Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланади.
Судланувчи А.Аброров (шахси шартли) АТБ “Агробанк” Наманган вилоят туман филиалида Оилвавий тадбиркорликни кредитлаш бўлимида бош менеджер лавозимида ишлаб келиб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қиши йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилади. У жорий йилнинг март ойида фуқаро Н.Илҳомовага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5896-сонли қарорига асосан Ипотека субсидия кредити ажратилиши учун таклиф қилинган кафилларни рад этиб, ўзи томонидан 2 нафар кафиллар А.Бутанов ва Ж.Камиловалар топилганини, кафилларни ҳар бирига 400 АҚШ долларидан пул берса, субсидия кредит ажратилишида ёрдам беришини айтиб, дастлаб 100 АҚШ доллари олиб, Н.Илҳомованинг номига 266.039.800 сўмлик субсидия кредити ажратилганлиги ҳақидаги кредит йиғма жилдидаги кафилларни имзоларини сохталаштириб, ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб, кредит маблағи ажратгач, 2022 йил 5 апрелда Н.Илҳомовага тегишли хужжатларини бериши ҳамда кафилларга кафиллиги эвазига хақини беришини айтиб, уни алдаб, олдиндан келишилган пул маблағидан 3.300.000 сўм пулларни хизмат хонасида олиб, Н.Илҳомовага таъқиқ хати, турар жой олди-сотди шартномаси ва давлат реестердан кўчирма берганидан сўнг, тадбир иштирокчилари томонидан холислар иштирокида ашёвий далил билан ушланган.
Дастлабки терговда Н.Илоҳомовадан олинган турар жой олди-сотди шартномасининг аслини, таъқиқ хати, кўчмас мулк обектига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида давлат реестеридан кўчирма хужжатлари, бир дона СD диск, сўзлашувларни эшитиш ва қайд қилиш баённомаси, тадбир давомида фойдаланилган 3.300.000 сўм пуллар, тергов ҳаракатлари ёзиб олинган бир дона DVD диск, А.Аброров томонидан етказилган зарарни қоплаш мақсадида депозит ҳисоб рақамига 4.432.000 сўм пул маблағи топширганлиги ҳақидаги квитанция асли ашёвий ва ёзма далил деб топилган.
Судга оид хатшунослик экспертизасининг 2022 йил 23 майдаги 1708-сонли хулосасига кўра, кредит йиғма жилдидаги ҳужжатлардаги имзолар Ж.Камилова томонидан эмас бошқа шахс томонидан бажарилганлиги;
Судга оид хатшунослик экспертизасининг 2022 йил 23 майдаги 1709-сонли хулосасига кўра, кредит йиғма жилдидаги ҳужжатлардаги имзолар А.Бутанов томонидан эмас бошқа шахс томонидан бажарилганлиги кўрсатилган.
Суд, судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, тарафларнинг музокара сўзларини, судланувчининг ҳимоя ва охирги сўзини тинглаб, ишдаги далилларни ҳар томонлама тўла ва объектив тарзда текшириб, муҳокама қилди.
Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 37-бандида қонунга мувофиқ, судлар, нафақат шахс жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, балки, айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборга олишлари лозимлиги, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи алоҳида ҳолатлар рўйхати қонунда кўрсатилмаганлигини назарда тутиб, суд қабул қилган қарорини ҳукмда асослантирган ҳолда жазони енгиллаштирувчи айрим ҳолатни ҳам, уларнинг мажмуини ҳам бундай ҳолат сифатида тан олиши мумкинлиги (масалан, судланувчи ёки ота-онасининг оғир касаллиги, уларнинг меҳнатга лаёқатсизлиги, айбдор ота-онасининг ёки боласининг бошқа боқувчиси йўқлиги, судланувчининг кекса ёшда эканлиги, унинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган жиноятни очишда фаол иштирок этганлиги, жабрланувчининг жиноят содир этилишига туртки берган ҳуқуққа хилоф хулқ-атвори, жабрланувчининг судланувчи билан ярашганлиги ва ҳ.к.),45-бандида жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ, айбдор ўзи эгаллаган лавозим ёки хизмат фаолияти билан бевосита боғлиқ ҳолда жиноят содир этган ҳар бир ҳолда, суд, жиноятнинг хусусиятидан келиб чиқиб, маҳкумни у ёки бу мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини муҳокама қилиши шартлиги, бундай жазони тайинлаш пайтида ҳукмнинг қарор қисмида судланувчи шуғулланиши мумкин бўлмаган мансаб характери ёки фаолият тури аниқ кўрсатилиши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.
Суд, судланувчи А.Аброровга нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноят бўйича айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан у айбланаётган моддалар санкциясида кўрсатилган жазони тайинлади.
Авазбек Инамов,
жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг раиси