Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни учинчи йўналиш сифатида белгилаб берди. Қолаверса, “Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда” дея алоҳида таъкидлади. Энг эътиборлиси, давлатимиз раҳбари тизимдаги муаммоларнинг ечимини ҳам кўрсатди.
Хусусан, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилади. Айни пайтгача бўлган амалиётда эса гумонланувчи ва айбланувчига тергов органлари билан “ҳамкорликда” иш юритадиган, аниқроғи уларга қарши боролмайдиган адвокатлар хизмати тавсия этилгани кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат. Янги тартиб жорий этилса, шахс ўзи таниган, ишонган адвокатни танлашига имкон яратилади.
Президентимизнинг таъкидлашича, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади. Бу масалада алоҳида Фармон имзоланади. Натижада одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш учун бериладиган санкция прокуратурадан судга ўтказилади. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилади. Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади.
Бундан ташқари, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Агар бугунги амалиётга назар ташласак, тергов органи узундан-узоқ айблов хулосасини судга юборади. Суд эса жуда кам ҳолатларда айблов хулосаси билан келишмаслиги мумкин. Ёки нари борса, айблов ўша модданинг енгилроқ қисмига квалификация қилинади холос.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали гумонланувчи ёки айбланувчига нисбатан қийноқ ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилганини ўқиб қоламиз. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатномасида айни масалага ҳам алоҳида тўхталиб, “Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади. Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият. Бош прокурор ва ички ишлар вазири бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шарт” дея уқтирди.
Мурожаатномада қайд этилганидек, келгусида илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолияти ҳам янги босқичга олиб чиқилади. Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилиши кўзланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари юртдошларимизнинг давлатга, амалдаги қонунларимизга бўлган ишончи ва ҳурматини оширади. Ватан тараққиёти учун дахлдорлик ҳиссини юксалтиради.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси