Президент Бухорога ташрифи давомида Бухоро туманидаги Работиқалмоқ маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу ерда 9 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Илгари фойдаланилмай ётган майдонда тикувчилик корхонаси барпо этилган. 30 дан ортиқ хотин-қиз ўз маҳалласида ишли бўлган. Яқинда иш бошлаганига қарамай, корхона 100 мингта трикотаж маҳсулотлари учун буюртма олган.
Шавкат Мирзиёев мазкур корхона фаолияти билан танишиб, ишчилар билан суҳбатлашди.
– Маҳалладаги ўзгаришларни, сизнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Булар – халқ ичига кириб, халқ билан бирга қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг кичик бир натижаси. Агар ҳокимлик ва ташкилотлар шароит яратиб беролса, ҳар бир оила ўзини эплаб кетолса, мақсадимга эришган бўламан. Шунда катта оиламиз – давлатимиз ҳам мустаҳкам бўлади, – деган Президент.
Президент шу ерлик Бахтиёр Пўлатов хонадонида меҳмон бўлган.