Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонСуд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом эттирилади

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом эттирилади

Мурожаатномани тинглаб…

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатномани тақдим этди.

Анжуманда Президентимиз юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

Жумладан, жазо тизимини либераллаштирилиши муносабати билан 2020 йилда жиноят содир қилган 74 фоиз шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганлиги, халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси сифатида жиноят содир қилган 616 нафар афв этилганлиги, 719 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги эътироф қилинди.

Президентимиз сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ Қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинганлигини, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашини, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлигини таъкидладилар.

Жумладан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши ҳудудларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.

Ортиқча суд инстанцияларини бекор қилиш йўли билан “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий қилиниши эса туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш йўлга қўйилиши, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиши судда ҳар бир иш бўйича якуний хулоса қилишга эришилади.

Дастлабки эшитув институтининг жорий қилиниши судларда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари ва кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг баҳслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқаришга, жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципга сўзсиз риоя қилинишига, суд муҳокамаси давомида мақбул далиллардан фойдаланиш учун имкон яратишга хизмат қилади.

Президентимизнинг жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллашни давом эттириб, манзил колонияларни қисқартириш ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари енгилроқ жазога алмаштирилса тўғридан-тўғри пробация хизматига ўтказилиши, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш ҳақида тақдимнома киритиш ваколатини жазони ижро этиш раҳбарларидан янги ташкил қилинаётган “Инсонпарварлик комиссияси”га ўтказиш ҳақидаги таклифлари ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, бунинг оқибатида жабр тортадиган ҳар бир оила ва оила аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини турли салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишга, ўз оиласи бағрида бўлиб, оиласи тақдири билан шахсан шуғулланишига замин яратади.

Президентимизнинг қийноқларни олдини олиш, бу борада Инсон ҳуқуқлари маркази ва Омбудсман ваколатини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳар чоракда Омбудсаман томонидан тергов ҳибсхонлари ва жазони ижро этиш муассасаларида  мониторинг ўтказиши ва аниқланган ҳолатлар бўйича Олий Мажлиси палаталарига ҳисобот тақдим қилиш амалиётини жорий қилиш ҳақидаги таклифлари суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка, шунингдек, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш имконини берди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунлардан ҳамда адолат тамойилидан оғишмай амалга ошириш юклатилади.

 

Ҳабибулла Чиниев,
жиноят ишлари бўйича
Пастдарғом тумани судининг раиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз