Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариШифокорнинг мудҳиш хатоси

Шифокорнинг мудҳиш хатоси

Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша масъулияти, талаби ва қонун қоидаси борлиги барчамизга аён. Улар бузилса ишда қайсидир даражада хатолик юз беради. Яна шуни ҳам биламизки, заррача адашиш мумкин бўлмаган соҳалар ҳам мавжуд. Яъни, улардан бири тиббиётдир. Инсон саломатлиги, ҳаёти бевосита, таъбир жоиз бўлса қўлида бўлган  шифокорларга чиндан-да адашиш, хатога йўл қўйиш асло мумкин эмас! Холбуки уларнинг зиғирдеккина масъулиятсизлиги тузатиб бўлмас, мудҳиш хатога сабаб бўлиши мумкин.

Бу шундай аянчлики, битта шифокорнинг хатоси билан кишиларда бутун тиббиёт ходимларига баҳо бериб юбориш, уларга бўлган ишонч, қарашни ўзгартириб юбориши мумкин. Албатта, бу маълум муддатга бўлар, аммо фожиа!

Қарангки  кишилар чорасизлиги учунгина ўзини уларга топширади  ва қўпол ёки реал айтганда “Ўлдириб қўймаса бўлди”, қабилида инсоф тилаб, топганини қўлига тутиш пайида бўлади.

Тиббиёт ривожланган, замонавий технологиялар орқали танадаги ўзгариш, касалликни кўз билан кўриш мумкин бўлган бир даврда, республикамиз маркази — Тошкент шаҳридаги клиник шифохоналардан бирида ана шундай мудҳиш хатога йўл қўйилди. Оқибатда эса бир инсон, оила боқувчиси, икки боланинг отаси, ёшгина йигит бу оламдан бевақт кўз юмди.

Ойбек қорнида бошланган кучли оғриқдан азобланаркан, аёли тез ёрдам чақириш лозимлигини англади.

Биринчи ёрдамни кўрсатган тез ёрдам ходимлари шошилинч шифохонага олиб бориш жоизлигини тушунтириб, беморни Тошкент шаҳридаги  4-сонли ШКШга олиб келишади.

Шифохонада қон таҳлиллари олишади ва 5-сонли юқумли касалликлар шифохонасига ҳам олиб бориб шифокорга кўрсатишни айтишади. Беморда юқумли касаллик ҳолати аниқланмайди ва бу хирургик ҳолат бўлиши мумкинлигини айтишади. Қайта 4-сон ШКШга келган О.Ақиловни навбатни янги қабул қилиб олган шифокор Учқун Алимов кўради, таҳлиллари билан танишади ва ҳеч қандай қўрқинчли ҳолат йўқлиги, эрталаб келишса “ичак бўйича республикадаги энг зўр мутахассис”га кўрсатишлари мумкинлигини тавсия қилиб рухсат бериб юборади.

— Лекин эримнинг иссиғи баланд…

Аёлнинг бу гапи “бу ерда олиб қолганим билан мен ҳам ҳеч нима қилолмайман, эрталаб келинглар!”, деган совуққонлик билан якун топди. Доктор тез-тез юриб ичкари кириб кетади, бемор ва яқинлари эса фойеда, чорасиз, нима қилишни билмай донг қотишади. Оғриқ эса кучайгандан кучаяр, ҳарорат ҳам кўтарилиб борарди.

Қаеринг оғриса жонинг шу ерда, деган гап бор. Шу маънода азобланиб чиққан О. Ақилов учун тун чўзилгандан чўзилди. Уни оғриқдан ташқари ич сурилиши, ҳароратнинг 42° даражагача кўтарилиши ҳам ҳолини қуритарди.

Тонг отиб-отмай  шифохонага етиб келишаркан, тавсия этилган “профессор” Фарруҳ Далиевга учрашишди.

Беморни текшириб кўрган Ф. Далиев йўғон ичакда муаммо йўқ, бошқаси эса ҳеч нарса эмаслигини айтиб шифохонага ётқизади.

Эртасига жарроҳлик амалиётидан сўнг  Ф.Далиев қўлида бир нимани олиб чиқиб “Кўричак чириб кетган экан, энди ҳаммаси яхши бўлади”, дейди.

Бир сутка реанимацияга ётган О.Ақиловнинг умумий ҳолати яхшилигини айтиб, уни палатага олишаркан, аёлининг ҳамшира эканлиги учун ёнида қолишига рухсат беришади. Унинг айтишича, эрининг ҳарорати тушмаган ва бу ҳақда Ф.Далиевга айтганида, эрининг қорнига уланган шлангдан йиринг келиши, бу яхшиликка эканлиги ва уни бўшатиб туриш лозимлиги, шундан сўнг ўзгариш бўлишини айтиб чиқиб кетади. Аммо на шлангдан йиринг келади ва на ҳарорат тушиб ўзгариш бўлади. Кечга бориб беморда қайд қилиш бошланади. Навбатчи врачлар кириб, “йиринг чиқмаган бўлса, шприцда суғуриб олиб ташлаш керак эди”, дея шундай қилишади ва анча йиринг чиқиб, беморда сал ўзгариш бўлади. Бироз оромга кетади. Афсуски, у кўзини очиб ҳаётга енгиллик билан, яшаш завқи билан боқмайди. Яна оғриқ, кўнгил айниши, ҳарорат, ҳатто алаҳсираш ҳолатлари билан яқинларини ваҳимага сола бошлайди. Эрталаб кузатувга кирган Ф.Далиевга буни айтиб йиғлаган беморнинг аёлига у шундай деб жавоб беради: “Ўзбеклар ғалча, руслар зўр, тез тушунади!”.

— Улар сўраган ҳар бир дори, укол ва ҳатто совун-салфеткаларгача олиб келиб бериб турдик, — дейди О.Артиқовнинг аёли Гулмира Артиқова. — Ф.Далиев бу билан нима демоқчи бўлди?! Ахир эрим соғайгач барибир рози қилардик-ку, нега у бу қадар совуққонлик қилди?!

Дарҳақиқат совуққонлик. Масъулиятсизлик, бурчга хиёнат, қасамёдни унутиш!

Ўша куни эрида ҳаво етишмаслик ва баданида кўкариш бошланганини кўрган Гулмиранинг ҳаёлидан жарроҳлик амалиётида қатнашган анестизиолог Алим Салимовнинг “ишқилиб, сепцис бўлмасин-да”, деган гапи ўтади. У нимайкин, наҳотки эримнинг ҳаёти хавф остида?

Эрининг ҳолатидан қўрқув, ваҳимага тушган аёл Ф.Далиевга уни реанимацияга олишлари, эътибор билан қарашлари ва алоҳида назоратга қўйишларини илтимос қилиб ёлворади. Аммо…

Буюк рус олими, тенгсиз хирург қарийб 100 йил умр кўрган Фёдор Углов ҳар бир бемори ҳақида, уларнинг касаллик белгиси, тарихи, оғриқ жараёни, ҳатто шахси, руҳий ҳолати, оилавий шароити, жарроҳлик амалиётининг қандай кечгани миридан-сиригача ёзиб юрар, беморлари билан йиллар давомида мулоқотда бўларди. Бу билан ҳар бир касалликни чақирувчи омил, унга қаршилик қилувчи куч ва уни организмдан тамоман ҳайдаш йўлларини топиш ва бунга йиллар давомида амин бўлишни мақсад қилган.

У ҳақда ўқиганларимиздан гувоҳмизки, бунга эришган ва ҳар бир шифокорга токи фаолиятда экан ўқишдан, ўрганишдан тўхтамаслиги зарур ва муҳимлигини таъкидлаган.

Эътибор қилганмисиз, ОТМ ичида тиббиёт йўналиши энг узун муддатда битириладиган таълим маскани. Бу ҳам бежиз эмас. Битта олий мақомдаги шифокорнинг шаклланишига агарки унда иштиёқ, фидойилик ва касбга муҳаббат бўлса 10-15 йил кетаркан. Лекин шунда ҳам ўқиб-ўрганиш, жараёнларни кузатиш, тажрибали устозлар билан ҳамкорлик қилиш давом этаркан.

Хўш, биз энг малакали санаган шифокорларимизда ана шу рус олими Ф.Углов фидойилиги, жонкуярлиги бормикин? Балки бордир. Аммо, афсуски, уларни гоҳида бўлса-да, “даҳо”лигини инсон ҳаётидан юқори қўйгувчилар соясида қолиб кетишлари осон бўлади. Ўрмонга ўт кетса хўл-қуруқ баравар ёнади, деганларидек, битта ёмонлик бутун эзгуликни йўққа чиқариши ҳеч гап эмас.

Айтмоқчи бўлганимиз, атрофимиз, қаршимизда юқоридаги каби тамагир, ўз касбига нолойиқлар бор экан, лоқайд бўлмаслигимиз лозим. Айниқса, тиббиётда!

Бугун суднинг қора курсисида ўзининг совуққонлиги, касбига лаёқатсизлиги сабаб бир инсон ҳаётига зомин бўлиб ўтирган юқоридаги тиббиёт ходимлари Фаррух Далиев ҳамда Учкун Алимовларни қотилликка тенглаштириш мумкинми?!

Ахир кўра-била туриб борки имконияти, билими, тажрибасини ишга солиб бемор ҳаётини сақлаб қолмаган шифокор (агар шундай аташ мумкин бўлса) ҳолбуки, унинг ўлимига сабабчи бўлган ақл-идрокли мутахассисни бошқа нима дейиш мумкин?

Суд уларнинг қилмишини муносиб баҳолади. Сизчи, сиз қандай баҳолаган бўлардингиз?

 

Баҳриддин Икрамов,
жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз