2020 йил 29 декабрь куни Президентимизнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги мурожаатида белгиланган вазифалар ва илгари сурилган ташаббусларнинг юқори аҳамияти ва долзарблиги барча ҳуқуқшуносларнинг, шу жумладан судьялар ва суд аппарати ходимларининг зиммасига катта масъулият юкламоқда.
Дарҳақиқат, бу гал ҳам Президентимиз суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.
Мурожаатномада суд-ҳуқуқ соҳасида амалга ошилириши лозим бўлган қуйидаги аниқ ўзгаришлар белгилаб берилди:
биринчидан, 2021 йилдан бошлаб “бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши, бунинг оқибатида суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарор бўлишинининг таъминланиши;
иккинчидан, жазони ижро этиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида 25 та манзил-колонияларнинг босқичма-босқич қисқартирилиши;
учинчидан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олди олиниши масаласининг ҳал қилиниши, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларнинг белгиланиши;
тўртинчидан, Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартибининг соддалаштирилиши.
Ушбу вазифалар ва ташаббуслар қаторида судьялар учун “бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Шуни қайд этиш керакки, бугунги кунга қадар вилоят даражасидаги судлар томонидан чиқарилган қарорлар устидан шикоятлар берилган тақдирда, ушбу шикоятларни шу судларнинг ўзлари кўриб чиқар эди. Ўз ўзидан келиб чиқадики, муайян суд томонидан ҳал қилинган масала айнан ўша суд томонидан кейинчалик бошқача ҳал қилиниши қийин эди. Бу эса суд тортишувларини давом эттирилишига, ишнинг қайта қайта кўрилишига сабабчи бўлар эди.
Мурожаатномада билдирилган таклифга кўра, жорий йилда суд тизимида бир-бирини такрорлайдиган босқичлар қисқартирилади. Жумладан, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиётидан ҳам воз кечилади.
Бу соҳадаги бошқа муҳим ўзгариш судлар тузилмасининг такомиллаштирилиши билан боғлиқдир. Агар бугунги кунга қадар суд тизимининг ўрта бўғинида фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича тўртта алоҳида вилоят суди мавжуд бўлган бўлса, эндиликда ушбу судлар битта суд идорасига бирлаштирилади.
Судларнинг шу тариқа умумюрисдикция судларида бирлаштирилиши фуқаролар вақтининг тежалишига, турли муаммоли вазиятлар, тушунмовчиликлар ва оворагарчиликларнинг олди олинишига олиб келади. Бундан ташқари, мазкур ташкилий ўзгариш натижасида бир-биридан фарқ қилувчи қарорлар чиқарилишига чек қўйилади ва ягона суд амалиёти шаклланади.
Мурожаатномада шунингдек, ҳуқуқий соҳага доир бошқа бир нечта вазифалар ҳам белгиланди. Булар қаторида Тадбиркорлик кодексининг ишлаб чиқилиши, коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятни янги босқичга кўтарилиши, қонунчилик ҳужжатлари ижро этилиши тизимининг такомиллаштирилиши каби чора-тадбирларни кўрсатиб ўтиш зарур.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Мурожаатномада баён қилинган ташаббуслар ва вазифлар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ривожланишнинг сифат жиҳатидан янги босқичига олиб чиқилишига хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг сўзсиз таъминланишига, жамиятимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатнинг кафолатланишига ўз хиссасини қўшади.
Баҳодир Қаюмов,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси