Уй-жойга эга бўлишнинг қонуний тартиблари мавжуд. Бироқ кўплаб фуқаролар ушбу талаблардан бехабар ёки уй-жойни расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлари мавжуд эмас. Бу ҳолат, афсуски, муаммо устига муаммо келиб чиқишига, хусусан, ҳақиқатда яшаб турган жойга рўйхатга олиниши, мулкка эгалик қилишига монелик қилади.
Фуқаро Барно Хўжамуродова 60 ёшда. Тўрт нафар фарзанди аллақачон уйли-жойли бўлиб кетган. Аммо йиллар давомида унга бир ўй тинчлик бермасди: “Мен ўз уйимнинг қонуний эгаси бўла оламанми?”.
— Мирзаобод тумани “Оқолтин” МФЙ “Пахтакор” кўчаси 6-уйда ўттиз икки йилдан буён яшайман. Бироқ ушбу хонадонга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмасман. Тегишли ҳужжатлар йўқлиги сабабли уйни ўз номимга расмийлаштиролмай юрган эдим. Ушбу масалада бир неча ташкилот, бир неча идораларнинг эшигини «қоқдим”, фойдаси бўлмади. Хафсалам пир бўлди, — дейди Б.Хўжаназарова. — Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай газетада бир мақолага кўзим тушди. Мен каби муаммога дуч келган фуқаронинг мурожаати адлия органлари томонидан ижобий ҳал қилинган экан. Юрагимда умид пайдо бўлди. “Бу сафар ҳаммаси яхши бўлади” деган илинж билан Сирдарё вилоят адлия бошқармасига келдим. Уй-жойга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқи тан олинишида амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилдим.
Мурожаат бошқарма томонидан ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, Б.Хўжамуродова ушбу хонадонда 1989 йилдан буён яшаб келган, коммунал ва солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаган, хонадондан ошкора, узлуксиз фойдаланиб, шу давр мобайнида уй-жой бўйича ҳеч қандай низо чиқмаган, бу уйни 1989 йилда турмуш ўртоғи Ҳ.Хўжамуродов фуқаро Мақсуда Алиевадан сотиб олганлиги маълум бўлди.
Фуқаролик кодексининг 187-моддаси ва Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги “Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 16-сонли қарорининг 11 ва 12-бандларига асосан “Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши белгиланган.
Шунингдек, Б.Хўжамуродова 1989 йилдан буён ушбу хонадонда ўзи ва оила аъзолари билан яшаб келаётганли Мирзаобод туман “Оқолтин” МФЙ томонидан тузилган далолатномада ўз исботини топди.
Ўрганишлар натижасида фуқаро Б.Хўжамуродованинг манфаатида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига ариза киритилди.
Мазкур иш сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, фуқаро манфаатида киритилган ариза тўлиқ қаноатлантирилди.
Энди ҳавотирга сира ўрин йўқ. Б.Хўжамуродова 32 йил яшаб келган уйига эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланди, адлия аралашуви билан уй-жой ҳужжатлари қонуний расмийлаштирилди.
Тимур Каримов,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси