Бош саҳифаТаҳлилСуд мажлисларида аудиоёзувдан фойдаланиш нега зарур?

Суд мажлисларида аудиоёзувдан фойдаланиш нега зарур?

Фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва манфаатларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда судлар алоҳида аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, судларнинг ушбу вазифаларни амалга оширишида улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонуний ва асосли бўлиши ҳамда суд ишларини юритишдаги процессуал ҳужжатларнинг сифатли бўлиши муҳим рол ўйнайди. Айниқса, бу борада суд мажлиси ва суд мажлисидан ташқари амалга оширилган бошқа процессуал ҳаракатлар тўғрисида юритиладиган баённоманинг мазмуни, уни юритиш тартиби каби масалаларга эътибор бериш талаб этилади.

Суд мажлисида баённома юритишнинг аҳамияти шундан иборатки, баённома исботлаш воситаси ҳисобланиб, процесснинг барча иштирокчиларига, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширувчи юқори суд инстанцияларига қуйи суднинг ҳаракатларида процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомилларга риоя қилинганлигини, у ёки бу процессуал ҳаракатлар ва ҳужжатларнинг қонунийлигини текшириш имконини беради.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, суд муҳокамаси чоғидаги барча аҳамиятли деб ҳисоблаган ҳолатлар суд мажлиси баённомасида акс эттирилиши зарур.

Бироқ судларда иш ҳажмининг кўплиги сабабли суд мажлисларида баённома юритилишда қатор камчиликларга йўл қўйилиши кузатилмоқда. Хусусан, суд мажлиси баённомалари процессуал, имловий ва мазмун жиҳатидан жиддий хатолар билан тўлдирилмоқда. Судланувчи, жабрланувчи ва судда иштирок этувчи бошқа иштирокчиларнинг кўрсатмалари тушунарсиз, юзаки баён этилаётгани, ҳатто, судья, прокурор, адвокат томонидан берилган саволлар ҳам баённомада ўз аксини топмаётган ҳолатлар учраб турибди.

Ҳолбуки, баённома муҳим ҳужжат ҳисобланиб, унда суд мажлисидаги ҳолатлар борича акс этиши керак. Чиқариладиган суд ҳужжатларининг холис, асосли ва қонунийлигида суд мажлиси баённомаси алоҳида аҳамият касб этади.

Таъкидлаш керакки, судларда ишни кўриш вақтида аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда суд мажлисининг ёзиб олиниши судьянинг ишни кўриш бўйича масъулиятини кучайтиради ва суд процессларининг сифатини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, суд мажлиси баённомасини ўзгартириб қўйиш ёки уни йўқолиб қолиши каби салбий ҳолатларга барҳам беради, суд мажлиси котибининг иш юкламасини ҳам бирмунча енгиллаштиради, чунки суд мажлисини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш суд мажлисида бўлиб ўтган ҳодисаларни ўзида тўлиқ акс эттиради. Мутахассисларнинг фикрича, хатто тажрибали котиб ҳам суд мажлисида бўлиб ўтаётган ва иш учун муҳим бўлган барча ҳолатларни ёзиб бориш имкониятига эга бўлавермайди.

Айни пайтда жами 665 та суд заллари суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш тизими билан таъминланган. Шу билан бирга, бугунги кунга қадар жами 385 та суд заллари видеоконференцалоқа тизимлари билан таъминланган. Мазкур тизим ҳам суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш имкониятига эга.

Амалдаги қонунчиликда суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб боришнинг ихтиёрий тартиби жорий этилган.

Жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судларнинг суд мажлисини аудио ва (ёки) видеоёзувга олиш бўйича қуйидаги умумий жиҳатлари мавжуд:

 ёпиқ суд мажлисини аудио- ва видеоёзувга олишга йўл қўйилмайди.

 суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга олинган тақдирда, суд мажлиси баённомасига суд мажлисида ёзиб олиш техника воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади.

 суд процесси иштирокчиларининг суд мажлиси аудио- ёки видеоёзуви билан танишиш ҳуқуқи мавжуд.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда суд мажлислари тегишли аудиоёзиш воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлишига қарамасдан, ушбу воситалардан самарали фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ҳозирги давр талаби ҳисобланади.

Хорижий давлатларнинг қонунчилигида суд мажлисларини аудио ва (ёки) видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш тартиби суднинг қандай тоифадаги ишларни кўриб чиқишига боғлиқ равишда белгиланган. Жумладан, Испания, Греция, Словакия, Руминия, Чехия, Грузия, Украина, Молдова, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон жиноят-процессуал қонунчилигида суд мажлисини аудиоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш суд мажлисини ташкил этишнинг мажбурий шарти сифатида белгиланган.

Хусусан, Испания Жиноят-процессуал кодекси 743-моддасига кўра, оғзаки суд муҳокамалари овоз ва тасвирни ёзиб олишга имкон берадиган восита орқали ёзиб олинади. Суд мажлиси котиби ушбу ёзувлар мавжуд электрон ҳужжатнинг сақланиши учун масъул ҳисобланади.

Греция Жиноят-процессуал кодекси 143-моддасига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича суд мажлисларини аудио шаклда қайд этиш мажбурий ҳисобланади. Баённома аудиоёзуви судьянинг кўрсатмаси асосида суд мажлиси котиби томонидан юритилади. Аудиоёзувнинг жисмоний ташувчиси (рақамли диск ва кассета) аудиоёзувнинг матн шаклидаги версияси билан таққослаш мақсадида суд иши билан биргаликда сақланади. Суд мажлисининг аудиоёзуви суд мажлисининг дастлабки баённомаси матнини шакллантиради. Судья ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланган аудиоёзув матни суд мажлиси баённомасининг матни ҳисобланади.

Грузиянинг «Умумий судлар тўғрисида»ги Қонуни 131-моддасига кўра, суд суд процессининг аудио ва (ёки) видеоёзуви амалга оширилишини таъминлаш мажбуриятига эга. Суд тарафларнинг илтимосига кўра, суд процессининг аудио ва (ёки) видеоёзувидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиши лозим.

Суд томонидан суд мажлисини қисман ёки тўлиқ ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилган ҳолларда тарафлар аудио ва (ёки) видеоёзувларни ошкор этмаслик тўғрисидаги шартномани имзолашлари талаб этилади.

Шунингдек, Буюк Британия, Испания, Словакия, Чехия, Грузия, Украина, Россия ва Молдова фуқаролик процессуал қонунчилигида суд мажлисларини аудиоёзиш воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиш лозимлиги назарда тутилган.

Чехия Фуқаролик процессуал кодекси 40-моддасида суднинг тарафлар билан муносабатга киришиши, далилларни кўздан кечириши ёки ҳал қилув қарорини эълон қилиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар аудиоёзув шаклида қайд этилиши белгиланган. Қонундан назарда тутилган ҳолларда аудиоёзув амалга оширилмаганда, ушбу ҳолатлар бўйича баённома тузилади. Суд мажлисни аудиоёзув орқали қайд этиш билан биргаликда баённома тузиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколатига эга. Аудиоёзув билан баённома ўртасида зиддият келиб чиққанда, аудиоёзув устунлик мавқеига эга.

Украина Фуқаролик процессуал кодекси 247-моддасига мувофиқ, суд ишни кўриб чиқиш вақтида суд мажлисини овозни ёзиб олиш воситалари ёрдамида тўлиқ қайд этилишини таъминлайди. Тарафлардан бирининг илтимоси ёки суд ташаббуси билан суд мажлиси видео ёзиб олиш воситалари ёрдамида тўлиқ қайд этилади.

Суд мажлисини техник воситалар орқали қайд этиш суд мажлиси котиби томонидан амалга оширилади. Суд мажлисида ишнинг барча иштирокчилари мавжуд бўлмаганда ёки қонунга мувофиқ суд ишни тарафлар иштирокисиз кўриб чиққанда суд мажлиси овозни ёзиб олиш воситалари ёрдамида қайд этилмайди. Ишни кўришда иштирок этган шахс суд процессининг аудио ва (ёки) видеоёзуви нусхасини олишга ҳақли.

Сингапурда Олий суднинг «Суд қоидалари тўғрисида»ги Қонуни 11-моддасида суд мажлисида қонунчиликда назарда тутилган аудиоёзув тизимидан фойдаланилганда, аудиоёзув суд мажлисининг расмий баённомаси ҳисобланиши назарда тутилган. Аудиоёзув тизимидан фойдаланилмаган ҳолларда, суд мажлисида суд қарор қилган ҳар қандай усулда ёзиб олинган суд мажлиси жараёнининг қайдлари суд мажлисининг расмий баённомаси ҳисобланади.

Сингапурда барча суд заллари рақамли аудиоёзиш тизими (ДАРТ) билан таъминланган. Аудиоёзув материаллари зарур бўлган ҳолларда давлат судлари томонидан тайинланган «Epiq Singapore Pte Ltd» компанияси томонидан матн шаклига ўгирилади.

Суд иши бўйича тарафлар аудиоёзувнинг матн шаклини олиш юзасидан бевосита ушбу компанияга мурожаат қилишлари мумкин. Аммо аудиоёзувнинг тасдиқланган матн шаклини олиш учун судга мурожаат қилиш талаб этилади. Давлат судлари суд мажлислари бўйича аудиоёзув материаллари нусхасини тарафларга тақдим этмайди.

Бундан ташқари, Озарбойжон, Россия, Украина ва Беларусь қонунчилигида иқтисодий низолар билан боғлиқ суд мажлисларини аудиоёзиш воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш мажбурий этиб белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, суд мажлиси аудиоёзувини мажбурий олиб бориш тартибини жорий этиш, манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан суд мажлисининг аудиоёзувларини «E-XSUD» ахборот тизими орқали электрон тақдим этиш тартибини йўлга қўйиш, жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий судларни аудиоёзувларни матн шаклига ўгирадиган дастурий таъминот билан таъминлаш таклиф этилади.

Илғор хориж тажрибаси асосида суд мажлисини аудиоёзиш воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиш тартибининг такомиллаштирилиши қуйидаги ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади:

 суд процессида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш имконияти ошади;

 суд процессида йўл қўйилган хато ва камчиликларни аниқлаш осонлашади;

 суд хизматларини кўрсатиш самарадорлиги ошади;

 судья ёрдамчиларининг иш ҳажми кескин камаяди;

 процесс иштирокчилари суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви билан онлайн танишиш имконига эга бўлади;

 қоғоз бўйича судларнинг сарф-харажатлари кескин камаяди;

 мамлакатнинг суд тизими бўйича амалиёти Халқаро рейтинг ва индексларда юқори баҳоланади.

Отабек Тошев,
Зафар Эргашев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг
масъул ходимлари

 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз