Бош саҳифаLife StyleССВ огоҳлантиради: Электрон сигарета ҳам ўлимга сабаб...

ССВ огоҳлантиради: Электрон сигарета ҳам ўлимга сабаб бўлади

Сўнгги пайтларда одатий сигареталар ўрнини саломатлик учун зарарсиз, дея тарғиб этилаётган электрон сигареталар (вейплар) эгалламоқда. Бироқ ушбу маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ваъда қилаётганидек, чиндан ҳам хавфсизми?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат ШУКУРОВ ушбу саволга батафсил жавоб берди:

— Статистик маълумотларга кўра, тамаки чекиш орқали ҳар йили дунёда 8 миллион нафардан ортиқ инсон вафот этади, — дейди Ш. ШУКУРОВ. — Тамаки тутунидаги заҳарли моддалар саломатликка салбий таъсир этиб, нафас йўлларининг шиллиқ қавати ва қон томирлар яллиғланиши, склеротик ўзгаришлар ҳамда хавфли ўсмалар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Қолаверса, чекишнинг ўпкага зарарли таъсири – ўз исботини топган ҳақиқат.

Бугунги кунда организмга зарарсиз, дея айтилаётган электрон сигареталар (вейплар) аксинча саломатлик учун ўта хавфли маҳсулот бўлиб, инсон танасида турли жиддий касалликларни келтириб чиқаради. Яъни, электрон сигаретани чекиш жараёнида никотин, хушбўй ҳид таратувчи, ширин таъм берувчи ва бошқа кимёвий моддалар организмга зарарли таъсир этади.

Қолаверса, электрон сигаретани (вейп) чекиш худди одатий сигареталар каби ўпка, юрак қон-томир тизими касалликларига, иммунитет сустлашишига сабаб бўлади.

Айниқса, бу маҳсулот марказий асаб тизимига салбий таъсир этиб, чекувчида қарамликни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, шифокорлар COVID-19 инфекцияси нафас олиш, иммунитет ва юрак-томир тизимлари функцияси бузилган инсонларда оғир кечишини инобатга олиб, бундай беморларни электрон сигареталардан фойдаланмасликларини маслаҳат беради.

Чунки ундаги аэрозоль таъсири ўпка тўқимасининг турли ҳужайраларига, шу жумладан, соғлом ўпканинг нормал функциясини ҳимоя қиладиган ҳужайраларга салбий таъсир этади.

Шунингдек, аэрозоль ўпкадаги баъзи бир иммунитет ҳужайраларини нобуд қилиб, унинг инфекция билан курашиш қобилиятини пасайтиради.

Шунингдек, вейплар нафақат чекувчи, балки атрофидагилар саломатлигини ҳам жиддий хавф остига қўяди. Яъни, иккиламчи тутун таркибидаги никотин чекадиганларга нисбатан атрофдагилар соғлиғига кўпроқ зарар етказади.

Маълумки, ўсмирлик даври мия ривожланиши учун критик давр ҳисобланиб, электрон сигарета чекадиган болалар ва ўсмирларда мия ривожланишининг бузилиши, хотира ва билим олиш қобилиятининг пасайиши ҳамда таҳликали неврозлар кузатилади. Ҳомиладор аёлларда эса никотин ҳомила миясига ана шундай таъсир кўрсатади.

Маълумотларга кўра, 2019-2020 йилларда (2020 йил 18 февралга қадар) АҚШда электрон сигареталарни чекиш оқибатида жами 2807 нафар киши касалхонага ётқизилган ва ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган. Шунингдек, 29 та штат ва Колумбия округида 68 та ўлим тасдиқланган.

Шу боис, бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё мамлакатларини электрон сигареталар тарқатилишини кескин чеклаш чораларини жорий этишга чақирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз