келган маълумотлар асосида ўрганишлар олиб борганимизда, ишга қабул қилишда шаффофликка путур етказган айрим ҳолатлар ҳам аниқланмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида инсон омили аралашувига йўл қўйган ўн нафардан ортиқ ходимга чора кўрилди.
Шу боис, танловда иштирок этаётганларга агар жойларда танлов низомига зид ҳаракатлар кузатилса, @vacancy_argos_bot га мурожаат қилишини билдирамиз. Шу билан биргаликда, номзодлардан, аввало, талабларни синчковлик билан ўрганиб чиқишлари, ўзларини шу лавозимга муносиб деб билсалар, ариза топширишларини сўраган бўлардик.
Зебо НАМОЗОВА