Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонСуд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конcтруктив...

Суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конcтруктив мулоқот

Сўнгги йиллардаги улкан демократик ўзгаришлар натижасида сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасини ислоҳ қилиш борасида ҳам кўплаб амалий ишлар қилинди. Бунинг амалий самараси ўлароқ, миллий медиа маконда журналист ва блогерларнинг танқидий-таҳлилий чиқишлари кўпайиб бормоқда.

Бугунги тезкор давр, шиддатли ахборот оқими барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдига ўзларининг фаолияти шаффофлигини таъминлаш учун жамоатчиликка ўз вақтида холис, ҳаққоний ахборотларни етказиш вазифасини қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 2021 йилнинг 25 январидан 5 февралгача ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган, жумладан суд процессларини ёритишга қизиқадиган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун ўқув-машғулотлари ташкил этилган эди.

2021 йил 22 февраль куни Судьялар олий мактабида мана шу семинарнинг мантиқий давоми сифатида судьялар ва судлар матбуот котиблари учун “Суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқот” мавзусида навбатдаги бир ҳафталик ўқув-семинар бошланди.

Бундай ўқув-семинарларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш жараёнида судьялар билан оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар ўртасидаги конструктив мулоқотни самарали йўлга қўйишдир.

Қуйидаги давра суҳбатида семинар иштирокчиларининг ўқув-машғулотлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари билан батафсил танишасиз.

Азиз ОБИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи:

– Суд процессларини ёритиш, суд иши муҳокамасининг ошкоралигини таъминлаш, айниқса, мана шу жараёнда оммавий ахборот воситалари ходимлари ёки блогерларнинг иштироки масалани муҳокама қилиш зарурияти борлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Сабаби, бугун амалиётда суд процессларини ёритиш билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳам бор. Судьялар ва судлар матбуот котиблари учун ўтказилаётган бугунги семинар ўз вақтида ташкил этилган деб, ҳисоблайман.

Бугун миллий медиа маконда суд тизими ёки бевосита судья фаолияти билан боғлиқ ҳолда тарқатилаётган ахборотлар таҳлил этиладиган бўлса, минг афсуски, уларнинг барчаси ҳам холис, ҳаққоний деб бўлмайди. Лекин, очиғини айтганда, айрим судьяларимиз ҳам оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўяётганлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.

2020 йил 21 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарорида суд процессларини ёритиш тартиби батафсил белгиланган. Жумладан, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмаслиги, шу билан биргаликда суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозимлиги тўғрисидаги нормалар қатъий ўрнатилган. Лекин, шуни унутмаслик керакки, судья профессионал фаолиятини амалга оширишда унинг мустақиллигига, дахлсизлигига ҳар қандай тарзда аралашиш мумкин эмас.

Барча судьяларимиз ва судлар матбуот котиблари ушбу Пленум қарорида белгиланган қоидаларни жуда чуқур билиши керак. Шунда амалиётда учраб турган баъзи бир муаммо ва камчиликларга барҳам берилади.

Оммавий ахборот воситалари билан судьяларимизнинг самарали ҳамкорлик қилиши натижасида кенг жамоатчиликда суд ҳокимияти ва судьялар фаолияти ҳақидаги кўплаб ҳуқуқий ахборотларни ҳам тақдим этилади.

Баҳодир ХОЛМОНОВ, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси:

– Мен семинарда масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этдим. Суд ҳокимияти билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Семинарда мутахассислар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, оммавий ахборот воситалари ходимлари, айниқса, кейинги йилларда ривожланиб бораётган блогерлар ҳам суд ҳокимиятининг ўзига хос хусусиятларини яхши билиши керак деб, ҳисоблайман.

Афсуски, амалиётда журналист ёки блогерларимизнинг суд процессларида иштироки билан боғлиқ баъзи бир тушунмовчиликлар ҳам вужудга келаяпти. Яқинда Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди биносида рўй берган воқеалар билан боғлиқ видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Мана шу видеотасвирларни диққат билан кузатсангиз, унда журналистлар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмаслигини яққол кўрасиз. Мен бу фикрларим билан уларни айбламоқчи эмасман, лекин, суд процессларини ёритиш бўйича амалдаги қонунларга риоя ҳам қилишимиз шарт. Демократик ҳуқуқий давлатда, ҳар қандай очиқлик, ошкоралик фақат қонун ва маълум бир тартиб асосида амалга оширилиши лозим.

Биз биламизки, амалдаги қонунчиликка биноан фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд процессларини ёритиш бўйича алоҳида тартиб ўрнатилган. Бу ҳам бежиз эмас. Сабаби, суд ишларини ёритиш бевосита айбсизлик презумпциясига амал қилиш, инсоннинг шаъни қадр-қиммати, ишчанлик обрўси билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун, бир қатор халқаро ҳужжатларда ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида суд процессларини ёритиш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлган нормалар белгиланган.

Масалан,  Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши белгиланган. Лекин, шу модданинг ўзида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилиши тўғрисидаги нормалар ўз аксини топганлиги бежиз эмас.

Муҳтарама ТУРҒУНОВА, Тошкент шаҳар судининг судьяси:

– Дарҳақиқат, бугунги давр барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари сингари суд ҳокимиятининг фаолиятида ҳам очиқликни, шаффофликни таъминлаш заруриятини қўймоқда. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугунги семинар мавзуси судьялар ва судлар матбуот котиблари фаолияти учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу семинарда иштирок этиб, дастурга киритилган маърузалар бевосита амалиётдаги муаммолардан келиб чиққан ҳолда белгилаганини амин бўлдим. Ҳақиқатдан ҳам, судьялар ва судлар матбуот котиблари иш фаолиятида амалий аҳамият касб этадиган мавзулар бўйича маърузалар қўйилган. Семинарда тажрибали ҳуқуқшунослар, таниқли журналистлар суд ҳокимияти билан оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари, суд мажлисларини ёритишдаги процессуал тартиб-таомиллар, шу жумладан журналистларнинг суд биносига кириши, суд муҳокамаси залида ҳозир бўлиши ва суд мажлисини қайд қилишига оид қоидалар, очиқ ва ёпиқ суд мажлисларида иштирок этиш талаблари, унда фото-, видео- ва киносъемка қилиш, интернетда намойиш этишдаги чеклашлар доираси, суд жараёнларини ёритишда журналистларнинг одоб-ахлоқ қоидалари, судлар фаолиятига оид маълумотлар ва уларни олиш тартиби тўғрисида батафсил маърузалар қилишди.

Жумладан, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан  ишлаш самарадорлигини оширишда Матбуот хизматларининг ўрни ва роли”, “Суд процессларида мулоқот психологияси”, “Суд процесси иштирокчиларининг мулоқот маданияти”, “Ахборот беришнинг ҳуқуқий асослари ва журналистлар билан мулоқотда асосий қоидалар” тўғрисидаги дарс машғулотларида бу борадаги қонунчилик билан амалиёт қиёсий таҳлил этилди. Судьяларнинг ва суд матбуот котибларининг оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар билан ҳамкорлигининг ўзига хос жиҳатлари атрофлича таҳлил этилди.

Семинарда маърузачилар томонидан таъкидланган суд жараёнларини ОАВда ёритиш ҳамда ОАВ вакилларининг суд процессларидаги иштирокига оид халқаро давлатлар тажрибаси ҳам жуда керак. Ўқув-машғулотида мутахассислар томонидан АҚШ, Германия, Грузия каби давлатларининг бу борадаги тажрибаси ва қонунчилиги мазмуни таҳлил қилинди.

Баҳодир ҚАЮМОВ, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси:

Семинарнинг ўзига хос жиҳати шундан иборат бўлдики, унда фақатгина маърузалар ўқилиши билан чеклангани йўқ. Балки, судьялар ва судлар матбуот котиблари иш фаолиятида журналист, мухбир ва блогерлар билан ҳамкорлик қилишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар савоб-жавоблар асосида муҳокама қилинди. Хусусан, суд процессларини ёритиш тартиби, судьяларнинг профессионал фаолиятидаги ҳуқуқларини қонун талабларига риоя этган ҳолда таъминланиши, судьяга процесс жараёнида ёки қарор қабул қилишда ОАВ орқали босим ўтказмаслик шартлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар ҳам билдириб ўтилди.

Суд муҳокамаси ошкоралигини, фуқаролар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг судлар фаолиятига доир ахборотдан хабардорлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш керак. Бугунги кунда бу муҳим масала 10 ортиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади. “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг қандай тартибда амалга оширилиши, оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд процесслари иштирок этиши белгиланган.

Ушбу қонунларда, оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмаслиги, ўз навбатида судьялар ҳам суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиши мумкин эмаслиги, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги сингари меъёрлар ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда, семинарда мутахассислар томонидан суд тизими билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқот фақат қонун доирасида амалга оширилиши шартлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбатини Арслон ЭШМУРОДОВ тайёрлади.

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз