Фурқат туманининг Кимсанобод қишлоғида яшовчи Дилёржон Ҳожиев (судланувчининг исм-шарифлари ўзгартирилган) шу йилнинг январь ойида оилавий келишмовчилик туфайли рафиқаси билан уришиб қолди-ю, уйидан чиқиб кетди.
Хўш, энди қаёққа бориш керак, қаердан бошпана топиш лозим?
Бу савол ҳар қандай кишининг бошини қотириб, эсанкиратиб қўйиши ҳеч гап эмас. Аммо Дилёржон кўп ўйланиб ўтирмади. Бешариқ тумани марказий шифохонасига бориб, жонлантириш бўлимида даволанаётган беморларни қараш учун келган яқинларига кўмаклаша бошлади. Бинобарин, ўша фуқаролар учун мўлжалланган хонада тунаб, уларнинг овқатига шерик бўлиб юраверди. Негадир бунга шифохона маъмурияти ёки бўлим масъулларининг индамагани Д.Ҳожиевга жуда қўл келди.
Шу тариқа ҳожатбарор йигит йигирма кун-бир ой мобайнида жонлантириш бўлимида кун кечирди. Бироқ муқаддам — бундан 4 йил аввал ўғрилик жинояти учун судланган йигитни яна ўша “ҳунар”нинг хумори тутиб қолди. Айни ғараз ниятини эса собиқ ўғри 2021 йил 18 февралдан 19 февралга ўтар кечаси амалга оширди.
Гап шундаки, 2021 йил 15 февраль куни куни туманнинг Зарқайнар қишлоғида яшовчи Азиза Раҳмонованинг хўжайини Шуҳратжон Одиловнинг соғлиги ёмонлашиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига тушиб қолганди. Бинобарин, Азизахон уйга ҳам бормай, Шуҳратжоннинг тепасида турганди. 2021 йил 18 февраль куни турмуш ўртоғи ухлагач, у ҳам ўзи сингари фуқаролар учун мўлжалланган хонага кирди-да, жемферини тахлаган ҳолда столга бошини қўйди. Буни кўрган Дилёржоннинг эса фикри бузилди.
Аввалига у Азизанинг тепасига оёқ учида юриб борди. Сўнг аёлнинг жемфери тагида кўриниб турган пластик картасини билинтирмай олиб қўйди. Тун ярмида – соат 01:30 ларда бўлса А.Раҳмонова пластик картасини излашга тушди. Шифокор ва ҳамширалардан сўраб суриштирди, фойдаси бўлмади. Шунда Д.Ҳожиев ўзини билмаганга солиб, нимани қидираётганини сўради.
— Дадамнинг пластик карталарини ишлатиб тургандим. Бошимнинг тагида турганди. Эрталаб уйғонсам жойида йўқ, — дея жавоб берди Азиза.
Бу жавобдан эса ўғри йигит “унумли” фойдаланди.
— Менга картанинг кодини айтинг. Банкка бориб, қулфлатиб келаман, ичидаги пулни ҳеч ким ечиб ололмайди.
Айёр йигитнинг асл ниятидан бехабар аёл унга пластик карта рақамини айтиб берди. Шундан кейин эрталаб Дилёр тезда шифохонадан чиқиб кетди.
Буни қарангки, Д.Ҳожиев ўша кетишда Бешариқ деҳқон бозорига борди. Боргач бозор атрофидаги “Paynet” шохобчаларини кўздан кечириб, номаълум бир аёл киши ишлаётган шоҳобча олдида тўхтади.
— Мана шу картамдаги пулларни ечиб берсангиз, — деб илтимос қилди Дилёр аёлдан.
Шохобчаси соҳибаси ҳам унинг илтимосини дарҳол бажо келтирди. Яъни пластик карта ҳисобидаги 1.714.000 сўм маблағни ечиб, ўрнига шунча миқдордаги нақд пулни йигитнинг қўлига тутқазди. Бироқ кўп ўтмай, уни туман ИИБ ходимлари қўлга олишди. Негаки Азиза эрта тонгдаёқ дадаси Мансур Раҳмоновга хабар бериб қўйганди. Соат 07:30 ларда эса Мансур аканинг уяли телефонига пластик картасидан “ИМР0Н-КАМР0Н” фирмаси томонидан пул ечилгани тўғрисида хабар келади. Шунга кўра М.Раҳмонов Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасининг “102” қисқа рақамига мурожаат қилганди.
Шундан сўнг Дилёржон Ҳожиевга жиноят иши қўзғатилади. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди эса судланувчини Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Тайинланган жазони бўлса қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди. Шунингдек, суд тилга олингани каби жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш, ҳодимлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтиришни таъминлаш юзасидан хусусий ажрим чиқариб, уни Бешариқ туман тиббиёт бирлашмасига юборди.
Фурқатжон СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири