Маълумки, жорий йил мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида талайгина янгилик ва ўзгаришлар юз бергани билан аҳамиятли бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 10 августда имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида 2021 йил 18 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Албатта, мазкур қонун суд-тергов фаолиятига фуқаролар манфаатига оид қулайликлар жорий қилинди. Жумладан, Жиноят кодекси “Айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиоятлар бўйича жазо тайинлаш” дея номланган янги 572-моддаси билан тўлдирилди. Унга биноан, жазонинг муддати ёки миқдори кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп (максимал) жазонинг ярмидан ошмаслиги керак. Айни ўзгариш судьяларнинг иш юкламасини камайтиришга ҳамда бошқа тоифадаги ишларни тўлиқ ва ҳолисона кўриб чиқишга замин яратади.
Шуни таъкидлаш лозимки, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув бўйича иш юритиш алоҳида тоифадаги ишлар (ЖПКнинг 621-боби) сирасига киритилган. Унга мувофиқ, иш якунига қараб, жиноят ишлари бўйича суд томонидан айблов ҳукми чиқарилади ёҳуд агар келишувни тасдиқлаш учун асослар бўлмаса, ажрим чиқарилиб, келишувни тасдиқлашни рад этади ва ишни прокурорга юборади.
Қолаверса, қонун нормалари айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувни тузиш учун бир қатор шартлар мавжуд бўлишини талаб этади. Буни назарий жиҳатдан ушбу шартларни келишувнинг ҳақиқийлиги ва қонунийлиги асослари, деб атасак ҳам бўлади. Мазкур шартлар гумонланувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан унга нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлиши, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашиши ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши, келишув гумонланувчининг, айбланувчининг илтимосномасига асосан тегишли прокурор билан тузилади, келишув фақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар тоифасига кирган қилмишларни содир этган шахслар билан тузилиши, гумонланувчи, айбланувчи қилмишнинг моҳиятини ва келишувнинг оқибатларини англаб етиши, келишув тузиш илтимосномаси ихтиёрий равишда, ҳимоячининг иштироки мажбурийлигида ва у билан маслаҳатлашгандан кейин берилган бўлиши кабилардан иборат. Ушбу мажбурий шартлардан камида биттаси мавжуд бўлмаса, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжуд бўлса ёки шахс томонидан содир этилган қилмиш Жиноят-процессуал кодексининг 5861-моддаси биринчи қисмига мувофиқ келмаса(ўта оғир жиноят, зарарни қопламаслик ва ҳоказо), айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузилмайди. Шу боис суд ўз ажрими билан ишни прокурорга юборади.
Мазкур тоифадаги ишлар алоҳида тартибда юритилаётган ишлар тоифасига кирганлиги сабабли суд томонидан кўриб чиқиш тартиби ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Процесс иштирокчилари ишни ҳал қилаётган судьядан ташқари судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), қонуний вакил, ҳимоячи ва прокурордан иборат. Суд жараёнида прокурор томонидан келишув мазмуни ўқиб эшиттирилади, судланувчининг тергов органига кўрсатган кўмаклашиши тасдиғини топганлиги тушунтирилади. Кейин эса суд томонидан шахснинг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳуқуқлари таъминланганлиги ва юқорида таҳлил қилинган 5861-моддасига мувофиқлигини (қилмишнинг жиноят оғирлиги жиҳатидан таснифи, зарарни қопланганлиги), кодекснинг мазкур моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни, судланувчи томонидан келишувни қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватламаслиги ўз тасдиғини топган-топмаганлиги (исботланганлиги) текшириб чиқилади.
Борди-ю, суд айблов ҳукми чиқарса, судланувчи ҳукм юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Суднинг келишувни тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги ажримига эса судланувчи, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар), уларнинг қонуний вакиллари, ҳимоячи томонидан хусусий шикоят берилиши ёки прокурор томонидан хусусий протест келтирилиши мумкин.
Камолиддин РАҲИМОВ,
жиноят ишлар бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси