Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съездида президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури билан таништирмоқда.
Congress Hall да бўлиб ўтаётган партия съездида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан делегатлар қатнашмоқда. Съездда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.
Номзоднинг сайловолди дастурига кўра, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланади ва қамров 100 фоизга етказилади. Боғча ва мактаблар фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратиш зарур. Шу мақсадда, “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури амалга оширилади.
Хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади. Давлат-хусусий шериклик асосида мактаблар қуриш кенг жорий этилади. Бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади.
Чекка ҳудудларда мактаб автобуслари бепул йўлга қўйилади. Келгуси етти йилда барча мактабларга чет эллардан “тил эгалари” бўлган ўқитувчилар олиб келинади.
Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатлари бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади.
Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади.