Бош саҳифаМуҳимСубсидия олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Субсидия олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 йилдаги «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 182-сон қарори қабул қилинган.

  1. Субсидия нима ва кимларга берилади

Субсидия – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат буджетидан ажратиладиган маблағ.

Субсидиянинг 2 та тури мавжуд:

Бошланғич бадал учун субсидия — талабгорга шаҳарларда ва қишлоқ жойларда қурилган квартирани ипотека кредити асосида сотиб олишда бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида Давлат буджетидан талабгор номига банкда очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағ.

Фоиз учун субсидия — талабгорга шаҳарларда ва қишлоқ жойларда қурилган квартирани сотиб олишда ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилишда ипотека кредити фоизининг бир қисмини қоплаш учун Давлат буджетидан талабгорнинг банкда очилган тегишли ҳисобварағига биринчи 5 йил давомида ўтказиладиган маблағ.

Субсидиялар фақатгина ариза берувчининг рўйхатдан ўтган ҳудуди бўйича берилади.

  1. Субсидия кимларга берилади?

Субсидиялар фақатгина 18 ёшдан ошган уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга, оғир ижтимоий ҳолатдаги хотин-қизларга, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол ёшларга ва шу тоифадаги Ўзбекистон фуқароларига ажратилади (даромади юқори бўлмаган оилаларга).

Даромади юқори бўлмаган оила — қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори:

Қишлоқ жойларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТEКМ) 3,0 бараваридан 6,9 бараваригача;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида белгиланган МҲТEКМнинг 3,0 бараваридан 8,0 бараваригача;

Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТEКМнинг 3,0 бараваридан 9,2 бараваригача бўлган оилалар.

  1. Субсидия олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак

Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

  1. Тақдим этиладиган ҳужжатлар

1)  жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;

2)  оила аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси, агар мавжуд бўлса фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари;

3)  белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

4)  доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);

5)  доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);

6)  ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

  1. Субсидиялар миқдори
  2. Уй-жойлар (квартиралар)ни сотиб олиш учун: шаҳарлар ва қишлоқ жойларда — бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;

биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

  1. Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратилган ипотека кредитларининг биринчи беш йил давомида фоизларини қоплаш учун — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.12.2021 йилдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-33-сон Фармонига кўра даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга Давлат буджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинди.

Эслатма!

Сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз