Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқСуд-хатшунослик экспертизаси ўтказишнинг мураккаблиги нимада?

Суд-хатшунослик экспертизаси ўтказишнинг мураккаблиги нимада?

Суд-хатшунослик экспертизаси— криминалистик экспертизаларнинг энг кўп тарқалган турларидан бири бўлиб, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича объектив ҳақиқатни очишга имкон беради. Унинг ёрдамида дастлабки тергов ва суд органлари фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича аҳамиятли бўлган шарт-шароитларни аниқлайдилар. Ушбу турдаги экспертизаларни ўтказишнинг қийинлиги одамнинг ёзув-ҳаракат кўникмалари ўта мураккаб ташкилий ва руҳий-физиологик асосга эгалиги, тадқиқотларнинг бевосита объектлари бўлган қўлёзма матнни бажариш жараёни эса бирданига бир неча ички ва ташқи омиллар таъсирида кечиши билан боғлиқ. Хатшунослик соҳасидаги назарий ва амалий тадқиқотлар доимо эксперт-хатшунос ҳал этадиган саволлар қамровини кенгайтиришга имкон беради.

Жиноий ишларни дастлабки тергов ва судда кўриш жараёнида ашёвий далил сифатида иш бўйича кўпинча тўпланган ҳужжатлардаги ёзув ва  имзоларни бажарган шахсни ёки айрим ҳолларда, муҳим аҳамиятга эга бўлган, шу ёзув ва имзоларни бажариш шароитларини аниқлаш муаммоси юзага келади. Бу турдаги холатлар, айниқса, ҳар хил пул-тўлов ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан жамоа ва давлат мулкини талон-тарож қилган шахслар айбини исбот қилишда алоҳида аҳамиятга эга.

Фуқаролик даъво ҳужжатларининг (масалан, тилхат, васиятнома ва бошқалар) ҳақиқийлигини аниқлаш билан боғлиқ ҳолларда ҳам хатшунослик экспертизасининг аҳамияти каттадир.

Хатшунослар турли қўлёзма ёзувлар, рақамли белгилар, ҳужжатлардаги имзоларнинг бажарувчиси ҳақидаги маълумотларни ва ҳужжатнинг тузувчисини аниқлайдилар, фуқаровий даъволарни кўриб чиқишда, жиноятнинг олдини олиш ва очишда аҳамиятга эга бўлган турли ҳужжатларни тузиш (ёзиш шароити, ёзувчининг ҳолати) билан боғлиқ бўлган бошқа ҳақиқий маълумотларни аниқлашга ёрдам берадилар.

Суд хатшунослик экспертизасининг предмети эксперт томонидан, фақат унинг ваколатларига тегишли фактларни  аниқлашни назарда тутади. Ушбу ваколатлар идентификацион ва ноидентификацион турдаги саволлар мажмуи билан қатъий равишда чегараланган бўлиб, ушбу саволлар суд хатшунослигида мавжуд мос ҳолдаги илмий ишлаб чиқилган ва тажрибада синалган тадқиқот методларини қўллаш орқали аниқ ҳал этилади. Шунинг учун, экспертиза тайинлаш ҳақидаги суриштирувчи, терговчининг қарори ёки суднинг ажримини олгандан сўнг, эксперт, биринчи навбатда ўз олдига ҳал қилиш учун қўйилган саволлар моҳияти билан танишиши зарур.

Хатшунослик экспертизаси айнан ва айнан бўлмаган масалаларни ҳал этади. Аниқ қўйилган саволлар билан танишиб чиқиб, эксперт тадқиқот мақсади ва чегараларини аниқлаб олади. Эксперт-криминалист ушбу ҳолатда, суд-хатшунослик соҳасидаги мутахассис олдига суриштирувчи, терговчи ва судья қўйган саволлар унинг ваколати доирасидан чиқадиган бўлса, уларни ҳал этишдан бош тортиши керак. Агар саволларнинг бир қисмини ҳал этиш учун бошқа соҳа мутахассислари керак бўлса, унда ҳар томонлама экспертиза ўтказиш зарур. Бунда, ёзув экспертизаси ҳужжатнинг ташқи кўриниши бузилиши мумкин бўлган тадқиқотдан аввал ўтказилиши лозимлигини ҳисобга олиш лозим.

Хатшунос эксперт тадқиқот жараёнида қуйидаги саволларга жавоб бериши мумкин:

– шубҳали қўлёзмани текширилаётган шахсларнинг қайси бири бажарган;

– текширилаётган қўлёзмалардан қайси бирини шубҳали шахс бажарган;

– шубҳали қўлёзмани бир шахс бажарганми ёки турли шахсларми;

– қўлёзма одатдаги ёки ғайриодатий ҳолатда бажарилган. Агар одатий бўлмаса, унда қайси ҳолатда;

– қўлёзма атайлаб ўзгартирилган ёзув билан бажарилганми;

– шубҳали қўлёзма бирор-бир шахснинг ёзувига ўхшатиб бажарилганми;

– қўлёзма жисмоний толиққан, руҳий ҳаяжон, оғир касаллик ёки алкоголь истеъмол қилган ҳолатда бажарилганми;

– қўлёзманинг бажарилган вақти;

– қўлёзмани эркак ёки аёл бажарганми?

Бундан ташқари, эксперт олдига бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

  Ҳужжатнинг ижрочиси ва унинг муаллифини аниқлаш билан боғлиқ саволларни ҳал этиш учун гумон қилинаётган шахсларнинг ёзув намуналарини танлаш керак.

Таққослаш тадқиқотига танлаб олинган хатнинг намуналари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак.

Мустақил бажарилганлиги. Ёзма нутқ ва ёзув намуналари сифатида танланган (қўлёзма) ҳужжатлар текширилаётган шахс томонидан ёзилган   ва сунъий равишда киритилган ўзгаришлар бўлмаслиги керак. Ёзма нутқ намуналари текширилаётган шахснинг ижодий иши бўлиб, улар услуб, грамматик ва мазмун нуқтаи -назаридан бегона шахсларнинг таъсирига тушмаган бўлиши лозим.

Ҳужжатнинг бажарувчисини айнанлаштириш (аниқлаш) учун ёзувнинг эркин ва экспериментал намуналари яроқлидир. Чап қўл ва босма ҳарфлар билан бажарилган ҳужжатлар тадқиқотига умумий тартибда ва оддий шароитда бажарилган эркин намуналар билан бирга, тадқиқ этилаётган ҳужжат бажарилган усулда бажарилган тажрибавий намуналар ҳам тақдим этилиши керак.

Тажрибавий намуналар олиш учун тадқиқот жараёнида ёзилишини текшириш мақсадида ўзига хос алоҳида сўзлар ва жумлалардан иборат махсус матн тузилади. Намуналарни танлаш иложи борича бир неча бор ўтказилиши керак.

Ёзув намуналарининг ҳажми. Умумий қоидалар бўйича, ёзма нутқ ва ёзув намуналари етарли айнанлаштирувчи индивидуал комплексга эга аломатларнинг турғунлигини текшириш ва аниқлашга имкон берадиган бўлиши керак. График ва лексик материалларнинг таққослаш тадқиқотига етарлилиги ва яроқлилиги, биринчи навбатда, нафақат сони ва сифатига, балки бажарувчи ҳамда муаллифнинг ёзма нутқ кўникмалари ва график ўзига хослиги унда аниқ акс эттирилганлигига ҳам боғлиқ.

Эркин намуналарнинг бажарилиш вақти. Таққослаш тадқиқотига танлаб олинган ёзув намуналари, тадқиқ этилаётган ҳужжатнинг ёзилиш вақтига мос келиши керак, яъни текширилаётган шахс томонидан бажарилган тадқиқ этилаётган ҳужжатнинг ёзилиш вақтига иложи борича яқин ёзилган бўлиши керак.

Таққослаш материаллари мавзусининг мазмуни. Ёзувни таққослашда намуналарнинг мазмуни тадқиқот натижаларига амалий таъсир этмайди. Шунинг учун иложи борича улар ҳужжатларнинг пухталик билан график бажарилиш даражасига таъсир этувчи, ўзининг мақсади бўйича ҳар хил бўлиши керак. Батартиб ёки эътиборсиз бажарилган қўлёзмаларнинг мавжудлиги аломатларни айнанлаштиришнинг турли вариантларини тушуниб олишга ёрдам беради.

Имзоларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш тадқиқотида таққослаш намуналарини танлаш баъзи бир ўзига хосликларга эга. Бу ўзига хослик ҳужжатнинг вазифасига боғлиқ бўлиб, имзо юқори ёки кичик пухталик билан бажарилиши, ўзига фамилиянинг кўпроқ ёки камроқ ҳарфларини олиши мумкин. Шунинг учун бошқа шахс томонидан имзолар бажарилганда, улардан пухталик билан ва пала-партиш бажарилган ҳар хил хусусиятга эга бўлган ҳужжатдаги имзолар эркин намуналарининг тўлиқ ва қисқартирилган тажрибавий имзолари олиниши керак.

Кўрсатилган эркин ва тажрибавий намуналар имзонинг қалбакилаштирилганлиги ёки йўқлиги, имзонинг қалбакилаштириш усули ва гумон қилинаётган шахс томонидан қалбакилаштириш бажарилганлигини аниқлашга имкон беради.

Наргиза  СОЛИЕВА,
Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ  лаборатория мудири

Жамшид МАМУРОВ,
Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз