Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариШартномавий муносабат тарафлар манфаатига хизмат қилади

Шартномавий муносабат тарафлар манфаатига хизмат қилади

Шартнома талаби бажарилиши мажбурий бўлган, уни имзолаган тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қиладиган, энг муҳими, талаби қонун сингари бажарилиши мажбурий саналган ҳуқуқий ҳужжатдир. Шартнома тушунчаси, уни тузишга оид талаблар ҳамда шартномавий мажбуриятнинг тартиб-қоидалари Фуқаролик кодексида ўз аксини топган.

Аммо кундалик ҳаётимизда шартномавий муносабатнинг аҳамиятини теран англамаётган ёки ўзининг шартномада акс этган мажбуриятини бажармаётган, ҳатто бажаришни хоҳламаётган субъектлар кўп учрайди. Буни иқтисодий судларга киритилаётган даъво аризалар кўламидан ҳам англаш мумкин.

Келинг, фикрларимизнинг исботи тариқасида айрим ишларга эътиборингизни қаратсак. Масалан, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг “ҲудудгазФарғона” филиали билан “Жамшид Обод қурилиш” хусусий корхонаси ўртасида юзага келган низони олайлик. Яъни хусусий корхона Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат этиб, “ҲудудгазФарғона” филиалидан 60.000.000 сўм асосий қарз, 30 000 000 сўм пеня ва суд ҳаражатларини ундиришни сўраган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тарафлар ўртасидаги низо пудрат шартномасидан келиб чиққан. Суд жараёнида аён бўлишича, 2018 йил 21 сентябрда пудратчи — “Жамшид Обод қурилиш” хусусий корхонаси ва буюртмачи — “Ўзтрансгаз” АЖ “Фарғонагаз” (ҳозирги “ҲудудгазФарғона”) филиали ўртасида 16-сонли пудрат шартномаси тузилган. Унга кўра, пудратчи ўз кучи ва воситалари билан Олтиариқ тумани филиали маъмурий ва ёрдамчи хўжалик биноларини мукаммал таъмирлаш  мажбуриятини олган. Қолаверса, шартномада шартнома имзолангандан кейин 10 кун ичида 30 фоиз миқдорида бўнак тўланиши ҳамда 60 кун ичида ишлар бажарилиши назарда тутилган.

Албатта, даъво мазмуни юқоридаги пудрат шартномаси бўйича бажарилган ишлар ҳақини ундириш ҳисобланади. Хусусий корхона судга ишлар бажарилганини тасдиқловчи далиллар сифатида ўзи томонидан имзоланган ва  2017 йилнинг март ойи учун тузилган “Бажарилган ишлар далолатномаси”, собиқ “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Олтиариқ туман филиали биносида 60 миллион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилгани ҳақидаги санасиз ҳисоб варақ-фактура ҳамда 2021 йил 27, 28 апрель кунлари “Олтиариқ тумангаз” бўлими  ходимлари томонидан расмийлаштирилган, лекин унда иштирок этган шахсларнинг таркиби турлича келтирилган далолатномани тақдим этди. Жумладан, даъво аризасига илова қилинган 2021 йил 28 апрелдаги далолатномани  “ҲудудгазФарғона” газ таъминоти филиали мутахассиси Ш.Исомитдинов имзолаган бўлса-да, бир кун олдинги далолатномада у кўрсатилмаган. Энг муҳими, даъвогар пудрат ишлари 2018 йилдаги шартнома бўйича бажарилганини тасдиқловчи далилларни, яъни тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳамда буюртмачига тақдим этган бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисоб-фактурани тақдим этмади. Судга тақдим этилган 2017 йил март ойида тузилган бажарилган ишлар далолатномасини  ва ҳисоб-фактурани  эса фақат даъвогар вакили имзолаган холос.

Бундан ташқари, судда даъвогар тилга олинган ишлар 4 йил аввал бажарилганини ҳамда 2017 йилдаги шартнома 2018 йил сентябрь ойида қайта расмийлаштирилиб берилганини таъкидлади. Лекин 2018 йил 21 сентябрдаги  шартномада у 2017 йилдаги пудрат шартномаси ўрнига тузилганлиги қайд этилмаган.

Фуқаролик кодексининг 646-моддасида “Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи бажарилган ишни қабул қилишдан бош тортганида, пудратчи шартномага биноан иш натижаси буюртмачига топширилиши керак бўлган кундан бошлаб бир ой ўтгач ва шундан кейин буюртмачини икки марта огоҳлантирган ҳолда иш натижасини сотиб юборишга, тушган пулни эса, пудратчига тегишли ҳамма тўловларни чегириб ташлаб, нотариал идоранинг депозитига буюртмачининг номига киритиб қўйишга ҳақли. Пудратчи пудрат нарсасини сотиш ўрнига уни ушлаб туриш ёки келтирилган зарарни буюртмачидан ундириб олиш ҳуқуқидан фойдаланишга ҳақли” дея белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд даъво талабини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Ёки “VODIY NEFT INVEST MONTAJ” масъулияти чекланган жамияти судга “FARGONA NEFTNI QAYTA ISHLASH ZAVODI” масъулияти чекланган жамиятидан 312.612.372 сўм асосий қарз ва 62.522.474 сўм миқдорида пеня ундиришни сўраб, мурожаат қилган. Аниқланишича, “VODIY NEFT INVEST MONTAJ” МЧЖ 2019 йил 1 ноябрь куни тузилган 494пр-сонли пудрат шартномасига асосан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг резервуарлари ҳамда технологик қувурларда 390 миллион сўмлик механик-монтаж ва таъмирлаш ишларини бажарган. Аммо буюртмачи зиммасидаги мажбуриятни бажармай, тўловни ўз вақтида амалга оширмаган. Ҳақдорнинг корхонага қарзини тўлаб бериши юзасидан қилган бир нечта мурожаатлари оқибатсиз қолдирилган.

Фуқаролик кодексининг 631-моддасига мувофиқ, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (пудратчи)нинг топшириға биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини пудратчига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, пудратчи эма иш  натижасини қабул қилиб олиш ва унинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Бинобарин, суд “FARGONA NEFTNI QAYTA ISHLASH ZAVODI” МЧЖнинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда даъвони қисман қаноатлантирди. Яъни корхонадан “VODIY NEFT INVEST MONTAJ” МЧЖ фойдасига 312.612.372 сўм асосий қарз билан бирга 30.000.000 сўм пеня ундириш хусусида ҳал қилув қарори чиқарди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, аввало, шартномавий муносабатга киришишдан олдин унинг барча талаб ва шартларини теран англаб етиш зарур. Шунингдек, тури ҳамда мазмунидан қатъи назар шартномавий мажбуриятдан бўйин товлашга ҳеч ким ҳақли эмас.

Жамила АКРАМОВА,
     Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз