Акамникида яшаяпман. Бир нафар фарзандим бор. Суд ярашиш учун иккинчи маротаба 6 ой муҳлат берди. Алимент тайинланган, лекин эрим тўламаяпти. Уй олмоқчиман. Субсидия олиш учун ажрашишни кутишим керакми?
Cубсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказиладиган маблағ.
Ўзбекистоннинг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролари ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда субсидия ажратиш рад этилади:
а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;
б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;
г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;
д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;
е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан кам ва 8,0 бараваридан юқори;
Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравардан кам ва 9,2 бараваридан юқори бўлганда.
Бундай ҳолатда субсидия олиш учун никоҳдан ажрашиш шарт эмас.
Саволга фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Азиз Раҳмонов жавоб берди.