Шавкат Мирзиёев 6 август куни Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида минтақада янги сиёсий муҳитни шакллантириш буйича қатор таклифлар берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Президент ташкил этилган учрашув учун Туркманистон давлати раҳбарига миннатдорчилик билдириб, янги сиёсий муҳит шакллантириш буйича қатор таклифлар берган:
“Бетакрор Авазада аъло даражада ташкил этилган саммит ва анъанавий самимий меҳмондўстлик учун ҳурматли Туркманистон президенти ва қардош туркман халқига чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этаман. Ушбу муҳташам залда муҳтарам ҳамкасбларимни кўриб турганимдан мамнунман.
Бугунги реал воқелик биздан Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида қатъий қадамлар ташлашни талаб қилмоқда. Узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталари ва тараққиётимизнинг янги драйверларини белгилаб олиш ғоят муҳимдир.
Муштарак стратегик манфаатларимиз йўлида биз минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишимиз зарур. Ишончимиз комилки, мамлакатларимиздаги ривожланган транспорт тизимлари минтақамизни Евроосиё қитъасининг муҳим транспорт хабига айлантириш имконини беради.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, миллий иқтисодиётлар ва аҳоли нуфусининг ўсишини ҳисобга олсак, минтақанинг энергетик хавфсизлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шу муносабат билан, биз ‘яшил’ энергетика ва энергия соҳасидаги самарадор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувларини доимий равишда ўтказиб бориш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Унинг биринчи йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича минтақавий тизимни жорий этиш ҳақидаги масалани киритишни таклиф қиламан.
Вакцинация сертификатлари ва тест натижаларини тан олиш мақсадида ягона ахборот тизимини ишга туширишни, юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашда тажриба алмашишни ҳамда тиббиёт ходимларини тайёрлашни кенгайтиришни, ҳаётий муҳим дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун фармакология ва кооперация соҳасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қиламан.
Минтақадаги экологик муаммолар доимо барчамизнинг диққат-эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Орол денгизининг ҳалокати оқибатларини юмшатиш учун барча зарур чораларни кўриш, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришимиз керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр билдриб, қатор таклияларни илгари сурган.
“Бутун минтақамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан қўшни Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл орқали тартибга солиниши билан бевосита боғлиқдир. Бизнинг бу масаладаги ёндашувимиз — ўт очиш ва зўравонликни тўлалигича тўхтатиш, музокаралар асосида барча томонлар учун мақбул бўлган келишувга эришишдан иборат бўлиб, бу тинчлик жараёнларини таъминлашнинг асосий шарти, деб ҳисоблаймиз.
Биз мамлакатда вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш учун йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш башаббусини илгари сурамиз. Дўст афғон халқига имкон борича гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттирамиз”, — деб таъкидлаган Президент.