Кечаги воқеани ёзмасам бўлмайди. Ярим кечаси кучли гумбурлаган овоздан барчамиз уйғониб кетдик. Болалар қўрқувдан йиғлай бошлади. Уларни энди юпатганимда, мушакбозлик авжига чиқди. Бир оздан кейин салютбозлик тўхтади. Ҳайрият дейишимни биламан етти маҳаллага эшитиладиган овозда «Бу менинг онам» қўшиғи янграй бошлади. Кошки, шу пайт қўшиқ кўнгилса сиғса. Уйқу батамом ўчди. Деразадан қарасам, рўпарадаги «дом»да 10-15 тача одам йиғилиб, онасини табрикламоқда. Кундуз бўлганида «нақадар гўзал манзара» дейишим аниқ эди, аммо ҳозир бунинг фурсати эмас. Ичимда тезроқ табриклаб, уйига кириб кетса эди деган фикрдан бошқаси йўқ. Онанинг қўлида ўша машҳур гулдаста: «жаннатим онам». Шу гулдастани кўрсам доим ўйлайман, шу гулни олган она доим ҳам фарзандлари ардоғидамикан? Ёки фақат туғилган кунларида хўжакўрсинга олармикан?
Лобар Хайруллаева, журналист:
— Ўзим гувоҳи бўлган воқеани айтай. Бир онахон 70 га кирди. Ўғиллари пул йиғиб туғилган кун қилиб беришмоқчи бўлди. Фарзандларидан бири туғилган кундан кўра шу пулга онамизни санаторияга жўнатайлик, даволатайлик,– деса акалари кўнмабди. Маҳалллага тарақа-туруқ тўйдек қилиб туғилган кунни нишонлашди. Бу шоуда сенарий бўйича «жаннатим онам» гулдастаси ва ўша қўшиқ янгради. Бир ҳафтадан кейин онахонни саломатлиги ёмонлашди. Афсуски, ўғилларидан бирортаси даволатай демади…
Ота-она азиз, ҳар қанча эъзозласак кам, аммо фақат эл кўрдиси учун шоулар уюштирилмаяптимикан? Ҳамманинг диққатини ўзига қаратиб, балки нафратини ошириб ярим кечаси табриклаш шартмикан? Шу ишларни кундуз куни бажарса, кимдир қаршилик кўрсатами? Ҳалиям, халқимиз андишали. Мана шундай томошалар кунда-кунора такрорланганда ўзининг ҳаловати бузилса ҳам, бировнинг байрамини бузмай дейди. Аслида қонун доирасида шовқин чиқариш яъни тунги вақтда – соат 23.00 дан 06.00 гача – фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш учун жарима белгиланган. Бунга кўра:
баланд овоз билан қўшиқ айтиш;
мусиқа чалиш;
товуш сигналлари бериш;
хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш;
турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш
фуқароларга 100 минг сўм, мансабдор шахсларга эса 150 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
Яна бир урчиб қолган одатимиз ҳақида тўхталмасам бўлмайди. Солиҳ фарзанд борки, ота-онасини умра ёки ҳаж амалига жўнатгиси келади. Айрим фарзандлар нима қилмоқда? Йўлланма олган кунидан кўз-кўз қилиш бошланади. Узоқ йўлдан ҳориб келган кекса ёшлилар аэропортнинг ўзидаёқ камераларнинг нишонига тўғри келади. Ўйлаб қоламан,умра сафарига йўлланмани гувоҳларсиз беришнинг имкони йўқми? Бу балки ибратдир, аммо ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Ижтимоий тармоқларни сохта кўзбоямачилик учун cонтент яратиш ва бу учун юзлаб инсонларнинг ярим кечаси тинчини бузиш қайси одоб-аҳлоқ қоидаларига киради.
Қолаверса, рўзғорни ҳаминқадар ўтказиб юрган инсонлар бу видеога кўзи тушмайди дейсизми? Ўша «Бу менинг онам»ни айтган санъаткорнинг «бирров»и Тошкент шаҳри бўйича 200-300 $ дан кам эмас. Қолаверса, декорация, видеокамера, гулдаста, торт ва бошқа харажатлар билан кичкина шоу 500 $ га айланмоқда. Бу бизнинг ўртача ҳисобимиз. Аслида дабдаба онага керак деб ўйлайсизми? Адашмаётган бўлаю, аммо она учун фарзандининг яхши ютуқлари ва соғлиғидан ортиқ бахт йўқ. Ярим соатлик шоу учун сарфланган пулга ота-она санаторияда бир ҳафта дам олиб, соғлигини тиклаши мумкин.
Хулоса эса ўзингиздан? Ярим соатлик «шоу» учун ярим кечаси бўлишни кутармидингиз?
Феруза РАҲИМОВА,
Hudud24.uz мухбири