Бош саҳифаLife StyleСпортчининг хоббиси ва бизнесдаги муваффақияти

Спортчининг хоббиси ва бизнесдаги муваффақияти

Америкалик профессор Ренди Пауш шундай деган эди: “Замон ўзгармоқда, биз ҳам улар билан ўзгаряпмиз. Оддий одам вақтни қандай ўтказишни ўйласа, ақлли одам вақтдан қандай фойдаланиш ҳақида ўйлайди. Вақтни пул каби эҳтиёткорлик билан бошқариш керак”. Инсон ҳаёти давомида ҳар хил машғулотларни ўзига одат қилади ва маълум вақт ўтгани сари улар ўзгариб бораверади. Лекин севимли машғулот яъни замонавий тилда хоббиʼ танлаш биз ўйлаганимиздан-да анча муҳимроқ. Инсон нимадан завқ олса, бу уни яшашга ундаса ва энг муҳими ўша машғулот уни соғлом бўлишга ундаса, айнан шу нарса билан шуғулланиши керак. 2019  йилда Ўзбекистон мезбонлик қилган Велосипед бўйича Осиё чемпионатида 10 дан ортиқ давлатлардан 50 га яқин велоспорт бўйича экспертлар Тошкентга ташриф буюришди ва шулар қаторида барчамиз ўрнак олишимизга арзийдиган испаниялик қаҳрамон ҳам келган эди. Испаниянинг кичик шаҳри Сантандерда муқим яшаб келаётган бу инсон билан шахсан танишганимдан буён, унинг ҳаётга бўлган интилиши, соғлом турмуш тарзи ва спортни ўзига одат қилгани менга мотивация бериб келади. Қандай қилиб 42 йил давомида ҳеч қандай узилишларсиз танаси ва руҳиятини соғлом тутадиган машғулот билан шуғулланиш мумкин? Демак, барчасини бир бошидан бошлаймиз.

Фермин Труэба Гарcиа, 1966 йилда Испаниянинг Кантабрия провинциясида туғилган бўлиб, ҳозирда ТруэбаСпорт компанияси асосчиси.

 

У 14 ёшидан велосипедда мунтазам учишни бошлаган. Профессионал ва рақобатбардош спорт ҳаётини ўта қисқа вақт давом эттирган, 22 ёшида бошлаб 25 ёшида якунлаган.  Аммо Фермин Труэба ҳаваскор велосипедчилар учун Испаниянинг турли ҳудудларида ўтказиладиган чемпионатларда доим кучли учталикдан ўрин эгаллаб келган.

  (1985)                                (1988)                              (1989)                                 (1991)

Ферминнинг дебютидан кўп ўтмай гуллаётган профессионал ҳаётини тарк этишига унинг ёшликдан олдига қўйган оилавий мақсадлари сабаб бўлган. У билан Файсбук ижтимоий тармоғи орқали 2022 йилда бўлган суҳбатда айтишича, Ферминни спортга, велосипедга меҳр қўйишига унинг отаси ва унинг бизнеси катта туртки бўлган. “Қизиқиш менинг оиламдан бошланган эди, отам велосипедчи эдилар ва улар ҳам велосипед сотиш билан шуғулланганлар” — дейди у. Хўш, бунинг нимаси ғайритабиий дейишингиз мумкин, бироқ ўз қизиққан соҳаси орқали ҳам даромад олиши ҳам ўзи истагандек соғлом ва тўкис ҳаёт кечириши ҳавас қилишга арзийди, албатта. Фермин ўзининг велоспорт тадбирларини бошқариш, ташкил этиш билан шуғулланувчи ва велосипедга керакли муайян хизматлар кўрсатадиган бизнеси орқали йил давомида Испаниянинг турли нуқталарида бўлади, ҳатто у Франция, Мексика, Доминикан Республикаси, Парагвай, Уругвай, Аргентина, Ўзбекистон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатларда ишлаш ва саёҳат қилишга ҳам велоспортга бўлган муҳаббати орқали муваффақ бўлган.

Испания экспертлар жамоасининг 2019 йилги чемпионатга ташрифи. Тошкент Халқаро Аэропорти.

Фермин Труэбанинг 53 ёшга тўлгани муносабати билан ташкил этилган кичик байрам. Пирамида меҳмонҳонаси.

Испания жамоасига таржимонлик қилмаган бўлсамда, уларнинг байрамига таклиф этилдим ва улар даврасида ўзимни гўё тенгқурларим орасидагидек ҳис қилдим: ўта самимий, очиқ кўнгил ва ҳазилкаш «қариялар» эди. Айнан ўша вақтда инсоннинг ташқи қиёфаси қанчалик катта кўринмасин уларнинг қалби доим ёш ва шижоатга тўла бўлиши мумкинлигига гувоҳ бўлгандим. Улар ёши ўтиб қариб бораётгани ёки юзларидаги тиришларга эмас, балки келаси ёшгача яна қандай орзу, мақсадларига етишишлари, яна нималар қила олишлари мумкинлиги ҳақида режалар қилишарди. Уларнинг ҳаётга моддият сифатида эмас, бир марта берилувчи имкон сифатида қараши ҳар бир ҳаракати, фикридан сезилиб турарди.

БАА велоспортчилар жамоасига таржимонлик фаолиятим давомида. Тошкент Интерконтинентал меҳмонхонаси ҳовлиси.

Биз улардан нега айнан велоспорт ёҳуд велосипед деб сўраганимизда — «Бу машғулот, аввало, менга барқарор ҳаракат ва табиат билан алоқа қилиш эркинлигидан ташқари, у мувозанат туйғусини ривожлантириш ҳамда уни бошқариш қобилятини таъминлайди. Ундан ташқари кундалик ҳаётимизда ҳам аҳамиятли бўлган саломатлик, ҳамроҳлик, атроф-муҳитга ҳурмат ва фидойилик тамойилларини таъминлайди, кўпроқ шахсни шакллантиришга ёрдам беради. Шунингдек, у қаерга борсангиз, мусобақа ёки машғулот учун янги дўстлар олиб келади, бу шахсий ривожланишга катта ёрдам беради ва турли воқеликларга янги нуқтаи назарларни уйғотади» деб жавоб бердилар.

Ферминнинг тажрибасига кўра, севимли машғулотни бошлаш учун инвестиция яъни сармоя киритиш бу табиий ҳолат ва бусиз ҳаракат самарасиз бўлиши мумкин. Велоспортни бошлаш учун дастлаб велосипед ва ундан фойдаланиш учун мос кийим сотиб олиш керак. Фермин ҳар бир инсон ўз иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, велосипед тури ва фойдаланиш мақсадига кўра 300$ дан бошлаб(асосан, транспорт воситаси сифатида) 1000$ ва ундан юқори(профессионал машғулот учун) маблағ сарфлаши мумкинлигини таъкидлади. Ва шахсан Фермин техник хизмат ва бошқа харажатларини ҳисоблаганда 1 ойда ўрташа 5$ севимли вело-машғулотига сарфлашини айтди. Унинг фикрига кўра, деярли барча Европа аҳолиси экологик тоза ва катта бюджет талаб қилмайдиган велосипедни энг мақбул транспорт воситаларидан бири сифатида тан олишади.

Ҳозирги кунда Фермин машғулотларга оиласи билан бирга чиқади ва икки фарзандининг ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилиши ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишига ёрдам беради.

Ҳар биримиз, ўз омадсизлигимиз ёки муваффақиятимизга фақат ўзимиз қилаётган хатти-ҳаракатларимиз орқали сабабчи бўламиз ёхуд эришамиз. Шундай экан, вақтимизни қайси машғулотлар билан банд қилишимизни чуқур ўйлаб кўрайлик! Сизнинг оддийгина соғлом ва бахтли ҳаётингиз минглаб инсонлар учун ҳаракатга ундовчи куч бўлиши мумкин.

 Зарнигор Маҳарова

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз