Савол:
—Мен бюджет ташкилотида ишлайман. Бу йил олий таълим муассасасига сиртки йўналишига ўқишга кирдим. Саволим шундаки сиртқи йўналишида ўқиш давомида ишдан ажралмаган холда ойлик маошим сақланган ҳолда ўқий оламанми?
Жавоб:
—Меҳнат кодексининг 256-моддасига кўра олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш даврида ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилади.
Бу таътиллар қуйидаги тартибда:
- Биринчи ва иккинчи курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида 20 календарь кун, ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида ўн календарь кун, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга эса, ҳар йили камида 30 календарь кун;
- Учинчи ва ундан кейинги курсда таълимнинг кечки шаклида олий ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида 30 календарь кун, ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётганларга ҳар йили камида йигирма календарь кун, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганларга эса, ҳар йили камида 40 календарь кун;
- Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида битирув имтиҳонларини топшириш даврида камида 30 календарь кун;
- Диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида олий ўқув юрти талабаларига 4 ой, ўрта махсус ўқув юрти талабаларига эса 2 ой муддат билан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар берилади.
Демак, ушбу нормаларнинг биринчиси сизга ҳам тегишли бўлмоқда ва бунда ўқишга боришингиз муносабати билан ўқиш таътилига кетганингизда, бу даврдаги ўртача иш ҳақингиз ва иш жойингиз сақланиб қолади.