Ота-оналар фарзанди соғлиғига қанчалик эътибор қаратишмасин, қўллари тозалигини қанча назорат қилишмасин, уларни гижжалардан ҳимоя қилиш деярли имконсиз. Ўта қизиқувчан даврни бошидан ўтказаётган болалар ҳамма нарсани ушлаб кўргиси келади ва бу қизиқиш гоҳида ота-оналарга қимматга тушади. Гижжалар ва уларнинг турлари ҳақида Тошкент Тиббиёт Академияси кўп тармоқли клиникаси Болалар маслаҳат поликлиникаси педиатри Роҳила Маҳкамова маълумот бериб ўтади.
— Организмда, асосан болаларда учрайдиган гижжалар ҳақида маълумот берсангиз…
— Тиббиётда гижжанинг 250 дан ортиқ турлари аниқланган. Болаларда уларнинг 9 тури энг кўп учрайди. Гижжалар шуниси билан хавфлики, бола организмидаги энг керакли дармондорилар ва витаминларни ўзига сўриб олади ва болани ривожланишини ортга суради. Болаларда гижжанинг пайдо бўлиши ва кўпайиши осон кечади. Бунга сабаб аксарият болажонлар қўлини оғзига солишни одат қилади. Тирноқ остидаги микроблар организмга тушади ва гижжани ривожлантиради.
Гижжалар ўзидан организмни заҳарловчи модда ишлаб чиқаради. Натижада асаб, ошқозон-ичак, нафас олиш, юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда гижжаларнинг энг кўп учрайдиган турлари аскарида, острица, лямблия, энтеробиоз, трихоцефалёз кабилардир. Бир организмда турли хил гижжалар бўлиши мумкин. Фақатгина таҳлил натижалари орқалигина организмда қайси тури борлиги аниқланади. Гижжалар таснифига кўра, бир неча гуруҳга бўлинади. Ҳозирги вақтда нематода – ясси чувалчангсимон гижжалар кўпроқ учрайди.
— Юқиш йўллари қандай?
— Болалар катталарга қараганда шахсий гигиена қоидаларига кам амал қилади. Қолаверса, меъда ичак йўллари ҳимоясиз бўлгани учун гижжа юқтириш имконияти ҳам кўпроқ бўлади. Гижжалар асосан қуйидаги воситалар орқали организмга тушади: уй ҳайвонлари билан мулоқот, ювилмаган мевалар, сифатсиз гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, кир қўллар, ифлосланган ўйинчоқлар ва бутунлай шахсий гигиена талабларига риоя қилмаслик оқибатида.
— Гижжа борлигининг энг яққол ва яширин белгилари ҳақида маълумот берсангиз…
— Энг аввало боланинг овқат ҳазм қилиш жараёнига катта таъсир кўрсатади. Афсуски, ҳар 10 боланинг 7-8 нафарида зарарли паразитлар аниқланади. Гижжалар асосан яширин аломатлар билан ривожланади. Аммо ота-оналар қуйидаги белгилар кузатилса, ҳушёр бўлиши зарур:
- Уйқунинг бузилиши
- Кўнгил айниши
- сўлак ажралиши
- Бола ортиқча инжиқланиши
- ич келишининг издан чиқиши
- тез чарчаб қолиш
- тез-тез бош оғриши
- уйқусида тишини ғижирлатиши
- дерматит кўринишидаги тери реакциялари
Қолаверса, орқа чиқарув аъзоси қичишади. Бола уйқуси ичида ўша ҳудудни қашлайди. Бу бир неча маротаба такрорлангач, у ерда тошма ҳосил бўлади. Паразит нажас чиқиш йўлларига 5 мингдан 150 минггача тухум қўяди. Улар тез ривожланади ва ичак орқали бутун танага тарқалади.
Болада гижжа борлигининг белгилари кузатилса, дарҳол шифокор қабулига учраши зарур. Шифокор боланинг ёши, вазни ва кузатилаётган бошқа аломатларга кўра текширув натижаларини ёзади.
Агар хонадонда уй ҳайвонлари бўлса, бола ва ҳайвонларнинг алоқасини чеклаш зарур.
Ёдингизда турсин, барча таҳлил ва ташхислаш даволаш босқичлари тўлиқ шифокор назорати остида бўлиши зарур.
— Гижжа организмда қандай асоратлар қолдиради?
— Гижжаси бор болалар тенгдошларига нисбатан иммунитети паст бўлади. Сабаби юқорида айтганимдек, гижжалар организмга тушган энг фойдали неъматларни ўзи «ҳазм» қилади. Натижада болада камқонлик, тери рангининг очлиги, гоҳида юзда доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Қолаверса, болада сурункали чарчаш, ҳар куни кечги пайт орқа чиқарув тешиги атрофида қичишиш юзага келади. Айнан юқумли касалликлар иммунитети паст болаларда юқиш эҳтимоли юқори бўлади. Паразитлар инсон танасидаги фойдали элементларни истеъмол қилибгина қолмай, ўзидан токсик моддалар ҳам чиқаради. Организмда гижжалар қанчалик кўп бўлса, улар шунчалик кўп токсик моддалар ишлаб чиқаради. Натижада боланинг берзовталиги ошади ва асабий бўлиб, уйқусида ҳам ҳаловат қолмайди. Баъзи гижжалар соч тўкилиши мўрт бўлишига, товондаги терининг ёрилишига, тирноқларнинг қаватлашишига олиб келади. Гижжалар бўй ўсишига, вазн ортишига тўсқинлик қилади.
— Болаларда гижжанинг қайси тури кўп учрайди?
— Ҳозирда энг кўп учраётган паразит тури бу – лямбля ҳисобланади. Лаямбля – оддий, содда жонивор. У ўзидан ўзи одам организмида кўпаяди. Лямлбляси бор болаларнинг эрталаб иштаҳаси бўлмайди. Бу болаларнинг характерида инжиқлик, жиззакилик кузатилади. Лямбля асосан ўт йўлларида, ўн икки бармоқ ичагида яшайди. Биз таом тановул қилганимизда, овқат ҳазм бўлиши учун, ошқозондан кейин ўн икки бармоқли ичакка ўтади. Лямбля ўн икки бармоқдаги одам учун керакли витаминлар, минераллар, калий, кальцийлар билан озиқланади. Лямбля қайнатилмаган сув ва ичимликлардан юқиши мумкин. Болаларда энг кўп учрайдиган паразит турига яна – острица ҳам киради. У йўғон ичакда яшайди. Паразитлардан яна бир кенг тарқалган, болаларда кўп учрайдиган тури – аскарида. Урғочи аскарида тухумларини нажас анализида топиш мумкин.
Гижжалар тананинг қорин, ичак, қон томирлар, мия, лимфа, жигар, ўт халтаси ва ўпкада яшайди. Ушбу аъзоларни зарарламаслиги учун ҳам олдини олиш чораларни кўриш, аниқланганда ҳафсала билан даволаш чораларини кўриш зарур.
— Қандай текширувлардан ўтиш орқали аниқланади?
— Энг аввало нажас анализи оралиқ масофа билан уч мартта топширилади. Қоннинг гельминтларга анализи ва қоннинг умумий таҳлили ўтказилади. Агар бу текширувларда ҳам аниқ натижа кўринмаса, қўшимча текширув сифатида ички аъзолар УТТ иси ва Рентгенография буюрилади. Бу текширувлар орқали паразитларнинг қайси органларда жойлашганлиги аниқланади. Таҳлил натижалари аниқ бўлгач, шифокор гельминтларнинг қайси тури чиққанига қараб, дори воситаларини буюради.
— Даволаш чоғида нималарга аҳамият қаратиши зарур?
— Даволаш жараёни фақат шифокор назорати остида ўтишини таъминлаш керак. Ҳеч қандай анализ топширмасдан гижжа йўқ қиладиган дориларни болага ичириш фақат зиёндир. Шифокор паразит тури ва боланинг ёшидан келиб чиқиб даволаш чораларини кўради. Ўзбошимчалик билан гижжани даволаш боланинг соғлигига жиддий зарар кўрсатади. Айниқса, гижжаларни клизма орқали уй шароитида туширишга уринмаслик керак. Бу йўғон ва ингичка ичакнинг зарарланишга олиб келади. Гижжаларни аввал тиббиёт, кейин халқ табобати усулида даволаш зарур. Паразитлар ичакнинг юқори қисмларида жойлашган бўлади. Уларга қарши дори воситаларини истеъмол қилиб, тана зарарсизлантирилгандан сўнг гижжани туширувчи турли гиёҳлар ичиш мумкин. Бугунги кунда гижжани бартараф этиш учун турли препаратлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Касаллик қайталанмаслиги учун оиланинг барча аъзолари бир вақтда даволаниши зарур. Шу билан бирга, қатъий парҳезга риоя қилиш ҳам талаб этилади. Ширин, ёғли ва сут маҳсулотлари тавсия этилмайди.
— Олдини олиш учун ота-оналар нималарга аҳамият қаратиши зарур?
— Ёш болаларга доимо шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга ўргатиш зарур. Ҳар овқатланишдан аввал қўллар совунлаб ювилишига эътиборли бўлиш, болаларга ярим тайёр овқатларни имкон қадар бермаслик, болаларнинг ички кийимларини ҳар куни ювиб, дазмоллаб туриш зарур. Мева ва сабзавотларни яхши ювилганига ишонч ҳосил қилиб, кейин бериш зарур. Фақат қайнатилган сув ичиш, гўшт ва балиқ маҳсулотларини яхшилаб пишириб истеъмол қилиш зарур. Боланинг ўйинчоқларини тоза тутишга ҳаракат қилиш зарур. Уларни тез-тез ювиб, кейин фойдаланишга бериш керак. Агар уйда ёш болалар бўлса, уй ҳайвонларини боқишда жуда эҳтиёткор бўлиш зарур.
Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди.